1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Черков пулни қаердан олади? (биринчи мақола)

15:09 / 17.11.2020 2714 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Туғил, чўқин ва ўлгин — Ҳаммасига пул бергин. (Рус мақоли)

Ютербог шаҳри барвақт уйғонади. Ҳали тонг ёришгани йўқ, аммо бўёқхонадаги турли рангдаги суюқликлар қозонларда биқирлаб қайнаяпти, улардан кўтарилган буғ очиқ деразалардан кўчага чиқяпти.

Ташландиқ харобазорда тўрт арқончи ишлаяпти. Катта ёғочли ғилдирак ғичирлаб айланиб, каноп толаси буралиб, пишиқ арқон тайёрланяпти.

Булкачилар аллақачон уйғонишган. Улар қоронғидаёқ иштаҳани қитиқлайдиган молларини тайёрлаб, энди овозларини баралла қўйиб харидор чақиришяпти.

Тош ётқизувчилар қалин чарм қопланган тиззаларидан бирини ерга тираб тош йўнишяпти, улар бозор майдонида тош ётқизишни тугаллашяпти. Болғаларнинг тақиллаган овози узоқлардан эшитиляпти.

Меҳнат шовқини борган сари хилма-хиллашиб, тобора авжга миняпти. Шаҳар меҳнат қўйнида. Савдогарлар керишиб, уйқуда чигаллашган соқолларини бармоқлари билан тарай-тарай дўконларини очишяпти. Бир дўконнинг пештахтасида шляпалар пирамида шаклида тахлаб қўйилибди. Бошқа бир дўкон кираверишига осиб қўйилган этик эрталабки шамолда тебраняпти. Учинчи дўкон олдидаги бири очроқ, бири тўқроқ газлама тўплари ўткинчи аёлларнинг ҳавасини келтиради.

Бироқ бу ердаги бир дўконда мол кўринмайди. Фақат эшиги тепасига қора ёғочдан ясалган оёқ-қўлидан михлаб қўйилган Исо сурати солинган бут осиб қўйилган. Дўкон ичкариси ҳам ғайри оддий кўринади. Роҳиб кийимидаги ҳадади зиёд семиз одам бу чоққина хонани нақ бутунича эгаллаб олгандек. Бўш қолган озгина жой токча-жавонлар билан банд бўлиб, уларда қандайдир бураб ўралган қоғозлар ётибди.

Роҳибнинг гўштдор юзини мудроқ босган. Вақти-вақти билан у энгашиб, курси тагидан шиша идишни олади-да, уёқ-буёққа аланглаб, бир неча қултум ютиб олади. Кейин яна мудрайди. Ўтувчилар яқинлашиши билан роҳибнинг кўзлари сузилиб тақводор тусга кириб, қўлларини дуога кўтариб, қип-қизил нам лаблари нималарнидир пичирлай бошлайди.

Дўкончанинг эшиги аста ғичирлаб очилиб, башанг кийинган оппоқ сочли одам кириб, тўғрироғи, қисилиб, бир амаллаб ичкарига кирганида ҳам роҳиб ҳатто қайрилиб ҳам қарамай, бутун вужуди билан ибодатга берилган кишидай ўтираверди. Кирган киши ҳам худди роҳибга ўхшаш семиз бўлиб, энсиз эшик унга кичиклик қиларди.

Келувчи дўкончага кириб, тўхтади-да, у ҳам пичирлаб дуо ўқий бошлади. Токи бу икковлари пичирлаб дуо ўқиб бўлгунларича бир неча дақиқа ўтди, аммо айни шу пайтнинг ўзида улар ярим юмуқ киприклари орасидан бир-бировларини зийраклик билан кузатишди. Ниҳоят роҳиб оғир тин олиб, кўзини очди-да, қўлларини қорни устида қовуштирди.

Тақсирим,- деб гап бошлади келган киши таъзим бажо келтириб, башарти маблағим етса папа ҳазратларининг ёрлиқларидан олмоқчи эдим. Аввал баҳосини билсам дегандим.

