1445 йил 9 зулқаъда | 2024 йил 17 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Дилга бўлди жо... (биринчи мақола)

17:30 / 31.10.2020 1203 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Хотин-қизлар, хуш бўйлар меҳри,

Бу дунёда дилга бўлди жо.

Кўнглим хуши, кўзим қораси

Дил юпанчи намозда аммо.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳикматли сўзларини кўп ҳолларда мисол қилиб келтирадилар, ахир бошқача бўлиши, яъни энг инсонпарвар Ислом дини хотин-қизларга беписандлик билан муомала қилишни, нафрат кўзи билан қарашни тарғиб қилиши мумкинмиди? Асло. Бироқ кейинчалик кўзда тутилмаган ҳолатлар, тараққиёт, пайдо бўлган янги қонун-қоидалар ва сохта тариқатлар хотин-қизлар мавқеини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва ул зотнинг издошлари замонасидагига қараганда анча паст даражага тушириб қўйгани ҳам сир эмас. Шу сабабдан ҳозирги кунларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биринчи рафиқалари Хадича розияллоҳу анҳонинг фаолиятига етарли даражада аҳамият берилмаёттани, тўғри баҳоланмаётгани ачинарли ҳолдир. Ахир кўпгина фарзандлар онаси бўлмиш ўша савдогар аёл ўзидан анча ёш хизматчисига турмушга чиқиб, ундан ҳам фарзандлар кўргач, пайғамбарга илк ваҳийлар кела бошлаганда уни юпатган, далда бериб кўнглини кўтарган, Ҳиро тоғининг ғорида ибодат билан машғул бўлган чоғларида содир бўлган воқеанинг шайтон эмас, Раҳмоннинг хоҳиши ила юз берганига ишонтира олган биринчи зот эмасмиди? Шунинг учун ҳам Хадича розияллоҳу анҳо «бутун мусулмонлар онаси» ва «барча аёллар аълоси» (хайруннисо) деган шарафли номларга тўла ҳуқуқ ила сазовор бўлган.

Ҳозирги кунларда ҳам кўпгина мусулмон ва муслималар ул зоти олиянинг илк Ислом тарихида ҳал этувчи ўрин тутганига алоҳида урғу беришади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уни жуда қаттиқ севганлар. 619 йили Хадича розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қурган йигирма беш йиллик жуфти ҳалоллиқдан сўнг дорилфанодан дорилбақога риҳлат қилгач, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қатор бошқа аёлларга уйландилар. Улар орасида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг содиқ дўсти ва издоши Абу Бакр Сиддиқнинг ёш, навниҳол қизи Оиша розияллоҳу анҳогина Пайғамбарга бокира қиз ҳолида турмушга чиққан, қолган хотинлари эса бева ёки ажрашган, ёки илгари қул бўлиб, сўнгра озодликка чиқарилган аёллар бўлган.

ХIХ-ХХ асрдаги Ҳиндистон модернчилари учун бу ҳолат бева қолган аёлларни турмушга беришни ҳаётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этди, чунки ҳинд муслималари бева қолган тақдирда хурофий ҳиндувийлик одатлари таъсири остида қайта турмуш қуриш ҳуқуқидан бутунлай маҳрум этилишарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибрати уларга йўл кўрсатувчи маёқ бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кейинги хотинларига ҳам «мусулмонлар онаси» деган шарафли унвон берилган. Қуръони Каримда эса уларга «зеб-зийнатларини тўсиш» (Нур сураси, 31-оят) буюрилган. Эҳтимол, уларнинг ҳурматли хонимлар сифатида енгил-елпи кийинган паст табақа аёллардан ажралиб туришлари учун ҳам шундай буюрилган бўлиши мумкин, лекин барибир бу ҳолат аёлларнинг ҳуқуқларини чеклаб қўйиш эмас, балки уларга юксакроқ ҳурмат-эътибор кўрсатилиши лозимлигидан далолат беради. Бироқ замонлар ўтиши билан вужудга келган ижтимоий ўзгаришлар натижасида мусулмон оламида аёлларнинг номаҳрамлардан тўсиб қўйилиши жиддийроқ тус олди.

Ислом дини нозил этилган илк даврларда эса аёллар жуда фаол бўлишган. Бунга мисол қилиб Оиша розияллоҳу анҳонинг саҳобалар билан бирга дин ва шариат масалалари муҳокама этилган мажлисларда иштирок этганлигини келтириш мумкин. Шунинг натижаси ўлароқ ул зоти олиянинг шарофати билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий ҳаётларига тааллуқли турли хабарлар бизгача етиб келган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўртта қизлари бўлган. Фарзандларнинг қиз бўлиши энди илгариги жоҳилия давридагидек айб ҳисобланмаган. Ислом дини келишидан аввал Арабистонда туғилган қизларни ортиқча текинтомоқ ҳисоблаб, тириклайин кўмиб ташлардилар. Бу ғайриқонуний, ваҳший одат Қуръони Каримнинг Таквир сураси, 8-ояти ва Наҳл сурасининг 58–59-оятларида кескин қораланди. Қизларга бўлган муносабатнинг ўзгарганлиги одамларга бериладиган ном, тахаллус ва лақабларда ҳам акс эта бошлади. Абу Толиб, яъни Толибнинг отаси, Абу Талҳа, яъни Талҳанинг отаси деган номлар билан бир қаторда Абу Лайло, яъни Лайлонинг отаси ёки Абу Райҳона, яъни Райҳонанинг отаси деган кунялар пайдо бўлди. Бир ҳадисда айтилишича, энди кишилар фарзанди қиз эканидан ор қилмайдигин бўлишди, аксинча, қиз кўрган кишиникига табриклагани борадиган бўлишган. Чунки бир қиздан бир қанча ўғил неваралар кўриш мумкин-да. Бундан ташқари, учта-тўртта қиз тарбиялаб, вояга етказган кишилар тўғридан тўғри жаннатга тушадилар деган маънода ҳадис ҳам бор. Зеро, қиз боланинг тарбияси ўғил бола тарбиясига қараганда ўта мушкул ишдир.

(Давоми бор)

Олмон исломшунос олимаси Аннемарие Шиммел

«Ҳилол» журнали 10(19) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
иккинчи мақола7. Бир неча йиллар олдин дунё ахборот айвонида .2012 йилнинг декабрь ойида қиёмат бўлади. Олимлар юз берадиган даҳшатли фалокатлар ҳақидаги давоми...

1212 11:04 / 24.09.2020
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади.Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик. Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй,, деган .Кавсар, сураси, давоми...

3116 09:00 / 15.07.2021
Отаонага қилинадиган яхшиликлардан бири уларни сўкилиш, ҳақоратнинг барча кўринишларидан сақлашдир. Бу сўкиш хоҳ уларнинг ўзларидан содир бўлсин ёки давоми...

1827 11:01 / 01.07.2020
Агар аёл киши ва балоғатга етган қиз кўчаларда, жамоат жойларида, номаҳрамлар олдида авратларини очиб юриши калта кўйлак ва юбка, тор шим, юпқа, ҳарир либос давоми...

2489 15:00 / 25.04.2019
Аудиолар

121479 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42977 14:35 / 11.08.2021