1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ғийбатни бас қилайлик!

15:17 / 15.07.2020 5412 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Динимиз тил орқали содир этиладиган гуноҳлардан қайтарган. Хусусан, бундай гуноҳларга ёлғон гапириш, чақимчилик қилиш, ёлғон гувоҳлик бериш, бировнинг обрўсига тил теккизиш, бировни ҳақорат қилиш, мазах қилиш, сўкиш, бўҳтон қилиш ва ҳоказо. Булар тил офатлари дейилади. Ана шундай тил офатларидан бири — ғийбатдир. Барчамизга маълумки, биродаримиз эшитса хафа бўладиган гапни у йўқ пайтида гапириш ғийбат дейилади.  

Афсуски, бугунги кунда бу гуноҳни содир этадиганлар кўпайиб қолди. Суҳбатларнинг кўпи ғийбатдан холи бўлмаяпти. Икки гапнинг бирида ғийбат қилиб қўйиляпти. Ғийбат қилаётган кимса «Ўша одамнинг ўзи шу ерда бўлганда юзига ҳам айтардим» деб ўзини оқлашга уриняпти. Ваҳоланки, бундай гап билан ўзини оқлаш ва ғийбатни давом эттириш аҳмоқлик, жоҳилликдан ўзга нарса эмас. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда биз бандаларини гуноҳлардан қайтарар экан, ғийбат ҳақидаги оятда ғийбатнинг нақадар жирканч гуноҳ эканини мисоллар билан баён қилган.

У Зот Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

«Сизлардан баъзингиз баъзингизни ғийбат қилмасин. Бирортангиз ўлик ҳолдаги биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Бас, ундан нафратланасизлар-ку!» (Ҳужурот сураси, 12-оят)

Эътибор берсак, бу оятда ғийбат қилиш ўлган биродарининг гўштини ейишга ўхшатилмоқда. Ким ўлик биродарининг гўштини ейишни истайди?! Кимнинг табиати бундай ишни кўтаради?! Ҳеч кимнинг, тўғрими? Бу ишдан табиатимиз шунчалик жирканар эканми, демак, ғийбатдан ҳам ана шундай жирканишимиз лозим.

Ғийбатчи охиратда аламли азобга дучор бўлади.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Меърожга чиқарилганимда бир қавмнинг ёнидан ўтдим. Уларнинг мисдан бўлган тирноқлари бўлиб, улар (ўша тирноқлар ила) юзларини ва кўкракларини тирнар эдилар. Мен: “Эй Жаброил, булар ким?” деб сўрадим. У: “Улар одамларнинг гўштларини ейдиган (ғийбат қиладиган) ва уларнинг обрўларига тил теккизадиган кишилардир” деб жавоб берди”. 

Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Улфатлар билан чойхонадами, уйдами, дам олиш масканларидами ёки бошқа бирон жойда ўтирганимизда суҳбат қизиб, ғийбатга ўтиб кетишдан сақланишимиз керак. Бўладиган суҳбатимиз дунёимиз ва охиратимизга фойдали гап-сўзлар бўлиши, бировни камситиш, обрўсини тўкиш бўлмаслиги керак. Шерикларимиз кимнидир ғийбат қилишни бошласалар, дарҳол уларни бу гуноҳдан қайтаришимиз, унинг нақадар жирканчлигини эслатишимиз керак. Бордию улар насиҳатимизни олмай, ғийбат қилишда давом этсалар, у ҳолда ўзимиз ундай мажлисни тарк этишимиз, ғийбатчилар билан бирга ўтирмаслигимиз керак.

Ҳар сафар ғийбат қилмоқчи бўлганингизда, кўзларингизни юмиб, шундай хаёл суринг:

Вафот этиб, уйида юзи ўраб қўйилган ҳолда ётган биродарингизнинг танасидан бир парча гўштни пичоқ билан кесиб олиб, оғзингизга солиб чайнамоқчисиз, қон аралашган қип-қизил гўштни тишларингиз орасига олиб эзиб-эзиб емоқчисиз.

Энди кўзингизни очинг! Хўш, ғийбатни давом эттирасизми ёки бас қиласизми?

Жоҳиллик қилиб бировни ғийбат қилиб қўйсак, ундан узр сўрашимиз, ғийбат қилган мажлисимизда, ғийбатимизни эшитган одамлар олдида ўша одамни мақтаб, яхши сифатларини эслашимиз, “Мен фалон куни фалончини ғийбат қилгандим. Аслида у кишининг бундай-бундай фазилатлари бор” деб, хатойимизни тузатишимиз керак.  

Аллоҳ таоло барчамизни ғийбат қилишдан ва бошқалар томонидан ғийбат қилинишдан асрасин!

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Мавзуга оид мақолалар
Кўринишидан ўғирланган ёки тортиб олинган молни сотиб олиш мумкинмиЖавоб Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.Кўринишидан ўғирланган ёки тортиб олинганлиги маълум давоми...

7027 15:30 / 13.01.2019
Динимизда инсофдиёнат, ўзаро тотувлик, жамиятдаги бирдамлик ва меҳрмуҳаббат каби хислатлар қадрланади. Чунки тинчликтотувлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик бўлган жамият давоми...

3461 15:40 / 04.10.2019
Али розияллоҳу анҳу дедилар.Бир одам келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан.Рамазондан кейин қайси ой рўзасини тутишимни амр қиласиз, деб сўради..Агар давоми...

3528 16:00 / 11.08.2021
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Алҳамдулиллаҳи Роббил аламийн. Вассолату вассаламу ала Саййидина Муҳаммад ва ала олиҳи ва асҳабиҳи тоййибийна тоҳирийн. Молик ибн давоми...

5793 11:40 / 04.02.2019
Аудиолар

211050 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130310 14:35 / 11.08.2021