1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Ораларингиздаги никоҳсизларни никоҳлаб қўйинг! (ўнинчи мақола)

17:05 / 22.07.2020 3104 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имконияти бўла туриб уйланмай ёки турмушга чиқишни рад этиб юриш инсонни зинога олиб бориши мумкин бўлган йўллардандир. Бу ишга баъзи ҳолларда ота-оналар тарафидан ҳам рағбат қилинади. Бунга сабаб қилиб улар: «Болам ёшлигида ўйнаб қолсин», дейдилар ёки шунга ўхшаш баҳоналарни айтадилар. Ёшлар ҳам «ёшлик қайтиб келмайди, кейин эслаб юраман» қабилидаги гапларни гапирадилар. Исломда эса никоҳ ёшига етган ёшлар имконият бўлиши билан никоҳланишлари мақталган ишлардандир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

«Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ (фазли) кенг, ўта билгувчи зотдир. Никоҳ (имкони)ни топа олмаганлар, то Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилгунича иффатларини сақласинлар» (Нур сураси, 32-33-оятлар).

Демак, никоҳлаш ва никоҳланиш катталар ва ёшларнинг бурчидир.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй ёшлар жамоаси! Сиздан ким уйланишга имкони бўлса уйлансин. Албатта, уйланиш кўзни (номаҳрамлардан) қуйи қилувчироқ ва фаржни (фаҳш ишлардан) сақловчироқдир. Кимнинг имкони бўлмаса, у рўзани ўзига лозим тутсин. Албатта рўза тутиш у учун бичилишдир» дедилар».

Имом Бухорий ривояти.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «уйланишга имкони бўлса» деганлари ҳар тарафлама, яъни жисмоний, моддий, маънавий-руҳий тарафлама тайёр бўлиши тушунилади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта уйланиш кўзни (номаҳрамлардан) қуйи қилувчироқ ва фаржни (фаҳш ишлардан) сақловчироқдир» деганларидан никоҳдан ўтганлар никоҳдан ўтмаганлардан кўра фаҳшга кўпроқ йўлиқишлари мумкин эканлигини билдирмоқда. Фаҳшнинг энг каттаси эса зинодир.

Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишига: «Эй Али, уч нарсани ортга сурмагин: намозни вақти кирганда, жаноза ҳозир қилинганда, эрсиз аёлнинг ўз тенги топилганда» деб айтдилар.

Термизий ривояти.

Намоз вақтида ўқилиши фарз, маййитни иложи борича тезроқ кўмиш шарт. Ушбу зарурий, кечиктириб бўлмайдиган ишлар орасида аёлнинг ўз тенги чиқиб турганида узатиш ҳам санаб ўтилиши бу ишнинг ўта муҳим, кечиктириб бўлмайдиган иш эканлигига далолат қилади.

Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Никоҳ суннатимдир, ким суннатимдан юз бурса мендан эмасдир» деб марҳамат қилганлар

Имом Бухорий ривояти.

Энди имконияти бўла туриб уйланмай ёки узатилмай юришга боғлиқ ҳукмлар билан танишиб чиқсак:

- Исломда никоҳ суннати муаккада амаллардандир, яъни бажарилиши таъкидланган суннатдир. Аммо, никоҳланишнинг ҳукми ҳолатга қараб фарз, суннат, макруҳ ва ҳаромга ўзгариб туради.

- Зино ва фаҳш ишлардан ўзини тўхта олмаслигига кўзи етган никоҳланмаган инсон учун уйланиш ёки турмушга чиқиш фарз бўлади. Шундай ҳолатда ҳам уйланмай ёки турмушга чиқмай юрса ҳаром ишни қилган бўлиб, қаттиқ гуноҳкор бўлади.

- Эрлик вазифасини ёки хотинлик вазифасини бажара олмаслигини билган инсонга уйланиш ёки турмушга чиқиш ҳаром бўлади. «Эрлик ёки хотинлик вазифасини бажара олмаслик» дейилганда қуйидагилар тушунилади:

1. Жинсий ожиз бўлган ҳолда билдирмасдан соғлом инсон билан оила қуриш.

2. Жинсий ёки бошқа хавфли юқумли касали бўла туриб билдирмасдан соғлом инсон билан оила қуриш.

3. Руҳий ҳасталиги ёки руҳий камчилиги сабабли турмуш ўртоғига жисмоний, моддий ва маънавий-руҳий зарар келтириши мумкин бўлганда оила қуриш.

4. Никоҳланаётганлардан бири никоҳга рози бўлмаган ҳолда, мажбурланаётгани учун оила қураётганини билган иккинчи тараф учун оила қуриш ҳам ҳаром бўлади. Исломда мажбурлаб никоҳлаш йўқ.

5. Жинсини ўзгартирган одамга никоҳланиш мутлақо жоиз эмас.

Афзал Аброр таржимаси

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маййит чиқган хонадоннинг қўшнилари, ёру дўстлари ёки маййитга алоқадор кишилар учун мустаҳаб бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган сўзларини давоми...

8789 15:01 / 07.07.2020
Зино ва фаҳш масаласини баҳс қилиш чоғимизда бу мавзуга доир Қуръон оятлари, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадислари ва олимларимизнинг давоми...

3030 17:00 / 23.11.2020
Зинога қўл урган аёл Эрим билан бахтли яшар эдик. Эрим уй олгач қайнона ва қайнотамнинг уйидан кўчиб чиқдик. Уларнинг оиласи ўзига тўқ эди. Эрим автоҳалокатда давоми...

4178 17:20 / 14.12.2020
ХулосаЗикр қилинган ва ушбу мавзуга оид ҳаётда учрайдиган бошқа ҳолатларга теран назар солсак фаҳшга, зинога сабаб бўлаётган бир қанча нарсаларни кўришимиз давоми...

3912 15:00 / 04.01.2021
Аудиолар

211010 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130270 14:35 / 11.08.2021