1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Раддия

Пайғамбарликни даъво қилганлар (иккинчи мақола)

19:30 / 25.07.2020 2761 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Сайёднинг зикри

Пайғамбар алайҳиссаломнинг даврларида Мадинаи Мунавварада Ибн Сайёд номли бир одам бўлган. Унинг кўпгина сифатлари Дажжолникига ўхшаган. Кўпчилик уни Дажжол шу бўлса керак деб ўйлаган. Пайғамбар алайҳиссалом ҳам уни кўрганлар ва у билан гаплашганлар. Ибн Сайёдни гоҳида Ибн Соид номи билан ҳам аталган. Келаси сатрларда ана ўша одам ҳақида келган бешта ривоятни ўрганиб чиқамиз.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссалом билан бир тўп кишилар ичида Ибн Сайёд томон борди. Уни, ёш болалари билан Бани Мағола қўрғони олдида ўйнаб юрган-да топдилар. Ўша кунларда у балоғат ёшига етай деб қолган эди. Расулуллоҳ алайҳиссалом қўллари билан унинг орқасига урмагунларича у сезмади. Сўнгра у зот унга: «Менинг Аллоҳнинг расули эканимга шоҳидлик берасанми?» дедилар.

«Шоҳидлик бераманки, сен уммий-саводсизларнинг расулисан», деди.

Кейин Ибн Сайёд: «Менинг Аллоҳнинг расули эканимга шоҳидлик берасанми?» деди.

Расулуллоҳ алайҳиссалом ундан бош тортдилар ва «Аллоҳга ва Унинг расулларига иймон келтирдим» дедилар. Кейин Расулуллоҳ алайҳиссалом унга:

«Нимани кўрасан?» дедилар.

«Мен содиқ ва козиб келади», деди.

«Унда сенинг ишинг аралаш-қуралаш бўлиб кетибди», дедилар Расулуллоҳ алайҳиссалом ва сўзларида давом этиб «Мен сендан бир нарсани беркитдим» дедилар.

«У дух» деган эди.

Расулуллоҳ алайҳиссалом:

«Жим бўл!» Ўз ҳаддингдан ошма!» дедилар.

Шунда Умар ибн Хаттоб:

«Эй Аллоҳнинг расули Менга қўйиб беринг. Унинг бўнига урай!» деди.

«Бу ўша бўлса, унга устун кела олмайсан. Агар ўша бўлмаса, сенинг учун бунинг қатл этишда яхшилик йўқ» дедилар.

Тўртовлари ривоят қилишган.

Муслим:

«Ўшанда кейин Расулуллоҳ алайҳиссалом ва Убай ибн Каъб Ибн Сайёд турган хурмозорга бордилар. У зот хурмо шохлари орасига беркиниб Ибн Сайёд ўзларини кўрмасидан олдин ундан бир нарса эшитиш учун яшириндилар. У эса тўшак устига яхтак чопон кийиб олиб ёнбошлаб олган эди. Тушуниб бўлмайдиган овоз чиқарди. Ибн Сайёднинг онаси Набий алайҳиссаломнинг хурмо шохлари орқасида турганларини кўриб ўз ўғлига:

«Эй Софи! Ана Муҳаммад!» деди.

Ибн Сайёд сапчиб турди. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом:

«Агар (онаси) уни тек қўйганида равшан бўлар эди», дедилар».

Шарҳ: Бу ривоятда Ибн Сайёд ҳақида бир қанча маълумотлар келган:

1. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг бир гуруҳ саҳобалар билан унинг олдига борганлари. Афтидан Ибн Сайёд ҳақида гап кўпайиб кетганидан кейин Расулуллоҳ алайҳиссалом уни ўзлари кўрмоқчи бўлганлар.

2. Ўша пайтда Ибн Соид балоғат ёшига яқинлашиб қолган ёш бола экан.

3. У Пайғамбар алайҳиссаломга иймон келтирмаган.

4. Ибн Сайёд Расулуллоҳ алайҳиссаломни ўзига иймон келтиришга чақирган.

5. Ибн Сайёдга гоҳ рост, гоҳ ёлғон гапирадиган иблис келиб турган бўлган. Буни Расулуллоҳ алайҳиссалом унинг гапларидан билганлар.

6. Набий алайҳиссалом уни синаб кўришга савол ҳам берганлар ва унинг ҳаддан ошаётганини кўриб қаттиқ танбеҳ берганлар.

7. Ибн Сайёднинг нобокорлигини кўргандан сўнг ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссаломдан уни қатл қилишга изн сўраганлар. Аммо Расулуллоҳ алайҳиссалом у Дажжол бўлган тақдирда ҳам, бўлмаганда ҳам қатл қилишдан фойда йўқлигини уқтирганлар.

8. Пайғамбар алайҳиссалом беркиниб туриб Ибн Сайёдга билдирмай унинг гапларини эшитиб кимлигини аниқламоқчи бўлганлар. Аммо Ибн Сайёднинг онаси пайқаб қолиб халақит берган.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий алайҳиссалом, Абу Бакр ва Умарлар билан бирга унга Мадинанинг баъзи йўлларида учрашдилар. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом унга: «Менинг Аллоҳнинг расули эканимга шаҳодат келтирасанми?» дедилар.

«Менинг Аллоҳнинг расули эканимга шаҳодат келтирасанми?» деди у ҳам.

Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом:

«Аллоҳга, Унинг фаришталарига ва китобларига иймон келтирдим. Нимани кўрасан?» деди-лар.

«Сув устида турган Аршни кўраман», деди.

Бас, Расулуллоҳ алайҳиссалом:

«Иблиснинг денгизда турган Аршини кўрар экансан. Яна нимани кўрасан?» дедилар.

«Икки содиқни ва бир козибни ёки икки козибни ва бир содиқни кўраман», деди.

«Бунинг боши айланган. Қўяверинглар», дедилар».

Шарҳ: Бу ривоят аввалгисини таъкидлаш билан бирга Ибн Сайёднинг Иблис билан алоқадорлигини очиқ-ойдин баён қилмоқда.

 (Давоми бор)

Islom.uz портали таҳририяти

Мавзуга оид мақолалар
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда гўё Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин .содир бўлган, бир воқеа бирдан тарқалиб кетди. Бу давоми...

4274 05:00 / 06.03.2017
10савол. Қуръонда сизлар яхудийлар ва насронийлар билан дўст тутинмаслигингиз лозим, деб ёзилган яъни диний таълимотни ўзида ғайридинларга нафрат жо давоми...

11249 20:39 / 22.04.2017
Одатда ҳар бир йил, ҳар бир ойнинг бошланишида оммавий ахборот воситаларида, айниқса интернет саҳифаларида мазкур йил, ой ва кунларга хос бўлган хабарлар, давоми...

5867 20:00 / 31.03.2021
29 савол. Инжилга мувофиқ Исмоил чўри Соранинг Иброҳимдан бўлган ўғлидир. Агар у туғилганидан кейин Соранинг тиззасига ташланганда эҳтимол ва ёлгиз ўғиллигида давоми...

5175 20:56 / 22.04.2017