1445 йил 15 шаввол | 2024 йил 24 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
«Ҳилол» журнали

«Ҳилол» журналининг 1 (22)-сони ўқувчиларга тақдим этилди

15:00 / 11.01.2021 5824 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кўпчилик мухлислар кўнглидан жой эгаллаган «Ҳилол» журналининг янги – 1 (22)-сони, сиз азиз ўқувчиларга, тақдим этилди. Журналнинг доимий анъанасига содиқ қолган ҳолда бу сонида ҳам бир-биридан қизиқарли ва долзарб мавзулар ўрин олган.

Хусусан, ўқувчилар «Саҳобалар ҳаётидан» рукни остида Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг ҳаёти, «Илм дарғалари» рукнида тақдим этилган мақолада эса «Умматнинг чироғи» дея таъриф берилган мазҳаббошимиз Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ илм йўлидаги фидокорликлари ва яна бир-биридан қизиқарли мақолалар билан танишишлари баробарида илму маърифат ҳосил қилиш имконига эга бўлишади.

Журналнинг «Муҳаррир минбари» саҳифасининг ўзиёқ ҳар бир инсонга вақтнинг қадрига етиш кераклиги, вақтнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамият ҳақида эслатади. Мақолада вақтга оид ибратомуз ва ҳикматли гаплар ҳақида сўз юритилиб, муаллиф: «Бизлар-чи? Вақтни беҳуда совуришда бизга етадигани йўқ. Қанчалаб қимматли соатларимизни кераксиз валақлашлар, ғийбат-иғво мажлислари, ўйин-кулги, эсноқ-мудроқлар билан ўтказиб юборамиз. Чойхоналарда эртадан-кечгача гап сотишиб ўтирган, бекорчиликдан нарда, қарта ўйнаётган кишилар орамизда йўқ дейсизми? Ишхоналарда қимматли вақтининг қадрига етмай, осмонга қараб эснаб ўтирган, машғулот топа олмай бошқотирма ечаётган, компьютер ўйинлари билан соатларини совураётган кишилар орамизда йўқ дейсизми? Уловни кутишлар... ваъдалашган кишимизни кутишлар... кун ўтишини кутишлар... тонг отишини кутишлар... Негадир ана шу энди асло қайтиб келмайдиган бебаҳо вақтимизнинг бекор ўтаётганига ачинмайдиган бўлиб кетганмиз?», дея алам билан таъкидлаб ўтади.

Журналнинг кейинги саҳифасидаги тафсирга оид «Ислом – мукаммал дин!» мақоласи ҳам ўқишли, ҳам уқишлидир. Уни қунт билан ўқиган киши Ислом динининг мукаммал қилингани, неъматнинг батамом этиб берилгани ва Исломни дин деб рози бўлингани тўғрисидаги хабар фақат ўша замон ёки бугунги кун мусулмонлар учунгина эмас, балки бутун инсоният учун катта хурсандчилик ва башорат экани ҳақида батафсил тушунчага эга бўлади. Хусусан, унда дунёнинг тараққий этган етакчи давлатларидан бирининг асли масиҳий (христиан) бўлмиш бир илғор сиёсатчиси ўз қаноати ила мусулмон бўлгани ва Ислом ҳозирги мавжуд тузумларнинг ўрнини олиши зарурлигини таъкидлаб, «Ислом ўрин олувчи сифатида» деган китоб ёзганини гувоҳи бўласиз.

Шунингдек, журналдаги «Ҳалол ва ҳаромнинг фарқи» мақоласида қуйидаги ҳадис келтирилади:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг бошига бир замон келади, киши (молини) ҳалолданми ёки ҳаромданми – қаердан топганига парво қилмай қўяди», дедилар» (Бухорий ва Насоий ривояти).

Мазкур мақола айнан шу ҳадис шарҳига бағишланиб, унинг туб моҳияти очиб берилади.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, журналда берилган ҳар бир мақола ўзига хос ва қизиқарлидир. Ҳеч бирини шунчаки кўз югуртириб ўқиб бўлмайди. Бу эса журнал таҳририятининг ютуғидир. Шундай бўлса-да айрим чиқишларни келтириб ўтиш жоиз.

Жумладан, «Таҳорат (вузуъ) ҳақида», «Маҳр ҳақида мулоҳаза», «Истак ва нафс», «Бадр қудуғининг ҳикояси», «Мода» «Асл бахтнинг ўлчови», «Бойлик эгасини топди», «Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшилик», «Иймонимни мустаҳкамлаган иймон», «Тишни қандай парваришлаш зарур?», «Уйқудан уйғонгандаги зикрлар», «Hilol-nashr»: 2020 йил натижалари», «Ёсин – менинг ҳужжатим», «Ҳасан иккинчи масжиди» каби мақолаларни ўқиган киши бир олам билим ва маълумотларга эга бўлади.

Айниқса, «Истак ва нафс» мақоласидаги: «...Дунёга янги келганимизда яланғоч танамизни сув билан ювиб, бир парча матога ўраб қабул қилишади. Дунё билан хайрлашаётганимизда ҳам яланғоч танамизни сувда ювиб, бир парча матога ўраб кузатишади. Бу фоний дунёдан улушимиз шу бўлгач, нега унинг бойликларига бунчалик ҳарисмиз? Нега унинг матоҳларини тўплашга уринаверамиз, сира тўймай йиғаверамиз? Дунё ортда қолади, охират эса қаршимизда турибди. Шундай бўлгач, ортда қоладиган нарсага қизиқиб, муҳаббат қўйиб нима қиламиз?» каби саволлар ва Абу Лайс Самарқандийнинг: «Фазилат аҳлини ҳаддидан оширмай ҳурмат қилиш мустаҳабдир. Бирор кишини бойлигидан умид қилиб, бой бўлгани учун ҳурматлаш жоиз эмас». Чунки мол ва мато ҳеч қачон инсоннинг мукаррамлигини ва мавқеини белгилай олмайди» каби ибратли иқтибослар кишини ўйлантиради.

Мухтасар қилиб айтганда, журналнинг 2021 йилдаги биринчи сони залворли ва ранг-барангдир. Бу эса, иншааллоҳ, ўқувчида қониқиш ҳиссини уйғотиб, унинг маънавий камолотига хизмат қилади.

 

Хуршид Маъруф тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сийрат ойига туҳфа .Ҳилол, журналининг Рабиъул аввалойи учун махсус тайёрланган .Энг гўзал сийрат, сони нашрдан чиқди.Рабиъул аввал ойида анъанага айланиб давоми...

5000 11:17 / 20.10.2021
.Ҳилол, диниймаърифий, ижтимоийадабий журналининг 3сони Аллоҳ таолонинг одамзотга берган беҳисоб неъматларини эътироф этиш, уларга шукрона келтириш киши давоми...

2353 10:11 / 20.06.2019
.Ҳилол, журналининг жорий йилги май сони нашрдан чиқди. Унда сиз бирбиридан қизиқарли мақолаларни ўқишингиз мумкин.Қуйида ана шу мақолалардан қисқача парча давоми...

8911 12:30 / 31.05.2021
Ҳар йили минглаб мусулмонларимиз ҳаж ва умра ибодатларини адо этиб келишяпти. Бобомизнинг ҳикояларига қараганда, олдинги тузум даврида юртимиздан иккиуч давоми...

5356 17:09 / 15.07.2019