1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Киши ниятига яраша савоб олади

05:00 / 03.03.2017 3135 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маън ибн Язид розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда у киши айтадиларки: 

«Отам Язид садақа қилиб, динорларни чиқарган экан. Уларни масжидга олиб келиб бир кишининг ҳузурига қўйибди. Мен келиб, уларни олибман. Уларни олиб, отамнинг олдига борсам:
«Аллоҳга қасамки, мен сени ирода қилмаган эдим», деди.
Унинг устидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилдим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Язид, сенга ният қилган нарсанг. Эй Маън, сенга олган нарсанг», дедилар
».

Бухорий «Закот»да ривоят қилган.

Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийлари Маън ибн Язид розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик. 

Маън ибн Язид ибн ал-Ахнас ибн Ҳабиб ибн Журра ибн Зеҳб ибн Молик ибн Хуфофа ибн Имриул Қайс ибн Буҳата ибн Сулайм ас-Сулмо. 

Бу зот ҳам, у кишининг оталари ва боболари ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари эдилар. 

У кишининг кунялари Абу Язид бўлиб, Сулайм қабиласидан эдилар. Димашқ фатҳида иштирок этганлар. Аввал Куфада, кейин Мисрда ва охири Шомда истиқомат қилганлар. «Сиффин» жангида Муовия тарафидан иштирок этганлар. 

Ҳазрати Умарнинг халифалик даврларида мансаблардан бирида ўлтирган, «Мараж раҳт» воқеасида Заҳҳоқ ибн Қайс билан бирга бўлган ва ҳижратнинг 64-санасида ўлдирилганлар.

Бу ҳадиси шарифда киши агар амали ўз иродасига хилоф чиқса ҳам ниятига яраша савоб олиши ҳақида гап кетмоқда.

Ҳадиснинг ровийлари Маън ибн Язид розияллоҳу анҳунинг оталари Язид розияллоҳу анҳу садақага маълум бир динор чиқарибдилар. Садақани ўзлари топширмасдан, биров орқали масжидга юбориб, хоҳлаган одамингга садақа қилиб бер, деган изнни берибдилар. У кишининг олдига садақа қилувчининг ўғли Маън келибди. Изн олган одам ушбу садақага Маън ҳақли деб ўйлаб, динорларни унга берибди. Маън динорларни олиб, отаси ҳузурига борибди. Гап-сўздан кейин сир очилиб, ота ўғлига, мен садақамни сенга бўлишини ирода қилмовдим, дебди. Орада тортишув чиқибди. Ўғил бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилибди. Расули Акрам икковини ҳам рози қиладиган гап айтибдилар. Отага ниятингга яраша савоб оласан, болага олган садақанг ўзингда қолди, дебдилар.

Бу ҳадис ниятга яраша савоб олиш тўғрисидаги бобга хос бўлгани учун муаллиф раҳматуллоҳи алайҳи томонидан шу ерда келтирилган.

Қолган гаплар эса, бир оз мулоҳазаларга сабаб бўлиши мумкин. Мисол учун, нимага Язид розияллоҳу анҳу ўғли садақага муҳтож бўла туриб садақасини масжидга олиб бориб берди? Садақа ўғлининг қўлига текканини билгандан сўнг нимага норози бўлди ва ҳоказолар. Аслида нафақа вожиб бўлган кишига закот ёки садақа эмас, нафақа тўғри келади. Агар Маън розияллоҳу анҳу муҳтож бўлса, унга отасининг нафақаси вожиб бўлар эди. Бу ерда бир неча эҳтимоллар бўлиши мумкин. 

Аввало, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-бола ўртасида зиддият қолмаслиги учун икковлари ҳам рози бўладиган гап айтган бўлишлари мумкин. 

Язид розияллоҳу анҳу эҳтиёж бўла туриб ҳам садақа қилмоқни ирода қилган бўлишлари мумкин.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Садақани тарқатишга бошқа кишини вакил қилиш мумкинлиги.

2. Ҳар бир кишига ниятига қараб савоб берилиши.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ сувратларингизга ва молу дунёларингизга назар қилмайди. Лекин қалбларингизга ва амалларингизга назар қилади», дедилар
».

Муслим ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Шарҳ: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган ушбу ҳадиси шарифда инсонларнинг қадр-қиммати Аллоҳ томонидан қандай ўлчаниши ҳақда гап кетмоқда. Аллоҳ таолонинг раҳмат назарига муяссар бўлиш учун нималарга эътибор бериш керагу ва аксинча, нималарга эътибор беришнинг кераги йўқлиги кўрсатилмоқда.

Қадимдан турли жамиятларда инсон қадри турли нарсаларга боғлиқ бўлиб келган. Ҳар бир жамият ўз мафкурасидан, дунёқарашидан, инсон зотига муносабатидан келиб чиқиб, уни турлича тақдирлаган.

