1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Ота онага вафотидан сўнг яхшилик қилиш (тўртинчи мақола)

15:00 / 24.12.2020 1872 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ ثَابِتٍ الْبُنَانِيِّ قَالَ: بَلَغَنَا أَنَّ عُمَرَ بْنَ الْخَطَّابِ قَالَ: مَنْ أَحَبَّ أَنْ يَصِلَ أَبَاهُ فِي قَبْرِهِ فَلِيَصِلْ إِخْوَانَ أَبِيهِ بَعْدَهُ. رَوَاهُ حُسَيْنٌ الْمَرْوَزِيُّ.

Собит Бунонийдан ривоят қилинади:

«Бизга Умар ибн Хаттобнинг «Ким отасига унинг қабрида силаи раҳм қилишни истаса, отасининг ака‑укаларига силаи раҳм қилсин», дегани етиб келган».

Ҳусайн Марвазий ривоят қилган.

Қаранг, ота‑онанинг ҳаққи фарзандларда улар дунёдан ўтиб кетганларидан кейин ҳам қолар экан. Фарзанд қабрида ётган отасига ҳам яхшилик қилиши мумкин экан. Бунинг учун у отасининг ака‑укаларига яхшилик қилиши етарли экан.

Фарзанднинг ота‑онага уларнинг вафотларидан кейин яхшилик бўладиган, ортларидан савоб етказадиган ва руҳларини шод қиладиган ишлардан яна бири уларга атаб садақа қилишдир.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا مَاتَ الْعَبْدُ انْقَطَعَ عَنْهُ عَمَلُهُ إِلَّا مِنْ ثَلَاثٍ: صَدَقَةٍ جَارِيَةٍ، أَوْ عِلْمٍ يُنْتَفَعُ بِهِ، أَوْ وَلَدٍ صَالِحٍ يَدْعُو لَهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар банда вафот этса, унинг амаллари кесилади. Лекин садақаи жория, манфаат олинадиган илм ва унга дуо қиладиган солиҳ фарзанддан кесилмайди», – дедилар».

Бухорий «Адаб»да ривоят қилган.

Яъни, садақаи жория (оқиб турувчи садақа) – Аллоҳ ризолиги учун қурилган, кўпчиликка хизмат қилувчи масжид, мадраса, кўприк, йўл каби нарсалар, жамият манфаати учун ёзиб қолдирилган илмий асарлар ва ўзидан кейин хайр-дуода бўлувчи солиҳ фарзанд қолдирган бўлса, ана шулар воситасидаги савоб инсоннинг вафотидан кейин ҳам давом этади.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: تُوُفِّيَتْ أُمُّ سَعْدِ بْنِ عُبَادَةَ وَهُوَ غَائِبٌ عَنْهَا، فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ أُمِّي تُوُفِّيَتْ وَأَنَا غَائِبٌ عَنْهَا، أَيَنْفَعُهَا شَيْءٌ إِنْ تَصَدَّقْتُ بِهِ عَنْهَا؟ قَالَ: نَعَمْ، قَالَ: فَإِنِّي أُشْهِدُكَ أَنَّ حَائِطِي الْمِخْرَافَ صَدَقَةٌ عَنْهَا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Саъд ибн Убоданинг онаси у ғойиблигида вафот этди. Бас, у:

«Эй Аллоҳнинг Расули, онам менинг ғойиблигимда вафот этди. Агар унинг номидан бирор нарса садақа қилсам, унга манфаати бўладими?» деди.

«Ҳа», дедилар у зот.

«Сизни гувоҳ қилиб айтаманки, мевали боғим унга садақа бўлсин», деди».

Бухорий, Термизий, Насаий ривоят қилганлар.

Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу ўзларининг мевали боғларини оналарига садақа сифатида вақф қилиб қўйдилар. Ўша боғнинг меваси ёки ундан тушган фойда муҳтож кишиларга бериладиган, савоб эса Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳунинг оналарига бориб турадиган бўлди. Мусулмонлар шунга ўхшаш ишлари ила дунёда шуҳрат топганлар. Кейинчалик, ўтганларга атаб тирикларга фойда бериб турадиган вақфлар қилиш кенг тарзда йўлга қўйилган. Бора-бора ҳайвонларга аталган вақфлар ҳам тарқалган. Ўша вақфлардан тирик жон борки, фойда олса, савоби ўлганлардан кимга аталса, ўшанга бориб турган.

Ҳозирги мусулмонлар ҳам бу ишни қилишда давом этмоқдалар. Бизда ҳам қариндош-уруғ, таниш-билиш, маҳалла-кўйга, муҳтожларга фойда берадиган турар жойни яхшилаш, кийим бошни бут қилиш, баъзи тўловларни тўлашда ёрдам каби садақаи жория бўладиган ишларни қиладиганлар кўпайиб бормоқда. Бу ишни яна ҳам ривожлантириб боришимиз лозим.

