1445 йил 22 шаввол | 2024 йил 01 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Отаси силаи раҳм қилган одамга яхшилик қилиш

05:00 / 03.03.2017 2503 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Умардан ривоят қилинади:
«Сафарда бир аъробий ўтди. Ўша аъробийнинг отаси Умар розияллоҳу анҳунинг дўсти бўлган эди. Аъробий:
«Фалончининг ўғлимисан?» – деди.
«Ҳа», – деди Ибн Умар ва орқасидан эргаштириб юрадиган эшакни беришга амр қилди. Бошидан салласини ечиб унга берди. Шунда у билан бирга турганлардан бири:
«Унга икки дирҳам кифоя қилмасмиди?!» – деди.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Отангнинг дўстлигини муҳофаза қил. Уни кесма. Тағин, Аллоҳ нурингни сўндириб қўймасин», деганлар», – деди Ибн Умар».


Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу сафарда кетаётиб бир аъробий–саҳролик арабни учратиб қолибдилар.

Аъробийлар саводсизлиги, соддалиги, муомалалари бироз қўполроқ бўлиши билан танилганлар. Ўша аъробийнинг отаси ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг дўсти бўлган экан. 

Аъробий Ибн Умарга қараб: «Сен Умарнинг ўғлимисан?»–дебди. 

«Ҳа, мен Умарнинг ўғлиман»,–дебдилар Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ва унга бир эшак совға қилишга амр қилибдилар. Сўнгра, яна бошларидаги саллаларини ҳам ечиб, унга кийдириб қўйибдилар. 

Шунда Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ҳамсафарларидан баъзилари: «Бунга бир-икки дирҳам бериб қўйсангиз ҳам бўларди»,–дейишибди. 

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Отангнинг дўстлигини муҳофаза қилгин, сақлагин, уни кесмагин, кессанг, Аллоҳ таоло нурингни сўндириб қўяди», деганларини эшитганман. Шунинг учун бу одам икки дирҳамга лойиқ бўлса ҳам, эшак миндириб, салламни кийдирдим»– дебдилар. 

Бошқа ривоятларда ҳамсафарлари: «Бу киши оз нарса билан ҳам хурсанд бўлаверарди», десалар, «Унинг отаси отамнинг дўсти эди, шунинг учун эҳтиром қиляпман, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шунга амр қилганлар», деганлари айтилган. 

Демак, фарзанд ота-онасига улар вафот этиб кетгандан кейин ҳам яхшилик қиламан, деса, ота-онаси дўст тутган кишиларни дўст тутиб, уларга яхшилик қилиб, Ибн Умар розияллоҳу анҳу улов миндириб, кийим берганлари каби ишларни қилиб бориши керак бўлади.


Ибн Умардан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Яхшиликларнинг яхшиси кишининг отаси яхши кўрган одамларга силаи раҳм қилишидир», – дедилар». 

Шарҳ: Бу ривоят ҳам ўзидан олдинги ривоятни таъкидлаб келади. Бу ҳадисдан ўғил ёки қиз фарзанд ота-онаси вафот этиб кетгандан кейин ҳам уларнинг ҳурматини қилмоқчи бўлса, улар дўст тутган кишиларини ота-онасини ҳурмат қилгандек ҳурмат қилиб, уларга моддий ёрдам, хайр-эҳсонлар ва бошқа яхшиликлар қилиб туриши кераклигини билиб оламиз. 


ОТАНГГА СИЛА ҚИЛГАННИ КЕСМА – НУРИНГ СЎНАДИ 



Саъд ибн Ибодуз Зароқийдан, у отасидан ривоят қилинади:

«Мадийна масжидида Амр ибн Усмон билан ўтирган эдим. Олдимиздан Абдуллоҳ ибн Салом акасининг ўғлига суяниб ўтиб қолди. Мажлисга етиб келганда, бурилиб қаради ва уларга қараб туриб:

«Нима истайсан, Амр ибн Усмон?! – деб икки ёки уч марта айтди ва: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаққ ила юборган Зот ила қасамки, Аллоҳ азза ва жалланинг китобида икки марта «Отангга яхшилик қилганни узма, ўша ила нуринг сўниб қолмасин», дейилган», – деди». 

Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳунинг миллати яҳудий бўлиб, Исломга кирган, ниҳоятда яхши бўлган улкан саҳобийлардан биридир. Бу ривоятдаги ҳолат у киши ўта қариб қолган чоғлари экан. Жиянлари у кишини суяб йўлда олиб кетаётган экан. 

Мазкур мажлисга етганда уларга бир қайрилиб қараб: «Амр ибн Усмонмисан? Нимани истайсан?» деб бир неча марта сўрабдилар. Сўнгра, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаққ ила Расул қилиб юборган Зотга қасамки, Аллоҳ таолонинг китобида икки марта «Отанг боғлаган алоқани кесмагин, акс ҳолда нуринг сўнади», деган гап бор, деган эканлар. 

Албатта, бундай гап айнан шу шаклда Қуръони Каримда келмаган. Лекин саҳобалар истилоҳида Исломий ҳақийқат бўлиб қолган ҳадис, оятларнинг маъносидан келиб чиққан қоидаларни ана шундай тарзда–«Аллоҳнинг китобида бор» деб айтиш одат бўлиб қолган. 

Демак, бу ерда ҳам фарзанд ўз ота-онаси боғлаб юрган алоқаларни улар ўтиб кетгандан кейин узмасдан, ота-онасининг ўрнига алоқаларни сақлаб, ота-онасига яхшилик қилиб юрган кишиларга яхшиликни давом эттиришлари керак, акс ҳолда, Аллоҳ сақласин, юқорида айтилганидек, нури сўниб қолиши таъкидланган. 


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

“Ал-Адаб ал-Муфрад” китобидан



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бия сутининг ачитилгани қимиз дейилади. Қимиз таркибида инсон танасига енгил сингийдиган оқсиллар бор. Бир литр қимиз ичган киши танаси йигирма грамм оқсил билан давоми...

8869 05:00 / 01.03.2017
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Хамрдан четда бўлинглар Чунки, у ифлосликларнинг онасидир. Сизлардан олдин ўтганлардан бир киши бор эди. Бир бузуқ аёл давоми...

2890 05:00 / 02.03.2017
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бирингиз шошилмаса, дуоси албатта қабул бўлади. .Дуо қилдим, лекин ижобат бўлмади,, дейди,, ndash давоми...

3491 05:00 / 03.03.2017
Ражаб ойи Аллоҳ таоло Қуръони Каримда хабар берган тўрт ҳаром ойнинг биттасидир. Бу ойларда қабилалар ўртасида уруш, йўлтўсарлик, қон тўкиш каби тажовузкорлик давоми...

6538 21:00 / 11 январь