Қайсидир бир жамиятда кучли инсон энг яхши ва энг қадрли ҳисобланган. Бошқа бир жамиятда эса ҳукмдор, амалдор инсон қадр топган. 

Ҳиндиларда олий диний табақадан туғилганлар, яҳудийларда яҳудий бўлиб туғилганлар энг яхши одам ҳисобланган. Қолганларга уларнинг малайлари, деб қаралган. 

Худосизлар жамиятида эса, иймонсиз бўлса-да, давлатга кўп фойда келтирган одам қадрланган ва ҳоказо.

Шу билан бирга одамлар ўйлаб чиқарган инсон қадрининг ўлчовлари ичида турли тузум ва фикрларни умумлаштириб турувчи нарсалар ҳам бўлган. Кишининг суврати ва молу мулки ана шу жумлага киради. Ҳар бир инсонда аслида чиройли суврат ва молу дунёга иштиёқ бўлади. Исломий тарбия эса, ўша иштиёқни меъёрга солиб, тўғри йўлга йўллаб туради. Исломий тарбия бўлмаган жойда бу иштиёқ меъёрдан чиқади, мафкурага айланиб одамлар ташқи суврати, қўлидаги молу дунёсига қараб қадрланадиган бўлиб қолади. 

Бу нарса Исломдан олдинги жоҳилият даврида ҳам бор эди, ҳозир ҳам бор. Қадимда одамлар ҳусни-жамоли, кийим-кечаги, туяси-оти, тилла-кумуши, уй-жойига қараб баҳоланган бўлса, энди улар ҳусни-жамоли, қоматининг кўркамлиги, машҳур ширкатлар чиқарган урфдаги кийимларни кийиши, тўлаган пули, минадиган машинаси, қурган уйи, қилган тўйига қараб баҳоланмоқда. Иккала ҳолда ҳам нарсаларнинг номи ва шаклида хилма-хиллик бор, холос, аммо моҳияти ўша-ўша. 

Ислом инсон қадрини бундоқ ноодил шаклда ўлчашга қадимда ҳам қарши эди, ҳозир ҳам қарши. Ислом назарида ҳусни-жамол ва молу дунё ҳаётнинг моҳияти эмас, балки ҳаётнинг бир василаси холос. 

Исломда инсоннинг қадр-қиммати қалбининг поклиги, ундаги иймон-ихлос ва қилган яхши амаллари билан ўлчанади. Ислом назарида қалби пок, иймонли инсон дунёдаги барча гўзал сувратлардан гўзалдир, мўмин инсоннинг солиҳ амали дунёдаги барча молу дунёдан устундир. 

Аллоҳ таоло инсонни ташқи сувратига қараб эмас, қалбининг поклигига қараб баҳолайди.

Аллоҳ таоло инсонни молу дунёсига қараб эмас, солиҳ амалига қараб тақдирлайди.

Инсон қадрини ўлчашнинг ана шу илоҳий мезонлари ишга солингандагина инсонлар ўзларининг ҳақиқий қадрларини топдилар. Ана шунда ҳар бир инсон иложи борича қалбини поклашга, солиҳ амал қилишга интиладиган бўлади. Турли ўткинчи ҳою-хаваслар, молу дунёга ҳирс қўйишлар ўз аҳамиятини йўқотади.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли қора танли қул Билол Ҳабаший инсон зоти мушарраф бўлмаган шарафга, яъни, Каъбаи Муаззама устига чиқиб, илоҳий мадҳия-азон айтишга эришди.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли Мадинада қул қилиб сотилган Салмон Форсий розияллоҳу анҳу охирги замон Пайғамбарининг яқин маслаҳатчисига, аҳли байтига айланди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у киши ҳақларида: «Салмон Биздан-аҳли Байтдандир», деб марҳамат қилдилар.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли аввалда қул қилинган Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу Ислом жамиятидаги энг ҳурматли шахслардан бири бўлдилар.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли Рум империясига қарши урушаётган мусулмонлар ўзларининг музокарадаги вакиллари сифатида асли қора қул бўлган Ато розияллоҳу анҳуни танладилар. У кишини кўрган румликларнинг бошлиқлари у кишининг хунуклиги ва занжилигига ишора қилиб, «биз бу одамни кўриб, қўрқиб кетаяпмиз, бошқа тузукроқ вакилингиз йўқми?» дейишди. 

