1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ким Аллоҳдан ўзга ила қасам ичса, гуноҳкор бўлади

23:51 / 02.12.2016 4587 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умарни бир гуруҳ отлиқлар ичида отаси ила қасам ичаётганини билиб қолдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга, огоҳ бўлинглар! Аллоҳ азза ва жалла сизларни оталарингиз ила қасам ичишдан қайтаради! Ким қасам ичадиган бўлса, Аллоҳ ила қасам ичсин, бўлмаса жим турсин, деб нидо қилдилар. Умар, Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг наҳийларини эшитганимдан буён на ўзим ўшандоқ қасам ичмадим ва на бошқанинг ўшандоқ қасамини ҳам тилимга олмадим, деди».

    Шарҳ: Жоҳилият даврида ҳаётнинг барча соҳалари издан чиқиши, ҳамма нарсада ҳақ ўрнини ботил эгаллаши маълум ва машҳур. Ушбу ҳадиси шарифдан жоҳилий жамиятда қасам ичиш ҳам йўлдан чиққанини кўриб турибмиз. Ҳар бир нарсада ота-бобоси ила фахрланишга одатланиб қолган жоҳилий кишилар улуғлаш ва эъзозлаш мақоми бўлмиш қасам ичишда ҳам Аллоҳининг ўрнига ота-боболарини ўртага қўяр эдилар.
Ислом дини барча жоҳилий қонун-қоида ва урф-одатларни тузатиб, тўғри йўлга солиб бориш жараёнида қасам ичиш борасидги хатоларни ҳам тузатди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларидан Умар розияллоҳу анҳуни бир тўп отлиқ кишилар ичида туриб ўз отаси номи ила қасам ичаётганини кўриб қолдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ношаръий ишни дарҳол тузатишга ўтдилар. Мазкур отлиқлар тўпига нидо қилиб, ота-боболар номи ила қасам ичиш Исломда ман қилинганини, мусулмон инсон Аллоҳ таолонинг номи ила қасам ичиши кераклигини, бўлмаса жим туриши лозимлигини баён қилдилар.
Шу жойга келганда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг наҳийларини эшитганимдан буён на ўзим ўшандоқ қасам ичмадим ва на бошқанинг ўшандоқ қасамини ҳам тилимга олмадим», деган гапларига алоҳида эътибор бермоғимиз керак.
Ўйлаб кўрайлик-а, саҳобаи киромлар учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир оғиз сўзлари умр бўйи оғишмай амал қилинадиган мустаҳкам қонунга айланиб қолган. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир оғиз сўзларидан кейин умрбод нафақат ўзлари ота-боболарининг номи ила қасам ичмаганлар, балки, бошқа бировларнинг ота-бобоси ила қасам ичиб гаприган гапларини ҳам тилларига олмаганлар.
Шунинг учун ҳам, ўша бахтли авлод мусулмонлари нажот топганлар, улкан мувоффақиятларга эришганлар, бутун дунёда етакчи халқ бўлганлар. Агар улар ҳам бизга ўхшаб, оят ва ҳадисларни ўқиб, эшитиб қўйиб ўз билганларини қилаверганларида, мазкур улкан натижаларга эриша олмас эдилар.
Агар бизлар ҳам буюк натижаларга эришини, дунёнинг пешқадам халқи бўлишни истасак, улуғ аждодларимиздан ўрнак олиб динимизнинг ҳар бир ҳукмига худди ўша азизларимиз каби амал қилмоғимиз лозим.
Демак, бирор нарса ила қасам ичиш ўша нарсанинг улуғлигини ўртага солиб ўз гапини тасдиқлаш, таъкидлаш, бошқаларни ишотиришга уриниш каби маънолардан иборатдир.
Мусулмон инсон учун эса, Аллоҳдан улуғ ҳеч қандай зот йўқ. Шунинг учун ҳар бир мусулмон қасам ичмоғи лозим бўлиб қолса, фақат Аллоҳ таолонинг исми ёки сифатлари билангина қасам ичиши мумкин. Бундан бошқача қасам ичган одам гуноҳкор бўлади. Чунки, у Аллоҳдан бошқа ила қасам ичиши орқали Аллоҳни қўйиб ўзгани улуғлаган бўлади.
Қасам ҳақида сўз кетганда айтиб ўтиш лозим бўлган гаплардан яна бири шулки, агар қасам Аллоҳ таоло томонидан бўладиган бўлса, У зот Ўзи хоҳлаган нарса ила қасам ичаверади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда турли нарсалар ила қасам ичган. Бу ўша нарсаларнинг Аллоҳ таоло ҳузурида эътиборли эканлигини кўрсатиш, сиз билан биз бандаларнинг эҳтимомимизни мазкур нарсаларга тортишга ўхшаш мақсадларда қилингандир.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан ким қасам ичса-ю, ўз қасамида, Лот ила қасам, Узза ила қасам, деса, «Лаа илаҳа иллаллоҳ», десин. Ким ўз соҳибига, кел, сен ила қимор ўйнайман, деса, садақа қилсин», дедилар».
Шарҳ: Лот ва Уззалар араб мушрикларининг катта бутларидан иккитасининг номи бўлиб, мушриклар асосан, валлоти, валузза, деб ушбу икки бут номи ила қасам ичар эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифлари ила бу нотўғи ишга чек қўйдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига кўра, ким тили ўрганиб қолиб, эсида йўқ мазкур бутларнинг номларини тилга олиб қасам сўзларини айтиб юборса, унинг каффоротига, «Лаа илаҳа иллаллоҳ»ни айтмоғи лозим бўлар экан.
Аллоҳ кўрсатмасин, мабодо биров мазкур ботил қасамни эътиқод ила айтса, «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни айтиб иймонини янгилаши лозим бўлади.
Шунингдек, баъзи бир кишилар мусулмон инсонга тўғри келмайдиган бошқа ибораларни, мисол учун, ўз соҳибига, кел, сен ила қимор ўйнайман, деб юбориши ҳам мумкин. Ундоқ пайитда гуноҳни ювиш учун садақа беришларига тўғри келади.