Роҳиб ўтирган жойида виқор билан қаддини ростлаган бўлди.

— Папанинг индульгенцияси бебаҳодир. У яратганнинг дасти билан битилган. Шу боис бу борадаги хасислик макруҳдир. Гуноҳни ювишнинг баҳоси бўладими? Эй ҳурматли зот, кел, ўзига илтижо қилайлик.

Роҳиб яна пичирлашни бошлади, вақти-вақти билан оғир тин олиб қўярди. Келган киши эҳтиром билан кутарди. Роҳиб тўсатдан жиддий қиёфада сўради:

— Эй ҳурматли зот, черков қилган гуноҳларингдан форуғ этишини истайсанми ёхуд келажакдагиларини ҳамми?

— Келажакдагиларидан ҳам форуғ этишини истардим,- деб жавоб берди келгучи.

— Бир юз йигирма гульден, — деди роҳиб қисқа қилиб. Келган киши бунча пулнинг дарагини эшитиб қўрқа-писа орқага тисарилди. Кейин ниманидир чамалаб, тўхтади.

— Таксир, нархини бир оз пасайтирмайдиларми? - деб сўради у, роҳибга хўмрайиброқ тикилган кўйи. Борим мана шу. У белбоғидаги лиқ тўла оғир ҳамёнини еча бошлади. Саксон тилла.

Роҳиб қўлини чўзиб, ҳамённи нақ юлиб олаёзди. Кейин оҳиста ўгирилиб, токчадаги ўроғлиқ қоғозлардан бирини олдида, унга лабини теккизиб, харидорга узатди.

У одам ёрлиқни қўйнига яширди ва таъзим қилиб чиқиб кетди. Роҳиб шу заҳотиёқ шишадан бир неча қултум ютди.

Кун кечга оға бошлагаи эди. Дўкончага олти харидор келиб, қимматли қоғозни олиб, кўплаб жаранглаган тангаларни қолдириб кетди. Ҳар бир харидордан кейин роҳиб ўткир ичкиликдан тотиб қўярди. Унинг танаси тобора оғирлашиб, тили зўрға айланиб кўз олди хиралашиб борарди.

Аммо шу дамгача хотиржам ўтирган роҳиб бирдан таҳликага тушиб қолди. Кўзига олисда қоп-қора кийинган кимдир чалингандай бўлди. У уйларнинг муйилишларига биқинганча, аста дўконга яқинлашиб келаётгандай туюлди. Роҳиб кутилмаган эпчиллик билан тангаларни ҳовучлаб олиб, пайпоғи ичига сола бошлади. Шу пайт эшик тарақлаб очилиб, дўконга паст бўйли, қоп-қора сутана кийган киши кирди-да, эшикка оғир тамбани тираб қўйди. Роҳиб қаддини ҳам кўтаришга улгуролмай, гўё оёғини қашиётган бўлиб букчайганча ўтирарди.

Сутана кийган одам роҳиб томон одим қадам ташлаб, бир туртиш-да уни ёнбошлатди-ю, пайпоғини тортиб юборди. Тангалар ерга сочилиб кетди.

— Тўнғиз!- деб бақирди сутанали киши.- Ўғри! Ифлос жонингни танангдан қувиб чиқарадиган гулханга аллақачон ўтин тайёрлаб қўйилган!

Суякдор қўл роҳибнинг бир тутам сочини чангаллаб, юлиб олди.

Сутана кийган одам Тецель бўлиб, у ҳам роҳиб, Лейпцигдан эди. Ёшлигида жуда кўп жирканч жиноятлар қилган, аммо ҳаммасидан ҳам йўлини қилиб суддан қутулиб қолган эди. Тецсль ўттиз ёшида роҳиб бўлган. У охир-оқибатда йўлтўсарликдан кўра черков кўпроқ ўлжа беради, деган тўғри хулосага келади.

Тез орада у «олтин кон»ни — индульгенция билан савдо қилишни топиб олади. Рим папасинннг муҳри босилган ёрлиқ, унга эга бўлган кишини содир бўлган барча гуноҳларидангина эмас, балки келажакдаги гуноҳларидан ҳам халос этади. Бу ёрлиқ бамисоли жаннатга кириладиган рухсатнома эди. Шундоқ бўлгач, қайси христиан жаннатга тушишни истамайди?