Шунда мусулмонлар: «Ичимизда энг тузук ва яхшимиз шу. Агар буни кўриб қўрқаётган бўлсангиз, ишингиз тамом бўлибди. Чунки бизнинг орамизда бунга ўхшаганлар кўп», дейишди.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли мусулмон олами Имом Бухорийни ўзининг ҳадисдаги амири деб, у кишининг китобларини Қуръони каримдан кейинги энг саҳиҳ китоб, деб эълон қилди ва ҳозиргача эъзозлаб келмоқда.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли Имом Термизий, Имом Насаий, Имом Замахшарий, Имом Абу Мансур ал-Мотуридий ва бошқа юзлаб имомларимиз араб бўлмасалар-да, қалблари иймонли, ўзлари солиҳ амалли бўлганлари учун вафотларидан минг йилдан кўп вақт ўтгандан кейин ҳам Ислом уммати томонидан номлари эъзозланиб келинмоқда. 

Худди шундай гапларни Ибн Сино, Фаробий, Беруний, ал-Хоразмий, Улуғбек каби кўплаб алломаларимиз ҳақида ҳам айтишимиз мум- кин.

Қачонки, мусулмонлар инсоннинг қадрини ўлчашда ушбу илоҳий, одил ўлчовни эътибордан четда қолдиришгандан кейингина ишлари орқага кетди. Бунга тарих шоҳиддир.

Ҳозир ҳам бунга истаганча мисоллар келтириш мумкин.

Инсоният ҳалокатдан қутулиши учун, мусулмонлар мусибатдан чиқишлари учун юқоридаги ҳадисга қатъий амал қилишлари керак. Инсоннинг қадрини ўлчаш учун инсон ўзи тайёрлаган бузуқ тарозуни эмас, Холиқи тайёрлаган одил тарозуни ишлатиши керак. Ана шундагина ҳамма қалбини поклашга, солиҳ амаллар қилишга ўтади.

Шу мақомда яна билиб қўйиш лозимки, Ислом инсоннинг қадрини унинг қалбига ва солиҳ амалига қараб ўлчар экан, ташқи гўзаллик ва молу дунёни инкор қилмайди. Чунки булар ҳам инсон учун зарур ва яхши нарса. Аммо булар кейинги ўриндаги, иймон ва солиҳ амали ўрнига ўта олмайдиган нарсалар. Булар инсон қадрини ўлчаш учун меъёр қилиб олинадиган эмас, балки иймон ва солиҳ амаллар йўлида хизмат қилиши лозим бўлган нарсалардир. 

Ҳақиқий мўмин-мусулмон киши қалби иймон билан гўзал бўлган ҳолда, Аллоҳ берган моддий имкониятларни Аллоҳ кўрсатгандек ҳалол-пок сарфлаб, амали солиҳ ишлар қилиб яшайди. Қалбдан молу дунёга муҳаббат қўйиб, ҳою-ҳавасга берилиш мўмин-мусулмон учун ётдир.


Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қили-нади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам Аллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади», дедилар
».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Аввало, у киши билан танишиб олайлик: 

Саҳл ибн Ҳунайф ибн Ваҳб Авсий ал-Ансорий, куниялари Абу Саид. 

Биринчилардан бўлиб Исломга кирган саҳобалардан. Бадр ғазотида иштирок этганлар. Уҳуд ғазоти куни айтилган вазифада собит туриб, сўнг бошқа ҳамма ғазотларда иштирок этганлар. Муҳожир Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу билан исломий биродар бўлганлар, Ислом йўлида ҳамма қийинчиликларга чидашга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилганлар. 

Ҳазрати Али Мадинадан Басрага кўчганларида Саҳл розияллоҳу анҳу у кишининг ўринларига Мадинада бошлиқ бўлиб қолганлар.

У киши Сиффин жангида Али розияллоҳу анҳу билан бирга бўлганлар, Форс шаҳарларига волий бўлган саҳобалардан эдилар.

Ҳаммаси бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 40 та ҳадис ривоят қилганлар. У кишидан ўғиллари Абу Умома, Абу Воил, Абийд ибн Саббоқ, Абдурраҳмон ибн Абу Лайло ва бошқалар ривоят қилишди.

Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 38-санасида Куфада вафот этдилар. Али розияллоҳу анҳу у кишига жаноза ўқидилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадиси шарифларида сидқидилдан қилинган ниятнинг қанчалар фазилатли эканлигини баён қилмоқдалар. Ушбу ҳадисдан мусулмон одам улуғ мақомларга эришишни сидқидилдан тилаб юриши лозимлигини тушуниб оламиз. Сидқидилдан сўралмаса, ҳеч бир нарсага эришиб бўлмайди. Жумладан, Исломда банда учун энг олий мартаба ҳисобланган шаҳидлик мартабасига ҳам ана шундай тилак орқали эришилади. Чунки шундай тилак бўлмаса, ҳеч ким жиҳодга чиқиб, ўлимнинг юзига тик боқа олмайди. 