 Собит ибн Заҳҳок розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Ислом миллатидан бошқа нарса ила қасам ичса, у ўзи айтганидекдир. Ким бир нарса билан ўзини ўзи ўлдирса, ўша нарса билан жаҳаннам оловида азобланади. Мўминни лаънатлаш, худди уни қатл этган кабидир. Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, худди уни қатл этган билан баробардир», дедилар».
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида тўртта муҳим ва ҳар бир мўмин-мусулмон жуда эҳтиёт бўлиши лозим масалани зикр қилмоқдалар:
1. «Ким Ислом миллатидан бошқа нарса ила қасам ичса, у ўзи айтганидекдир».
Бошқа ривоятларда баён қилинишича, ким, агар фалон ишни қилсам, яҳудий бўлай, деса, яҳудий бўлади. Ёки, агар фалон ишни қилмасам, насроний бўлай, деса, насроний бўлади. Мазкур мункар ишни қилган одамнинг бу тасарруфи куфрдан иборатдир. Шунинг учун ҳар ҳеч бир мусулмон банда юқоридагига ўхшаш гапларни зинҳор ва зинҳор тилга олмаслиги керак.
2. «Ким бир нарса билан ўзини ўзи ўлдирса, ўша нарса билан жаҳаннам оловида азобланади».
Бу масалага тегишли ҳукмларни «Ҳаддлар китоби»да муфассал ўрганиб чиққанмиз. Ким ўз жонига қасд қилса, худди ўзганинг жонига қасд қилгандек гуноҳкор бўлади. Чунки, жонни унга Аллоҳ таоло берган, шунинг учун ҳам жон баданинг эмас, Аллоҳ таолонинг мулки ҳисобланади. Ўзини ўзи ўлдирган одам Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиққан нобакор сифатида охиратда қаттиқ азобларга гирифтор бўлади. Жумладан, у ўзини бу дунёда нима билан, қандоқ қилиб ўлдирган бўлса, жаҳаннамда ҳам ўзини, худди ўша нарса билан, худди ўшандоқ қилиб қайта-қайта ўлдириб туради.
3. «Мўминни лаънатлаш худди уни қатл этган кабидир».
Зотан, лаънатнинг луғавий маъноси, Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишдир. Демак, ким бировга лаънат айтса, уни Аллоҳ таолонинг раҳматидан узоқ бўлишини тилаган бўлади. Мўминлик эса, Аллоҳ таолодан бандага берилган энг улуғ неъматдир-раҳматдир. Шунга биноан, ким мўмин инсонни лаънатлаган бўлса, уни Аллоҳ таолонинг раҳматидан узоқ бўлишини, иймонидан ажрашини тилаган бўлади. Бу эса, мўминни қатл этгандан бадтардир.
4. «Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, худди уни қатл этган билан баробардир».
Кофирлик ҳар бир мўмин одам учун дунёдаги энг катта бадбахтликдир Иймон ҳаловатини татиб кўран инсон учун кофирликка қайтиш ўлимдан ҳам оғир мусибатдир. Шунинг учун ҳам, мўмин инсонни кофирга чиқарган, фалончи кофир, пистончи куфур кетди, каби гапларни айтган одам худди ўша мўминни ўлдирган каби иш қилган бўлади. Чунки, аввал айтиб ўтганимиздек, кофирлик мўмин киши учун ўлимдан бадтардир.
Лекин, минг афсуслар бўлсинким, ичимизда дарди-ҳасрати, қиладиган машғулоти мўмин-мусулмонларни кофирга чиқариш бўлиб қолганларимиз ҳам бор. Улар ўзларига одамларнинг кофир-мўминлигини ажратувчи тафтишчи сифатини бериб олганлар. Диндорлик ғурурига кетган мазкур шахслар бўлган-бўлмаган нарсага, фалончи кофир, пистончи мушрик, писмадончи мунофиқ, деб фатво чиқариш билан оворалар.
Ана ўша кишилар мўмин-мусулмонлар орасида турли гаплар чиқишига, ҳар хил фитна-фасод қўзғалишига, орага совуқлик тушишига ва бошқа кўпгина муаммоларга сабаб бўладилар.
Ана ўшандоқ «фатвочи» биродарлар ўзларининг бу қилаётган ишлари динимиз таълимотларига мутлақо зид эканини тушуниб етмоқлари ва мазкур қабиҳ одатларини ташламоқлари лозим.

