1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Олимларни ҳурмат қилиш

08:00 / 02.12.2020 2070 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муқотил ибн Солиҳ Хуросоний айтади: «Ҳаммод ибн Саламанинг олдига кирдим. Уйида бўйрадан бошқа нарса йўқ эди. Ҳаммод ўша бўйранинг устида ўтириб мусҳаф ўқир эди. Ёнида бир меш билан таҳорат қиладиган идиши ҳам бор эди. Ҳаммоднинг олдида ўтирсам, бир киши эшик қоқиб келди. Ҳаммод хизматкорига «Чиқ-чи, ким экан?» деди. У қайтиб келиб, «Муҳаммад ибн Сулаймоннинг элчиси экан», деди. Ҳаммод хизматкорга «Унинг ёлғиз ўзи кирсин», деди. Элчи ичкарига кириб, бир хатни тутқазди. Унда шундай ёзилган эди: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Муҳаммад ибн Сулаймондан Ҳаммод ибн Саламага. Аммо баъд: Аллоҳ сизни Ўз тоатидаги кишилар ва Ўзининг дўстлари қаторида қилсин. Бизда бир масала чиқиб қолди. Олдимизга келсангиз, уни сўраб олардик. Вассалом».

Ҳаммод хизматкорига сиёҳдон олиб келишини буюрди. Сўнг менга: «Мактубнинг орқасига ёз» деб, айтиб турди: «Аммо баъд: Аллоҳ сизни ҳам Ўз тоатидаги кишилар ва Ўзининг дўстлари қаторида қилсин. Биз олимлар бирор кишининг олдига бормаймиз. Бизга маълумки, олимлар бирон кишининг олдига бормаганлар. Агар сенда масала туғилиб қолган бўлса, олдимизга келиб, шу ерда сўра. Фақат бир ўзинг кел. Менинг олдимга соқчиларинг билан келма! Айтганимдай қилмасанг, маслаҳат бермайман! Вассалом».

Бироздан сўнг яна эшик тақиллади. У хизматкорига чиқиб, кимлигини билиб келишни буюрди. У Муҳаммад ибн Сулаймон келганини айтди. Ҳаммод хизматкорга «Ёлғиз ўзи кирсин», деди. У кириб, салом берди-да, унинг қаршисига ўтирди. Сўнг: «Менга нима бўлдики, сизга қарасам, жуда қўрқиб кетаман?» деди. Ҳаммод шундай деди: «Собит Бунонийдан эшитганман, у Анас ибн Моликдан эшитган. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитган экан: «Олим ўз илми билан Аллоҳ азза ва жалланинг розилигини ирода қилса, ундан ҳамма нарса қўрқади. Лекин у билан бойлик тўплашни ирода қилса, ўзи ҳамма нарсадан қўрқади».

Муҳаммад ибн Сулаймон деди: «Мана бу қирқ минг дирҳамни олинг, кам-кўстингизга ёрдам бўлар». Ҳаммод: «Уни кимдан зулм қилиб олган бўлсанг, ўшаларга қайтар», деди. У: «Аллоҳга қасамки, менга мерос бўлиб қолганидан беряпман», деган эди, Ҳаммод: «Менинг бунга эҳтиёжим йўқ. Кўзимдан йўқот. Аллоҳ гуноҳларингни яширсин», деди. Муҳаммад ибн Сулаймон: «Ўзингизга олмасангиз, тақсимлаб берарсиз», деди. Ҳаммод: «Мен уни тақсимлашда адолат қилсам, ундан насибадор бўлмаганлар, яъни улуш олмаганлар «Адолат қилмади», дейишади. Кўзимдан йўқот. Аллоҳ айбларингни яширсин», деди».

«Солиҳлар гулшани» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Икки аёл сафарга чиқди. Икковининг ҳам ёш боласи бор эди. Йўлда уларга бўри ҳужум қилиб, болаларнинг бирини еб қўйди. Икки аёл омон қолган битта болани талашиб давоми...

2031 09:01 / 18.08.2019
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар .Аллоҳ азза ва жалла .Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, давоми...

3272 17:30 / 24.04.2020
Али ибн Зайд ибн Жудъон ҳикоя қилади .Ансорийлардан бирининг ўлим соати яқинлашди. У ўғлига шундай васият қилди .Ўғлим Сенга бир васиятим бор, уни ҳар доим ёдингда давоми...

2873 08:50 / 23.04.2019
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади Мўмин оқкўнгил ва олийжаноб инсондир. Фожир эса маккор ва разилкимсадирrdquo давоми...

6429 18:45 / 10.04.2019
Аудиолар

211041 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130301 14:35 / 11.08.2021