Ушбу ва бошқа ҳадислардаги сидқидилдан ният қилиш маъноси банданинг бировга билдирмай, холис қалб ила ўзи билан Аллоҳ ўртасида аҳд қилишидир. Агар бундоқ нарса бошқа бировга билдирилса, риёга кириб қолади. Шунинг учун ҳам шундай ният қилган одамга шаҳидлик мартабаси ваъда қилинмоқда. Агар нияти амалга ошиб, жиҳодга чиқиб шаҳид бўлса, айни муддао. Аммо жиҳодга чиқа олмасаю, уйидаги кўрпа-тўшаги устида ўлиб қолса ҳам сидқидилдан қилган нияти туфайли шаҳидлик даражасига эришади.

Демак, биз ҳам доимо чин қалбдан, сидқидилдан Аллоҳ йўлида хизмат қилишни, зарурат туғилса шаҳид бўлишни тилаб, яшамоғимиз лозим. 

Эҳтимол, бугунги ҳаётимиздаги муваффақиятсизлик-ларимизнинг сабаби ниятларнинг сидқидилдан бўлмаётганлиги-дандир. Ниятимиз бузилиб, Аллоҳнинг розилигини эмас, бошқа нарсаларни тилашимиздандир. Шунинг учун ниятимизни тузатайлик!


Шу ҳадис Термизий келтирган ривоятда:

«Ким Аллоҳдан Унинг йўлида содиқлик ила, чин қалбдан қатл бўлишни сўраса, Аллоҳ унга шаҳиднинг ажрини беради», деб келтирилган.

Бу ривоят аввалги маънони таъкидлайди. 


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қайси бир одамнинг кечаси ўқийдиган намози бўлсаю, уйқу унга ғолиб келса, албатта, унга намознинг ажри ёзилади. Уйқуси эса, унга садақа бўлади», дедилар
».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда ҳам инсонга яхши ниятига яраша ажру савоб берилиши ҳақида сўз кетмоқда. Бир одам кечаси нафл намоз ўқишни одат қилган бўлсаю, бирор куни чарчаш туфайли уйқу ғолиб келиб, нафл намозини ўқий олмай ухлаб қолса, барибир унга намоз ўқиганлик савоби ёзилаверар экан. Чунки унинг ҳар кеча нафл намоз ўқиш нияти бор эди ва бунга амал ҳам қилиб юрган эди.

Исломда бундай ният юқори қадрланади. Шунинг учун ҳам у одам узр туфайли нафл намозини ўқий олмаса ҳам ажру савоби ёзилаверади. Уйқуси эса, унга Аллоҳ таоло томонидан қилинган садақа бўлади.

Бу ҳам Исломда яхши ният қанчалар улуғланишини кўрсатади. Чунки яхши иш, яхши ниятдан бошланади. Агар шундай ният бўлмаса, яхши амал ҳам бўлмаслиги аниқ. Шунинг учун доимо ниятни ўнглашимиз ва ўша ниятимизга яраша иш қилишга уринишимиз керак.


Абу Кабша ал-Анморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч нарсага қасам ичаман: «Банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас. Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур. Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар» (ёки шунга ўхшаш бир калима). Мен сизга бир ҳадис айтаман, ёдлаб олинглар: «Албатта, дунё тўрт нафарникидир:
Бир бандага Аллоҳ молини ҳам, илмини ҳам ризқ қилиб берган. У бу билан Роббисига тақво қилур. Силаи раҳм қилур. Ундаги Аллоҳнинг ҳаққини билур. Бу энг афзал даражадир.
Бир бандага Аллоҳ илмни ризқ қилиб берибди-ю, молни ризқ қилиб бермабди. У содиқ ниятли бўлиб, агар молим бўлганида фалончининг амалини қилар эдим, дейди. У ниятига яраша олади. Икковларининг ажри баробардир.
Бир бандага Аллоҳ молни ризқ қилиб берибди, аммо илмни бермабди. У илмсиз равишда молини тўғри келган тамонга сочади. У билан Роббисига тақво қилмайди, силаи раҳм қилмайди. Ундаги Аллоҳнинг ҳаққини билмайди. Бу энг ёмон даражадир.
Бир бандага Аллоҳ молни ҳам, илмни ҳам ризқ қилиб бермабди. У эса, агар молим бўлганида фалончининг амалини қилар эдим, дейди. У ниятига яраша олади. Икковларининг гуноҳи баробардир», дедилар
».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Абу Кабша ал-Анморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Аввал у киши билан танишиб олайлик:

Асл исмлари Саид ибн Амр эди. Саҳобалардан эдилар. Шомда истиқомат қилганлар. Ҳадисларни Абу Бакр розиялоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қисқа иборалар билан ўта муҳим ҳақиқатларни баён қилмоқдалар. Ҳадиси шарифда зикр этиладиган ҳақиқатларнинг жуда ҳам муҳим эканига аввалдан қасам ичишлари ҳам бунга далолат қилиб турибди.