 Ибн Умар розияллоҳу анҳу бир кишининг, Йўқ! Каъба ила қасамки! деб қасам ичаётганини эшитиб қолиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким Аллоҳдан ўзга ила қасам ичса, батаҳқиқ ширк келтирибди», деганларини эшитдим», деди». Абу Довуд, Термизий ва Аҳмад ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам умумий маънони таъкидлаб келмоҳда. Каъбаи муаззама – Аллоҳ таолонинг уйи, диний нуқтаи назардан жуда ҳам улуғ нарса ҳисобланади. Лекин шундоқ бўлса ҳам, фақат Аллоҳ таолонинг номи илагина қасам ичиш мумкинлигидан, бошқа ҳеч нарса ила қасам ичиб бўлмаслигидан, Каъбаи муззамадек улуғ нарса билан ҳам қасам ичиб бўлмайди. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Ким Аллоҳдан ўзга ила қасам ичса, батаҳқиқ ширк келтирибди», деган ҳадислари умумий қоидадир. Албатта, ким Аллоҳ таолодан ўзгани улуғлаш ниятида, билиб туриб ўша нарса ила қасам ичса диндан чиқиб, мушрик бўлиши турган гап. Аммо, билмасдан тили кетиб қолса, макруҳ ишни қилган бўлади. Ундоқ одам дарҳол истиғфор айтиб, мазкур ишни қайтармаслиги лозим бўлади.

 Бурайдадан, у ўз отасидан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қасам ичиб, мен Исломдан воз кечдим деса-ю, ёлғончи бўлса, у ўзи айтгандек бўлади. Агар у ўз гапида ростгўй бўлса ҳеч қачон Исломга саломат қайта олмайди», дедилар». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Демак, қасам ичиб туриб турли бўлган-бўлмаган гап-сўзларни айтиб бўлмайди. Агар биров қасам ичиб туриб ёлғондан, мен Исломдан воз кечдим, деса ёки шунга ўхшаш бошқа гапларни айтса, муқаддас нарсани ўйин қилганининг жазосига ёлғонни ростга чиқарилиб, Исломдан чиққан ҳисобланади. Агар Аллоҳ кўрсатмасин, мазкур одам ўзиниг ўша машъум қасамида ростгўй бўлса, диндан бутунлай чиқиб муртадга айланган бўлади, унинг энди Исломга саломат қайтиши мумкин бўлмай қолади. Шунинг учун ҳам, бу масалада ниҳоятда ҳушёр бўлмоқ керак, тилни тийиб, айтиладиган ҳар бир сўзнинг оқибатини ўйлаб гапириш лозим.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ тоқ бўлгани ва тоқни яхши кўргани учун ҳам, Унинг гўзал исмлари тўқсон тўққизта бўлган. Ким ўша тўқсон тўққиз исмни ёд олса, жаннатга киради. Чунки бу гўзал давоми...

4004 13:30 / 15.03.2021
Шафоат Қуръони Карим ва ҳадиси шариф ила собит бўлган ёрқин ҳақиқатдир. У ақлан жоиз ва шаръан вожиб нарсадир. Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби шунга иттифоқ қилгандир. давоми...

1413 19:00 / 14.08.2023
Мўминмусулмон киши қиёмат куни тарози бўлишига ва унда ҳар бир одамнинг бу дунёда қилган амаллари ўта аниқлик билан тортилишига жазм ила эътиқод қилмоғи лозим. давоми...

1701 19:00 / 24.07.2023
Имом Aбдуллоҳ ибн Aлавий Ҳаддод ваф. 1132 ўзининг .Найлулмаром шарҳу ақийдатулИслом, асарида шундай дейди.Билингки, Ашъарийларнинг эътиқоддаги мазҳаби ислом давоми...

1953 14:00 / 22.08.2021
Аудиолар

118735 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40699 14:35 / 11.08.2021