1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ибн Сино ва Fаззолий

18:30 / 05.08.2020 6268 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол:

Абу Али ибн Сино ўзининг илмий-фалсафий қарашлари сабабли дин арбоблари томонидан кучли танқид қилинган. Ҳужжатул-Ислом имом Fаззолийнинг ҳам Ибн Сино ғояларига ашаддий қаршилик кўрсатганини ўқиганман. Шу ҳақда ҳам фикрингизни билдирсангиз, илтимос! Саволларимда хатолик ёки янглишлар бўлса, олдиндан узр сўрайман. Сизни дуо қилиб, Искандарбек.

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Имом Fаззолий ўз китобларида файласуфларнинг ҳолини ва уларнинг шариат билан тўқнашадиган ва тўқнашмайдиган илмларини баён қилганлар. Кейин эса файласуфларни танқид қилишга ўтганлар. Бу танқидлар илоҳиётга ва метафизикага оид ўн олтита ҳамда табиат илмларига тегишли тўртта масалани ўз ичига олган.

Мазкур йигирма масаладан учтасида файласуфлар куфрга кетганлиги ҳақида қарорга келинган. Ўша уч масала қуйидагилар:

1. Файласуфларнинг «олам қадимдир» деган гаплари.

Файласуфлар ўзларининг турли ақлий далилларидан келиб чиқиб, «Олам қадимдир, у кейин пайдо бўлган ҳам эмас, уни биров яратган ҳам эмас» деган фикрни айтганлар.

Имом Fаззолий уларга раддия бериб: «Олам қадимий илоҳий ирода ила мавжуд бўлган, ўша ирода оламнинг маълум вақтда вужудга келишини ирода қилган, ундан олдин мавжуд бўлиши ирода қилинмаган эди, шунинг учун у пайдо бўлмаган. Янги пайдо бўлган ҳар бир нарса эса силсила ила охирги ва қадимги сабабга бориб тақалади, ўша сабаб Аллоҳ таолодир», дея таъкидладилар.

2. Файласуфларнинг «Аллоҳ таоло жузъий нарсаларни билмайди», деган гаплари.

Файласуфларнинг фикрича, Аллоҳ таоло фақат собит куллиётларнигина билади. Шу нарса унинг камолига мос келади. Жузъий майда нарсалар ўзгариб туради. Шунинг учун уларга боғлиқ илм ҳам ўзгариб туради. Илмнинг ўзгариб туриши эса Аллоҳ таолонинг камолига тўғри келмайди. Аллоҳ таоло инсониятнинг амалларини тўп шаклида умумий ҳолда билади, холос. Одамлардан алоҳида шахсларнинг қилган амалини билмайди.

Имом Fаззолий Аллоҳ таоло ўша жузъий амалларнинг барчасини ўзгармас битта илм ила билишини таъкидлайдилар.

3. Файласуфларнинг охиратда жасадларнинг қайта тирилишини инкор қилишлари.

Уларнинг фикрича, охиратда фақат руҳлар қайта тирилтириладилар, холос. Бинобарин, жаннатда жисмнинг лаззатланиши ва дўзахда азобланиши ҳам бўлмайди.

Имом Fаззолий эса жисмларни йўқдан бор қилишга қудрати етган Аллоҳ таоло учун уларни чириганидан кейин қайта тирилтириш ҳам осон эканини таъкидлайдилар.

Демак, бу маънода Ибн Синонинг ёлғиз ўзи танқид қилинмаган. Валлоҳу аълам.

«Зикр аҳлидан сўранг» китобидан

 

Мавзуга оид мақолалар
Мазкур жинларнинг ҳақ калимани қандай эшитишлари ҳақида келгуси ҳадиси шарифда батафсил баён қилинади.Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Менга давоми...

3501 08:02 / 13.10.2018
Савол рўза тутмасликни ёки тутган бўлса ҳам очишни мубоҳ қилувчи амаллар қайсиларЖавоб улар қуйидагилардир1. Беморлик. Ҳалок бўлиши, бирор аъзосига талофат етиши, давоми...

1924 16:09 / 20.05.2020
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг учта қизлари, яъни Зайнаб, Руқайя ва Умму Кулсумлар оталаридан аввал дорилбақога риҳлат қилишган. Руқайя ва Умму давоми...

1573 12:03 / 01.11.2020
Ҳақ ва тўғри йўлда турувчи, инсофли, инсон табиатини ҳақиқатан тушуниб етган олимлар Аллоҳ таоло инсонни .буюриб турувчи нафс, ва .маломат қилиб турувчи нафс, давоми...

1696 09:20 / 15.10.2019
Аудиолар

211090 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130349 14:35 / 11.08.2021