Ҳадиснинг аввалида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Уч нарсага қасам ичаман», демоқдалар.

Жуда муҳим бўлмаса, у киши ҳеч қачон қасам ичмайдилар. Хўш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қасам ичиб таъкидлашларига арзийдиган ўша уч нарса нима экан?

1.«Банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас».

Банда ўз молидан бошқа бировга садақа берса, зоҳиран унинг моли садақа қилиб берилган миқдорча камайганга ўхшайди. Лекин аслида эса, Аллоҳнинг наздида у кўпаяди. Ақалли нуқсонга учрамайди. Аллоҳ таоло садақа қилинган молга барака беради, унинг эвазига бошқа томондан зиёда қилади. Садақа қилинган мол эса, бу дунёдан у дунёга кўчирилган бўлди, холос. 

Бир гуруҳ одамлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васлламга: 

«Сўйилган ҳайвоннинг тўртдан бири қолди, холос, қолганини садақа қилдик», деганларида, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Тўртдан биридан бошқаси қолибди», деганлар. 

Бу ҳақда иншааллоҳ, садақанинг фазли тўғрисидаги бобда батафсил тўхталамиз.

2. «Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур».

Бу ўч олиш имконига эга бўлатуриб, ўзига зулм қилган одамни афв қилиб юбориш фазилатли иш эканини кўрсатади. Золимнинг зулмини рад этиш ҳар бир мусулмоннинг бурчи. Аммо шахсий масалаларда бировдан зулмга учраб, уни кечириб юбориш ҳам фазилат. Чунки ўзаро афв қилиш бўлмаган жамиятда тартибсизлик, зулм кўпаяди. Бундай жамият аъзолари орасида ўзаро душманлик руҳи кучаяди. Оқибатда бундай жамият таназзулга юз тутади. 

Афвнинг фазилати тўғрисида ҳам тегишли бобда алоҳида сўз юритгаймиз, иншааллоҳ.

3. «Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар».

Банда осонлик билан ризқ топиш йўлига ўтиб, дангасалик қилса, тиланчиликни ўзига раво кўрса, Аллоҳ таоло уни камбағаллик сиртмоғига солиб қўяди. 

Ислом кишиларни пешона тери билан, ҳалол-пок меҳнат орқали кун кўришга чақиради. Тиланчилик билан ҳаёт кечиришни қоралайди. Гарчи Исломда тиланчиликка изн берилса ҳам, ноилож қолганда, иффат ила қилиниши кўзда тутилган. Тиланчилик яхши нарса эмаслиги кўплаб ҳадисларда уқдирилган. Ҳатто тиланчи тиланчилик қилаверса, юзидан бир парчадан гўшти узилавериб, қиёмат куни юзида гўшт қолмай тирилади, деган маънодаги ҳадис ҳам келган. Бу мавзу ҳам ўз ўрнида алоҳида ўрганилади.

Ҳадисда шу жумладан кейин «ёки шунга ўхшаш бир калима» деган ибора келган. Бу ҳолат жуда кам бўлса-да, баъзи бир ривоятларда учрайди, буни «Ровийнинг шаки» дейилади, яъни, ровийнинг қулоғига яна шунга ўхшаш бир калима ҳам эшитилганга ўхшаган-у, аниқ етмаган, шунинг учун омонатга хиёнат бўлмасин, деб ҳолатни ҳам баён қилиб қўйган.

Сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эшитиб турган саҳобаларга: 

«Мен сизга бир ҳадис айтаман, ёдлаб олинглар», дедилар. 

Бу ҳам айтиладиган ҳадис ўта муҳим эканига далолат қилади. Қани, ўша ҳадисни батафсил ўрганиб чиқайлик-чи, унда яна қандай ҳикматлар ҳақида гап кетади экан.

«Албатта, дунё тўрт нафарникидир». 

Яъни, бу дунёда яшайдиган одамлар тўрт хилга бўлинадилар:

1. «Бир бандага Аллоҳ молини ҳам, илмини ҳам ризқ қилиб берган. У бу билан Роббисига тақво қилур. Силаи раҳм қилур. Ундаги Аллоҳнинг ҳаққини билур. Бу энг афзал даражадир».

Яъни, мазкур тўрт хил одамлардан биринчи хилига Аллоҳ таоло ҳам молу дунё, ҳам илм-маърифат берган бўлади. Шу билан бирга, ўша одам ўзи эришган нарсалар ила Роббисига тақво қилиб яшайди. Молу дунёсини Аллоҳ кўрсатганидек, сарфлайди. Илмини ҳам тақво йўлида ишлатади. Силаи раҳм, қариндошлик алоқаларини яхши қилиб боради. Ҳам молу дунёдаги, ҳам илмдаги Аллоҳнинг ҳаққини адо қилади. Молининг закотини бериб, ундан садақотлар қилади, Аллоҳнинг дини йўлида сарфлайди. Илмига амал қилиб, кишиларни тўғри йўлга чақиради ва ҳоказо. Бу мазкур тўрт тоифа ичида энг афзал даражадир. 

