1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қуръонни ўрганиш ва ўргатиш 17-боб

17:00 / 29.11.2020 2255 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: Қуръон ўқий оладиган киши баъзи вақтларда ўқишни ташлаб қўйиши дуруст эмас. Қанча кўп ўқиса, афзалдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Инсонларнинг энг афзали ечилиб кўчувчидир», дедилар.

«Ечилиб кўчувчи ким?» деб сўрашди.

«Бир бошлаганда тугатувчи Қуръон соҳибидир. Худди эчганда кетиб қоладигандек, бошласа тугатади. Қуръон ўқий оладиган киши бир йилда икки марта уни хатм қилиш лозим, агар кўпроқ ўқишга қодир бўлмаса», дедилар Набий. 

Ҳасан ибн Зиёд Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилади:

«Бир йилда икки марта Қуръонни хатм қилган киши унинг ҳаққини адо этибди, чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган йили Жаброил алайҳиссаломга уни икки марта ўқиб берган эдилар.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга умматимнинг ажр-савоби кўрсатилди, ҳаттоки инсон масжиддан чиқариб ташлаган хаснинг савоби ҳам. Лекин мен Қуръон ўқишдан улуғроқ яхшиликни кўрмадим. Менга умматимнинг гуноҳлари кўрсатилди, киши ёд олгандан сўнг эсидан чиқарган оят ёки суранинг гуноҳидан каттароқ гуноҳни кўрмадим», дедилар.

Абу Абдураҳмон Суламий Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан, у зот Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: «Сизларнинг энг яхшингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатганингиздир». Абдураҳмон: «Мана шу ҳадис мени шу жойга ўтқизди», дедилар, яъни инсонларга таълим бериш учун ўтирганларини назарда тутдилар. Зеро, у киши Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларнинг муаллими эдилар».

Зуннун Мисрий айтадилар: «Мен масжидга кирганимда:

عَالِيَهُمْ ثِيَابُ سُندُسٍ خُضْرٌ وَإِسْتَبْرَقٌ وَحُلُّوا أَسَاوِرَ مِن فِضَّةٍ وَسَقَاهُمْ رَبُّهُمْ شَرَابًا طَهُورًا۝

 «Уларнинг устларида яшил ипак ва шойи либослар бўлиб, улар кумуш билакузуклар билан безангандирлар ва Парвардигорлари уларни ниҳоятда покиза шароб-ла суғоргандир»(Инсон сураси, 21-оят), оятини ўқиётган кишини кўрдим, у оятни такрор-такрор ўқир ва оғзи билан худди бир нарса ичаётгандай тамшанар эди. Мен унга: «Эй, сен бир нарсани ичяпсанми ёки ўқияпсанми?» дедим. У: «Баттол, мен ичганда топадиган лаззат ва ҳаловатни уни ўқишдан топяпман», деди».

Хабарларда келишича, Исрофил алайҳиссолату вассаломнинг ёқимли овози бордир. Агар у Қуръон ўқимоқчи бўлса, фаришталар уни тинглаш учун ибодатни тўхтатишади.

Довуд алайҳиссалломнинг чиройли овозлари бор эди. Агар Забурни ўқисалар, сув музлаб, қушлар ҳавода, ҳайвонлар ва ваҳшийлар ерда тўхтаб қотиб қолар эди. Йиртқичлар чорва ҳайвонларига аралашиб кетарди. У зотдан ўша хато зоҳир бўлгандан сўнг, овозларидаги ҳаловат олиб қўйилди. У зот: «Эй Раббим, овозимга нима қилдинг?» дедилар. Аллоҳ азза ва жалла ваҳий қилиб айтдики: «Сен Бизга, Биз сенга бердик ва сен Бизга осийлик қилганингдан кейин эътиборсиз ташлаб қўйдик, агар олдингидек эрта турганингда, сени қабул қилардик».

Қиёмат кунида Исрофил алайҳиссаломга Қуръон ўқиш амр қилинади ва Довуд алайҳиссаллом ҳам ўқиш буюрилади. Ҳазрати Довуд: «Эй Раббим, менинг овозим қани?» дейдилар. Шунда: «Сенга овозинг қайтарилди», дейилади. У зотга овозлари қайтариб берилади, сўнг ҳужралардан ҳурларнинг овози эшитилади, у овозларни ҳеч ким ҳеч қачон эшитмаган. Аллоҳ азза ва жалла: «Ёқимли овозларни эшитганмисизлар?» деб айтади. 

Шунда ҳижоб кўтарилади ва Аллоҳ уларга: «Сизларга саломлар бўлсин», дейди. Бу Аллоҳ таолонинг: 

تَحِيَّتُهُمْ يَوْمَ يَلْقَوْنَهُ سَلَامٌ وَأَعَدَّ لَهُمْ أَجْرًا كَرِيمًا۝

«(Мўминлар Аллоҳга) рўбарў бўладиган кунда уларга (Аллоҳ томонидан йўлланадиган) салом тинчлик-омонлик тилаш бўлур. (Аллоҳ) улар учун улуғ мукофот (яъни, жаннат) тайёрлаб қўйгандир».  (Аҳзоб сураси, 44-оят), деган сўзидир. 