عَنْ سَعْدِ بْنِ عُبَادَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ أُمَّ سَعْدٍ مَاتَتْ، فَأَيُّ الصَّدَقَةِ أَفْضَلُ؟ قَالَ: الْمَاءُ، قَالَ: فَحَفَرَ بِئْرًا وَقَالَ هَذِهِ لِأُمِّ سَعْدٍ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ وَالنَّسَائِيُّ وَزَادَ: فَتِلْكَ سِقَايَةُ سَعْد بِالْمَدِينَةِ.

Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Саъднинг онаси вафот этди. Қайси садақа афзал?» деди.

«Сув», дедилар.

У бир қудуқ қазиди ва:

«Мана шу Саъднинг онаси учун», деди».

Абу Довуд, Аҳмад ва Насаий ривоят қилганлар.

Насаий:

«Ўша Саъднинг Мадинадаги сувхонасидир» жумласини зиёда қилган.

Демак, кўпчилик мусулмонларга доимий равишда манфаат бериб турадиган хайрли ишлар энг яхши садақа ҳисобланар экан.

Афсуски, баъзи юртларда садақа деганда фақат қозон осиб, таом пишириш тушуниладиган бўлиб қолган. Бу очликдан қийналаётган кишилар бор жойда бир марта бўлса ҳам, қорнини тўйдира олмай юрганлар учун яхши садақа бўлади. Аммо, шароитга қаралса, оддий, ночор, ёрдамга муҳтож мусулмонларга кўпроқ манфаат берадиган амал қилинса, садақанинг савоби кўп бўлади. Буни ҳал қилишнинг энг яхши йўли Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳунинг тутган йўлларидир.

Аҳли сунна ва жамоа уламолари жумҳури: «Маййит ўзидан бошқанинг амалидан манфаат олади», деганлар. Улар қуйидагиларни айтадилар:

«Ким: «Инсон фақат ўзининг амалидангина манфаат олади», деса, ижмоъни бузган бўлади. Бу гап бир неча важҳдан ботилдир:

1. Инсон ўзидан бошқанинг дуосидан манфаат олади. Дуо ҳам бошқанинг амалидир.

2. Пайғамбар алайҳиссалом маҳшар аҳлига – аҳли жаннатга жаннатга киришларига, гуноҳи кабира аҳлига дўзахдан чиқиб, жаннатга киришларига шафоат берадилар.

3. Фаришталар ер аҳлига дуо қиладилар ва истиғфор айтадилар.

4. Мўминларнинг болалари ота‑оналарининг амаллари ила жаннатга кирадилар.

5. Икки етим бола отасининг амалидан манфаат олган. Қуръонда: «оталари солиҳ бўлган эди», дейилган.

6. Маййитнинг садақа ва қул озод қилишдан манфаат олиши суннат ва ижмоъ билан собит бўлган.

7. Маййит қарздор бўлса, ўлганидан кейин унинг қарзи берилса, қарзи узилади. Бу валийсининг амалидир.

8. Набий алайҳиссалом Нажошийга намоз ўқиганлар.

Бу масаладаги тортишувда, асосан, таассуф устун келади. Зотан, барча тортишувларда ҳам шундай бўлади ва натижада икки томон ҳам асл мақсаддан узоқлашиб кетади. Аслида эса, тушунса бўладиган иш.

Маййитнинг ортидан қилинадиган хайр-эҳсон, дуо ва бошқа ишлар шариатнинг асосини ташкил этмайди. Аксинча, булар бир қўшимча нарсалар бўлиб, асосини ҳар бир одамнинг ўзи қилган амали ташкил этади.

Шунинг учун ўлгандан кейин бошқанинг амалидан манфаат тегар экан, деган ўй билан бу дунёда шариатга амал қилмай юравериш мутлақо нотўғридир. Ҳатто баъзи жойларда йилига бир марта худойи қилиб қўйишни «дин» деб тушунадиганлар ҳам бор.

Жумҳур уламолар «Маййитга ўзганинг амали манфаат беради», деган ҳукмни хаёлан топиб айтган эмаслар, балки оят ва ҳадисларга суяниб, уларни ҳужжат қилиб айтганлар. Шунинг учун бу нарсани тўғри тушуниш ва унга тўғри амал қилиш керак».

(Тамом)

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Талоқ тўғрисидаги маълумотларни талоқдан сақланиш чоралари сифатда ўрганиш лозим. Уларни яхши билган кишилар талоққа сира яқинлашмасликлари, ҳаттоки, у ҳақда давоми...

1171 09:00 / 05.08.2023
Ҳозирги кунимизда соғлиқни сақлаш, хасталикка чалинмаслик учун бадантарбия қанчалик аҳамиятли эканини ҳамма тушуниб етган. Каттаю кичик, иложи борича, давоми...

1992 11:20 / 30.04.2020
Ҳозирги кунда ҳаётнинг ndash умргузаронликнинг кўп соҳаларида инсоний алоқалар ниҳоятда издан чиқиб кетган ва бу нарса озайиш ўрнига тобора кўпайиб бораётганлиги давоми...

2581 17:30 / 30.07.2019
Авваллари бу савол ўртага ташланмаган, чунки никоҳ тўйи кимнинг зиммасида эканини ҳамма яхши билган ва унга амал қилган. Ҳозир ҳам кўпчилик жамиятларда, ҳатто давоми...

4504 14:00 / 23.02.2019