Демак, Ислом нуқтаи назарида энг яхши одам молу мулкка ҳам, илмга ҳам соҳиб бўлиб, ҳар икки соҳада ҳам Аллоҳнинг ҳаққини адо этгувчи, қариндош-уруғларига яхшилик қилгувчи тақводор кишидир. Бунда Исломда молу дунё қораланади, деганларга раддия бор. 

Ислом назарида молу дунёнинг айни ўзи ёмон нарса эмас, балки унга ҳирс қўйиш, уни нотўғри йўлларга сарфлаш ёмон. Молу дунё бўлсаю уни тўғри йўл билан, шариатда кўрсатилганидек, жойига сарфлаш жуда ҳам яхшидир. Шу боис ҳадиси шарифда энг яхши тоифадаги одамда ҳалиги шартлар билан молу дунё бўлиши маъқул кўрилмоқда.

2. «Бир бандага Аллоҳ илмни ризқ қилиб берибди-ю, молни ризқ қилиб бермабди. У содиқ ниятли бўлиб, агар менинг молим бўлганида фалончининг амалини қилар эдим, дейди. У ниятига яраша олади. Икковларининг ажри баробардир». 

Ҳадисни бу бобда келтирилишига ҳам шу қисми сабаб бўлган. Чунки бу ерда киши ниятига яраша савоб олиши ҳақида сўз кетмоқда.

Бу ерда васфи келган одам Ислом назарида энг афзал бўлмаса ҳам яхши одам ҳисобланади. Унинг ўзига яраша илми бор. Илмига амал ҳам, тақво ҳам қилади. Аллоҳнинг ҳаққини адо этади. Молу мулки бўлмаса ҳам Аллоҳга тақво қилиш, Аллоҳнинг ҳаққини адо этишни орзу қилади. Агар молим бўлганида, олдин зикри келган одамга ўхшаб яхши амалларни бажарар эдим, деб ният қилади. Аллоҳ таоло унга шу яхши нияти учун молу мулк сарфламаса ҳам сарфлаганнинг ажру савобини беради. Чунки у ниятига содиқ одам, агар моли-пули бўлганида Аллоҳнинг йўлида сарфлаши турган гап эди. У худди шу ният билан яшамоқда.

3. «Бир бандага Аллоҳ молни ризқ қилиб берибди, аммо илмни бермабди. У илмсиз равишда молини тўғри келган томонга сочади. У билан Роббисига тақво қилмайди. Силаи раҳм қилмайди. Ундаги Аллоҳнинг ҳаққини билмайди. Бу энг ёмон даражадир».

Энг афзал ва яхши одамларни васф қилиб бўлинганидан кейин энди энг ёмон даражадаги одамни васф қилиш бошланди. Бундай одамга Аллоҳ таоло молу дунё берар экан, аммо илм бермас экан. Илми бўлмаганидан кейин илмлилардан сўраб, тасарруф қилса бўлар эди. Аммо бу жоҳил одам ундай қилмай ўзича тасарруф қила бошлади. Аллоҳ таоло унга ризқ қилиб берган молу дунёни илмсиз равишда тўғри келган томонга сочди, ҳаром-хариш ишларга, фисқу фасодга сарфласа сарфладики, қариндош-уруғларига силаи раҳм ҳам қилмади. Бундай одам ўзига ризқ қилиб берилган молу дунёдаги Аллоҳнинг ҳаққини ҳам билмайди, закотини, хайр-садақасини бермайди. Аллоҳ ризқ қилиб берган мол-дунёни Аллоҳнинг йўлига эмас, аксинча, гуноҳ йўлларга сарфлайди. Демак, бундай одам албатта энг ёмон даражадаги киши бўлиши турган гап. 

4.«Бир бандага Аллоҳ молни ҳам, илмни ҳам ризқ қилиб бермабди. У эса, агар молим бўлганида фалончининг амалини қилар эдим, дейди. У ниятига яраша олади. Икковларининг гуноҳи баробардир».

Тўртинчи тоифадаги одамда молу дунё ҳам, илм-маърифат ҳам йўқ. Шу билан бирга, бу одамнинг нияти ҳам бузуқ. Илмли бўлишни хаёлига ҳам келтирмайди. Аммо молим бўлса, фалончининг амалини қилар эдим, деб юқорида зикр қилинганидек, илм берилмай мол берилган, молини фисқу фасодга сарфлаган одамга ўхшашни орзу қилади. Бу одам нияти бузуқ бўлгани учун ниятига яраша гуноҳ олади. Ёмон амал қилмаса ҳам агар имкони бўлса, тап тортмаслиги эътиборидан унга гуноҳ ёзилади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Муҳим нарсаларни қасам билан таъкидлаш жоизлиги.

