1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ота-онанинг фарзандларга ибрат бўлиши

11:02 / 16.07.2020 3002 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ота-онанинг ўзлари тарбияда намуна бўлсалар, бу фарзандлар тарбиясида самарали бўлиб, уларнинг қалбларига ижобий таъсир қилади. Зеро, гўдак, чақалоқ, бола ота-онасига тақлид қилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» дедилар.

Сўнгра Абу Ҳурайра «Агар хоҳласангиз: «(Бу) Аллоҳ одамларни яратган асл фитратдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас. Ушбу тўғри диндир», деган оятни ўқинг», дер эди».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-онани фарзандлари билан муомалада ростгўй бўлишга, ростгўйликда уларга чиройли ибрат бўлишга чорлаганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир гўдак болага «Мана буни ол», деса-ю, ҳеч нарса бермаса, у одам ёлғончи бўлади», дейдилар.

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда эса Абдуллоҳ ибн Омир розияллоҳу анҳу қуйидагиларни келтирадилар:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйимизда ўтирганларида онам мени чақириб:

«Бери кел, бир нарса бераман», деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Нима бермоқчи эдинг?» дедилар.

«Хурмо бермоқчи эдим», деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Агар унга ҳеч нарса бермаганингда сенга ёлғон ёзилар эди», дедилар».

Болалар катталарнинг ҳаракатларига назар солиб турадилар ва уларга тақлид қиладилар. Ота-онасининг рост гапираётганини кўрган фарзанд ростгўй бўлиб ўсади. Бошқа хулқлар борасида ҳам шундай.

Кичкина Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо тун намозига турган кишини кўриб, ўзлари ҳам ўша кишининг ортларидан намозга турадилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Холам Маймунаникида ётиб қолдим. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб, ҳожатга бориб келдилар. Сўнг юзлари ва икки қўлларини ювиб, яна ётиб, ухладилар.

Кейин туриб, мешнинг олдига келдилар ва унинг боғичини ечдилар. Сўнг ўртача бир таҳорат қилдилар. Сувни исроф қилмасдан, етказиб қилдилар. Сўнг намоз ўқидилар.

Мен ҳам туриб, У зотни кузатаётганимни билдирмасдан, оёқ учида юриб бориб, таҳорат қилдим. У зот намоз ўқирдилар. Мен бориб чап томонларига турдим. У зот қўлимдан ушлаб, айлантириб, ўнг томонларига турғаздилар.

Намоз ўн уч ракатла мукаммал бўлди...».

Имом Бухорий ривоятлари.

Бола Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳорат олаётганларини кўриб, таҳорат олди-да, у зоти бобаракот билан бирга намоз ўқиди. Уйдаги ота-оналар, катталарнинг ўзлари чиройли ибрат бўлишлари ёш болалар қалбига, ахлоқига мана шундай таъсир қилади.

Фарзанд ота-онасининг ҳаракатлари, гап-сўзлари, юриш-туришлари, ахлоқларини кузатиб, улардан баъзи нарсаларни сўрайди, «Фалон ишни нега қилдингиз?», «Фалон гапни нима учун гапиряпсиз?» каби саволларни беради. Агар ота-онанинг қилаётган иши, айтаётган гапи яхши бўлса, яхши. Акс ҳолда, улар фарзандларига нима деб жавоб беришади?

Абдуллоҳ ибн Абу Бакра раҳимаҳуллоҳ отасининг дуо қилишини кузатиб турди-да, отасидан ўша дуо ҳақида сўради. Отаси қилаётган дуоси ҳақида боласига тушунча берди.  

Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ Абдуллоҳ ибн Абу Бакра раҳимаҳуллоҳдан ривоят қиладилар:

«Отамга »Отажон, ҳар куни эрталаб «Аллоҳумма ъаафиний фий самъий, Аллоҳумма ъаафиний фий басарий ва лаа илааҳа илла анта» деб айтаётганингизни эшитаман. Уларни тонг отганда ва кеч кирганда уч мартадан такрорлайсиз» дедим.

Шунда у киши: «Болажоним, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўша дуолар ила дуо қилаётганларини эшитганман. Шунинг учун у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишни яхши кўраман» дедилар».

Ота-она Аллоҳ таолонинг ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларини ҳаётга татбиқ этишлари ва имкон қадар амалларини зиёда қилиб боришлари талаб этилади. Чунки фарзандлари уларни эртаю кеч кузатиб туришади. Болаларнинг кўрган-эшитган нарсаларини илиб олиб, ўзларига сингдириш қобилиятлари биз ўйлаганимиздан анча кучли бўлади. Биз бўлсак «Улар ҳали кичик, ҳеч нарсани идрок қилолмайди, англамайди» деб ўйлаймиз.

Муҳаммад Нур Сувайднинг «Болани набавий тарбия қилиш йўли» китобидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Жарирининг шогирди ва дўсти қози Абу Бакр ибн Комил Аҳмад ибн Комил Шажарий Ибн Жарир роҳматуллоҳи алайҳнинг ўз вақтлари ва амаллари тартибини қуйидагича давоми...

2065 14:00 / 19.07.2019
Амр ибн Ҳазм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Қайси бир мўмин мусибат етган биродарига таъзия билдирса, давоми...

5292 16:50 / 11.01.2019
Абу Муовия Ғулобий қурайшлик бир кишидан ривоят қилади Вуҳайб ибн Вирд Тува водийсида яшайдиган Муҳаммад ибн Мункадирни кўргани келди. Вуҳайб ибн Вирд беморнинг давоми...

3963 19:08 / 27.11.2018
Яъло ибн Убайддан ривоят қилинади .Муҳаммад ибн Савқанинг олдига кирдик. У шундай деди .Сизларга бир гапни айтаман. Шояд, Аллоҳ сизларга у билан манфаат берса, давоми...

1758 07:10 / 28.05.2019
Аудиолар

211025 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130284 14:35 / 11.08.2021