Тўғри, индульгенция учун катта пул тўлаш керак. Аммо бу жуда соз нарса! Ўз қилмишларим билан гуноҳ орттириб қўйдиммикин, дея ташвиш қилмасанг ҳам бўлади.

Тецель Германиянинг бир печа шаҳарида индульгенция сотадиган дўкончалар очади. Савдо чаққон борар, пул дарёдек оқиб келарди. Фақат сотувчиларни назорат қилиб туриш керак: уларнинг бари ўзларига тегадиганидан кўра кўпроқ уриб қолишни пайидан. Аммо Тецель улардан ортиқчасини қандай шилиб қолишни билади. Улар ҳам Тецель ўзларини муқаддас инквизиция суди қўлига топшириб юбориши ҳеч гaп эмаслигини билишади.

Роҳиблар ўзаро олишарканлар кўчада қандайдир киши ўзларини кузатиб турганини пайқашмади. Унинг оппоқ юпқа лаблари иржайиб турар, кўзлари эса нафрат ва ғазаб билан боқарди. Муштлашаётганлар ўткинчини у нари кета бошлаганда кўриб қолишди.

Аммо бир неча кундан кейин роҳиблар ўша одам билан яна учрашишди ва уни танишди. У тош уюми устига чиқиб олиб, қўлини пахса қилганича бир туда шаҳарликларга ҳаяжонли сўз айтарди:

— Эс-ҳушингизни йиғиб олинг! Ғафлат уйқусини ҳайдаб, кўзингизии очинг! Гуноҳдан форуғ этувчи ёрлиқ сотувчи ва тиланчи роҳиблар сизни аҳмоқ қиляптилар. Улар худо номини сотиб сизни талаяптилар!

Тецель дурадгорлик асбобларини кўтариб олган ёнидаги баланд бўйли серсоқол кишини тирсаги билан туртиб:

— Бу ким? — деб сўради.

У бўлса қайрилиб ҳам қарамай, ғижиниб қўл силкиб қўйдида, анграйганича гапни эшитаверди.

Орқада турган ўйноқи кора кўзли киши шивирлаб жавоб берди:

— Ҳали билмайсизми уни, тақсир? Бу одам лаънати шаккок Томас Ломке-ку. Лютер билан иккови авомни кўпдам буён худо ва черковдан юз ўгиришга даъват этиб юрибди.

Уйноқи кўзли одам чўқиниб қўйди. Тецель юзини яхши эслаб қолишга интилиб Ломкега яна бир марта тикилиб қаради ва оломон ичидан суғурилиб чиқишга шошилди. Индульгенцияфуруш роҳиб пишиллаб, итоаткорона унга эргашди.

(Давоми бор)

Islom.uz сайти

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бугун учлик таълимоти ва ҳақ дин ўртасидаги фарқни жуда кўп одам билиб бормоқда. Баъзилар Қуръони кариймда Ийсо алайҳиссаломни издошларимизrdquo дейдиганларга давоми...

3568 15:00 / 02.03.2019
Илм бир нарсага ишонч ҳосил қилмай туриб, далилини билмай туриб, тақлид қилишдан қайтаради. Бу борада ҳозирги замон илми эски илмга тўғри келмайди. Чунки, қадимда, давоми...

4173 11:37 / 09.02.2020
Профессор Чарльз Барнет шундай дейди .Қўлимиздаги рисоланинг лотинча номи .Де тем корум рационе,. Уни .Вақтни ҳисоблаш ҳақида, деб таржима қилиш мумкин. Бу рисолада давоми...

1623 09:14 / 30.12.2023
Испания ва Сицилияда яшаган, қизиқишларига кўра математик бўлган Аделард Батский 1090ndash1150 аслида ҳиндларга мансуб бўлган араб рақамларини жорий қилган турк Абу давоми...

1785 09:00 / 31.07.2021