2. Хайр-садақага тарғиб қилиш зарурлиги.

3. Хайр-садақа билан молу дунё нуқсонга учрамаслиги.

4. Зулмга учраган одамнинг сабр қилиши зарурлиги.

5. Зулмга учраганда сабр қилган одамнинг иззати Аллоҳ таоло томонидан зиёда қилиниши.

6. Тиланчилик яхши эмаслиги, фақирликка сабаб бўлиши.

7. Муҳим ҳадис ёки гапни ёдлаб олишга тарғиб қилиш яхши эканлиги.

8. Ҳам молу дунёга, ҳам илмга соҳиб бўлиш учун ҳаракат қилишга тарғиб.

9. Илмда ҳам, молда ҳам Аллоҳга тақво қилишга уриниш зарурлиги.

10. Силаи раҳмнинг зарурлиги.

11. Илмда ҳам, молу дунёда ҳам Аллоҳнинг ҳаққини билиб, уни адо этиш лозимлиги.

12. Молу дунёга ва илмга эга бўлиб, тақво ила Аллоҳнинг ҳаққини адо этувчи инсоннинг олий даражадаги инсон эканлиги.

13. Илмли бўлиб, сидқи ният билан молим бўлганда яхшилик йўлида сарфлар эдим, дейишлик савоб эканлиги.

14. Яхши ният туфайли амал қилмаса ҳам ажру савобга эга бўлиш мумкинлиги.

15. Илмнинг фазилат эканлиги.

16. Молу мулкни илмсиз равишда тўғри келган томонга сочиш яхши эмаслиги.

17. Молу дунёси ила Аллоҳга тақво қилмаслик ёмон эканлиги.

18. Силаи раҳм қилмаслик разолат эканлиги.

19. Молу дунёдаги Аллоҳнинг ҳаққини адо этмаслик ёмон эканлиги.

20. Моли бору илми йўқ бўлиб, тақвосиз, ҳаром-хариш сарфлайдиган одам энг ёмон даражадаги одам эканлиги.

21. Илмсизлик яхши эмаслиги.

22. Ҳам илмсиз, ҳам молу дунёсиз бўлиш яхшимаслиги.

23. Ёмон ишлар қилишни ният этиш жоиз эмаслиги.

24. Имкони йўқлигидан ёмонликни қила олмай юрган одам ёмон нияти учун гуноҳга қолиши. 

Бу ҳадиси шарифнинг ҳикмати қанчалар улуғ эканини билиш учун унинг ёғдуси ила бугунги кунимиз воқеълигига бир назар ташлаб чиқишимизнинг ўзи кифоя. Ичимизда хайр-садақадан молу дунё нуқсонга учрайди, деганлар кўпми ёки учрамайди, дейдиганлар кўпми? Бу саволга ижобий жавоб бера олмасак керак. Тўғри, хайр-садақа қиладиганлар йўқ эмас. Лекин хайр-садақа туфайли молу дунё ҳеч нуқсонга учрамайди, деган эътиқоддаги кишиларимиз жуда ҳам оз. Қачонки ичимизда садақа тўғрисида ушбу ҳадиси шариф савиясида фикрлайдиган кишилар кўпчиликни ташкил қилгандагина кўплаб муаммоларимиз ҳал бўлиши мумкин.

Зулмга учраган одамларнинг сабр қилиши ҳам шунга ўхшаш. Аввало, Аллоҳ учун сабр қиладиганлар кам. Урина-урина, қўлидан бир нарса келмаганидан кейин сабр эсига тушадиганлар бўлиши мумкин. Лекин зулмга сабр қилиш туфайли иззати ошишини эътиқод даражасига кўтара олганлар кам. Бу масалада ҳам ушбу ҳадиси шариф ҳикмати даражасига кўтарилишга муҳтожмиз.

Ислом дини тиланчиликни қанчалик қоралашига қарамасдан «мусулмонман», деб юрганлар ичида тиланчиларнинг кўплиги кишини ҳайратга солади. Тиланчилик қилаётганлар бу ишни ўзларига касб қилиб олганлар, десак муболаға бўлмайди. Исломда ночор қолган одамга бир ёки икки марта, ўзини ўнглаб олгунча тиланчилик қилишга изн берилган. «Қути лаа ямути» бўлмаган киши учун тиланчилик қилишга рухсат берилган. Лекин ҳозирги кунимиздаги тиланчиларнинг кўплари бу шартларга риоя қилмайдилар. Улар ҳамма нарсалари бўлатуриб ҳам, қорин тўйғазиш учун эмас, бошқа нарсаларга эришмоқ ниятида тиланчилик қилаверадилар. Шунинг учун ҳам баракадан узоқлар, тиланчилик қилиб қанча топсалар ҳам бирлари икки бўлмайди. Қолаверса, булар Ислом ва мусулмонлар ҳақида бошқалар наздида ёмон тасаввур қолдирадилар.

