1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Эслатма: Қуръони Карим қироати одоби ҳақида

14:00 / 03.05.2023 3469 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Карим қироатининг ўзига яраша одоблари бор. Улардан баъзиларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан билиб оламиз.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «اقْرَإِ الْقُرْآنَ فِي شَهْرٍ». قُلْتُ: إِنِّي أَجِدُ قُوَّةً حَتَّى قَالَ: «فَاقْرَأْهُ فِي سَبْعٍ، وَلَا تَزِدْ عَلَى ذَلِكَ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Қуръонни бир ойда бир марта ўқи», дедилар. Мен:

«Ўзимда қувватим борлигини биламан», дедим.

Охири бориб у зот:

«Уни етти кунда қироат қил. Ундан зиёда қилма», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Шу ҳадиснинг маъносидан келиб чиқиб, оддий мўмин-мусулмон кишига Қуръони Каримни бир ойда бир марта хатм қилиб туриши тавсия қилинади.

Мазкур муддатдан озда хатм қилиш имкони борлар етти кунда бир хатм қилсалар, яхши бўлади. Бундан оз муддат хатм учун камлик қилади. Чунки шошилиб хатм қиламан деб, ҳарфларни махражидан чиқармай, тажвид қоидаларига амал қилмай, камчиликларга йўл қўйилиши мумкин.

Уламолар Қуръони Карим қироати одоби ҳақида далилларни ва мулоҳазаларни ўрганиб чиқиб, бу одобларни қуйидагича тартибга соладилар:

1. Қуръони Каримни қироат қилувчи таҳоратли бўлиши лозим.

2 Қуръони Каримни қироат қилувчи одобли бўлиши керак.

3. Қуръони Каримни қироат қилувчи чўкка тушиб, тавозеъ билан ўтириши керак.

4. Қуръони Каримни қироат қилувчи чордана қуриб, ёнбошлаб ёки бошқа мутакаббир сифатида ўтирмаслиги керак.

5. Қироат қилувчи учун энг афзал ҳолат тик турган ҳолида намозда ва масжидда ўқишидир.

6. Қуръони Каримни қироат қилувчи ўзининг муҳим ишларини ташламаслиги керак. Ишдан бўшаганида қироат қилади.

7. Қуръони Каримни қироат қилувчи учун қироат кўпайиб, баданига зарар етказадиган бўлмаслиги керак.

8. Қуръони Каримни қироат қилувчи ўта шошилиб, тартил ва тажвидни бузмаслиги лозим.

9. Қуръони Каримни қироат қилувчи оддий шахс бўлса, ҳар куни бир порадан ўқиб, бир ойда бир марта хатм қилиб туриши керак.

10. Қироатни кўп қилмоқчи бўлса, уч кунда бир марта хатм қилиши лозим.

11. Хатм қилганидан кейин Аллоҳ таолога дуо қилиши марғубдир.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Қуръони Каримни хатм қилган киши учун мустажоб дуо бордир», деган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу қачон хатм қилса, аҳли аёлини жамлаб дуо қилар эди.

12. Қуръони Каримни қироат қилувчи имкони борича тиловатни чиройли қилишга ҳаракат қилмоғи мустаҳабдир.

13. Қироатни ичида қилмоғи мустаҳабдир. Бу ўзига эшитиладиган қироатдир.

14. Баъзи мақсадлар учун овозини баланд қилиб қироат қилса ҳам жоиз.

15. Қуръони Каримни қироат қилувчининг мусҳафи бўлса, ўша мусҳаф қаровсиз қолмаслиги учун ҳар куни маълум оятларни бўлса ҳам, унга қараб ўқиб турмоғи лозим.

16. Қуръони Каримни қироат қилувчи доимо ўзи ўқиётган калом башарнинг эмас, Аллоҳ таолонинг каломи эканини ва У Зотнинг улуғлигини ҳис қилиб турмоғи лозим.

17. Қироат қилувчи ўзи ўқиган ҳар бир оятни тадаббур қилмоғи жуда ҳам яхши ишдир.

«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолонинг охирги китоби бўлмиш Қуръони Каримнинг тиловати ҳам нафс поклиги ва ахлоқ сайқалига катта таъсири бор омилдир.Қуръони Карим тиловати деганда давоми...

2650 14:00 / 12.07.2021
Набий соллаллоху алайҳи васаллам бир куни бир аъробийдан бир васақ хурмо эвазига туя сотиб олдилар. Васақ тахминан бир ҳайвон кўтарадиган миқдор. Уйларига келиб, давоми...

1813 11:33 / 04.12.2023
1. Болангизга насиҳат қилишдан чарчаманг...Нуҳ алайҳиcсалом ҳам ўғилларига 950 йил насиҳат қилди..Батаҳқиқ, Нуҳни ўз қавмига юбордик. Бас, у .Эй қавмим, Аллоҳга ибодат давоми...

2408 17:00 / 19.02.2022
. ,.Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Аллоҳим Мен Сендан Масиҳ Дажжолнинг фитнасидан давоми...

3318 14:00 / 23.09.2021