Фақиҳ раҳимаҳуллоҳ айтадилар: Илм ўргатиш уч сабабга кўра бўлади. Биринчиси, Аллоҳдан ажр умидида, ҳақ олмасдан;

Иккинчиси, ужра (маош) ҳисобига;

Учинчиси, бирон бир шартсиз, бордию, ҳадя қилишса, қабул этади. Аллоҳ ризоси учун таълим берган муаллимга ажр бор ва унинг амали Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амалларидир. Агар ҳақ эвазига таълим берса, бу хусусда ихтилоф бор. Олдингилар: «Таълим учун ҳақ олиш жоиз эмас, чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мендан бир оят бўлса ҳам, ўтказинглар», деганлар. Бас, у зотнинг умматларига ҳам ўзларига вожиб бўлгани каби етказиш вожиб бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳақ олиш жоиз бўлмагани каби, умматларига ҳам жоиз эмас», дейишди. Кейинги уламолардан Осим ибн Юсуф, Носир ибн Яҳё, Абу Наср ибн Салом ва бошқалар жоиз ҳисоблашди. Таълим олувчи учун Қуръон ёдлашга, ўқиш ва ёзишни ўрганишга ҳақни шартлашиб олиши афзалдир. Устоз-шогирд Қуръоннинг таълимида ҳақни шартлашиб олишларида зарар йўқ деб биламан, чунки мусулмонлар шуни бир-бирларидан мерос қилиб олганлар ва унга эҳтиёжлари бор. Учинчи сабабга кўра, устоз шартлашмасдан таълим берса ва унга ҳадя қилинса, ҳадяни қабул этишига барчалари иттифоқ қилишган. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам муаллим бўлганлар ва ҳадяни қабул қилганлар.

Абу Саид Худрий розияллоҳу таоло анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ашоблари ғазотда юрганларида бир араб маҳалласидан киши келиб: «Ораларингда дам соладиган одам борми? Маҳалла оқсоқолини чаён чақиб олди», деди. Бир киши унга Фотиҳа сурасини ўқиб дам солди, сўнг у тузалди. Шунда унга қўйларидан бир нечтасини ҳадя қилди. У олишдан бош тортди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтганида: «Нима билан дам урдинг?» деб сўрадилар. У: «Фотиҳа билан», деди. Шунда Расулуллоҳ: «Фотиҳа сураси билан дам уриш кераклигини қаердан билдинг, қўйларни ол ва менга ҳам улуш ажратинглар», дедилар. Яъни, ҳақ олиш мубоҳдир.

Баъзи олимлар Мушафга нуқта ва белги қўйишни ёмон кўришди. Бу Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг сўзларидир. Абдуллоҳ ибн Масъуд: «Қуръонни ортиқча нарсалардан холи қилинглар ва унда Аллоҳ таолонинг сўзига қўшиб бирон нарсани ёзманглар, унга белги қўйманглар ва уни чиройли овоз билан зийнатланглар, уни арабий қилиб ўқинглар, чунки у арабчадир», деганлар. Лекин биз айтамизки, унга нуқта ва унга белги қўйса, зиёни йўқ, мусулмонлар бу ишни мерос қилиб олганлар. Чунки унга муҳтож бўлганлар, хоссатан ажамлар. Нуқта, аломатларни қўйиш керак, чунки улар мутакаллафдирлар. 

لَّا يَمَسُّهُ إِلَّا الْمُطَهَّرُونَ۝

«Уни фақат таҳоратли – пок кишиларгина ушлар» (Воқеъа сураси, 79-оят), деган муҳкам оят сабабли Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонни фақат пок кишигина ушлайди», деганлар. 

Али ибн Абу Толиб(розияллоҳу таоло анҳу ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатхонадан чиққанларидан кейин Қуръон ўқирдилар». 

Жанозадан бошқа нарса кишини Қуръон ўқишда ман қила олмайди. Қуръон ўқувчининг таҳоратли бўлиши мустаҳабдир. Жунуб ва ҳайз кўрган аёл бир оятдан камроғини ўқишининг зиёни йўқ. Агар муаллима аёл ҳайз кўрса, Қуръондан таълим беришда бир оятнинг ярмини талқин қилиб, сўнг қолган ярмини айтади. Бирданига бир оятни тўлалигича ўргатмайди. Жунуб ва ҳайздаги аёлга масжидга кириши жоиз эмас. Таҳоратсиз киши масжидга киришининг зиёни йўқ. Жунуб ва ҳайз кўрган аёл тасбеҳ, таҳлил айтиши, дуолар қилиши мумкин. Фақат Қуръон тиловати билан машғул бўлиши жоиз эмас.

 

«Бўстонул Орифийн» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга.Айтингчи, агар фарз намозларни ўқисам, Рамазон давоми...

1478 18:01 / 03.05.2020
Абдулвоҳид ибн Зайд бир куни Ҳавшаб ибн Муслимга .Эй Абу Бишр, Аллоҳга йўлиққач, қандай аҳволда эканингни хабар қила олсанг, бизга хабар бер,, деди. Орадан сал ўтмай, давоми...

1915 08:00 / 22.02.2020
.Калом, лафзи араб тилида .сўз,, .гап,, .жумла, маъноларини англатади..Илми калом, ақоид илмининг энг машҳур исмидир. Бу исм, ҳижрий иккинчи асрда зоҳир бўлган. Зеро, у давоми...

3987 13:55 / 15.10.2019
Ассалому алайкум1. Жанозада маййит қабрга қўйилганида .Мулк, Таборак сурасини ўқиш қайси ҳадисларга асосланган2. Жанозада тупроққа суфлаш борми Далил. давоми...

9557 17:50 / 18.12.2018