Энди ҳадиси шарифнинг иккинчи қисмини воқеълигимизга таққослаб кўрайлик. Ичимизда молу дунё ва илмни бирданига тутганлар борми? Бўлса қанча? Аксинча, мусулмонларда молу дунё билан илм бирга бўлиши мумкин эмас, деган бир тушунча бор. Илмли одам молу мулк учун ҳаракат қилсаёқ маломатга учрайди. Моли борлар эса илмга уринмайди. Оқибатда илмлилар илмсиз бойларга қарам бўлиб қолади. Тирикчилик ўтказаман, деб жоҳиллар ҳузурида илмини хор қилади. Гап фақат диний илм ҳақида кетаётгани йўқ. Илмнинг қайси соҳасига назар солманг шу ҳолатни кўрасиз. Илм эгалари молу дунёсиз, молу дунёси борлар илмсиз.

Исломда эса, молу дунё билан қўшиб илмга эгалик қилган киши энг юқори даражадаги одам ҳисобланиб турибди. Шундай экан, кишиларимизнинг молу мулкда, илмда Аллоҳга тақво қилиш савияси қай даражада? Силаи раҳм қилиш-чи? Бу нарсаларда Аллоҳнинг ҳаққини адо этиш қай даражада? Менимча, ҳадиси шарифда кўрсатилган даражада эмас.

Бугунги кунда дунёнинг ҳеч қаерида мусулмонларчалик мол-дунёни тўғри келган томонга сочадиганлар йўқлиги ҳаммага маълум. Ўйламасдан қилинадиган сарф-харажатлар, исроф ва риёкорликлар тўлиб-тошиб ётибди.

Тўртинчи тоифа одамлари орамизда жуда ҳам кўплиги кишини чуқур қайғуга солади. Ислом олами ер юзидаги бойликларнинг кўп қисмини ўзида тутиб турганига қарамай, мусулмонлар ичида камбағаллик кенг тарқалган. Ўртача йиллик даромадни ҳисобга олганда кўплаб мусулмон мамлакатлар дунёда охирги ўринларда туради. 

Баъзи бир бой ҳисобланган давлатларда ҳам илм йўқ. Ислом илм олишни ҳар бир мўмин ва мўминага фарз қилганига қарамай, Ислом олами саводсизлик бўйича дунёда энг аввалги ўринлардан бирида туради. Ислом оламига илм тарқатиш билан машҳур бир юртда қирқ фоиз одам саводсизлигини айтсам, ҳурматли ўқувчи ишонмасмикан, деб қўрқаман. Илм ва уламоларнинг қадри йўқлиги туфайли илмли кишилар ҳам бошқа ўлкаларга ҳижрат қилиб кетишга мажбур бўлганлар. 

Шу ва шунга ўхшаш бошқа сабабларга кўра ҳозир «Ислом олами» деб номланган ўлкаларда камбағаллик ва жаҳолат ҳукм сурмоқда. Бунга асосан ўзини мусулмон санаб юрган мусулмонларнинг ўзлари айбдордирлар. Уларнинг Ислом дини таълимотларига, юқоридагидек ҳадиси шарифларга амал қилмаганлари туфайли бундай аянчли ҳол юзага келган. Бу ҳолатдан чиқиш учун эса, динимиз таълимотларини, хусусан, ушбу ўрганган ҳадисимизни ҳаётимизга холис ва тўғри татбиқ қилишимиз лозим.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, Аллоҳ аксани яхши кўради ва эснашни ёмон кўради. Бас, ким акса ургандан давоми...

31188 05:00 / 02.03.2017
.Садақа, сўзи луғатда бировни икром қилиш нияти ила эмас Аллоҳ таолога қурбат нияти ила бериладиган нарсадир. Бу мано закот ва ихтиёрий садақани ўзи ичига давоми...

17221 05:00 / 03.03.2017
.Улар иймон келтирган ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур, Раъд сураси, 28оят..Исмим Мариано давоми...

3502 11:00 / 25.05.2022
Имом Авзоий роҳимаҳуллоҳ айтади.Ато ибн Аби Рабоҳ ўз вақтида энг буюк инсон эди. Унинг мажлисида еттита ёки саккизта инсон бўлар эди,.Эътибор беринг. Умавийлар давоми...

1829 13:30 / 28.07.2021