1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳар бир дарднинг давоси бордир

15:00 / 02.07.2020 3076 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Беморлик соғликнинг зиддидир. Беморликни баъзи уламо «Жисмнинг мўътадиллик чегарасидан чиқиши» деб таърифлашган. Яъни беморлик тананинг ўз вазифаларини бажаришдан заифлашиб қолишидир. 

Аллоҳ таолонинг бу дунёда жорий қилиб қўйган қонун-қондаларини тафаккур билан ўйлаб кўрган киши турли офат ва беморликларнинг содир бўлиши ҳам борлиқдаги илоҳий конун қоидалардан бири эканини англаб етади. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таоло томонидан бандаларга бўладиган синовдир.

Ким «Солиҳ бандалар беморлик, бало ва мусибатлардан узоқда бўлади», деб ўйласа, хато қилади. Солиҳ кишига офат мусибатларнинг етиб туриши Аллоҳнинг унга бўлган муҳаббати аломатидир. Солиҳ кишига жумладан, беморликларнинг етиб туриши Аллоҳ таолонинг унга яхшиликни ирода қилгани белгисидир. Бундай кишилар учун офат ва беморликлар гуноҳларининг каффоротидир.

Ҳа, агар банда солиҳ бўлса-ю, бирор мусибат ёки хасталикка учраса, бу нарсалар унинг учун гуноҳларига каффорот ёки даражотларининг кўтарилишига айланади. Агар осий бўлса, мусибат унинг учун ёмонликларини ювиш ва бу дунё бевафолигини эслатиш бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонга қай бир мусибат – ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришими - етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорот қилур», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида инсонга етадиган бир неча мусибатлар ичида беморликни ҳам санай туриб, ана шу мусибатларга сабр қилган мусулмоннинг хатоларини Аллоҳ таоло кечиб юборишини таъкидламоқдалар. Албатта, бу борадаги кечиб юбориладиган хатолар, Аллоҳ таоло билан банданинг орасидаги муомалаларда банда томонидан содир бўлган кичик гуноҳлардир.

Мусулмон инсон ҳар қандай беморлик Аллоҳ таолонинг қазо ва қадари эканига заррача шак-шубҳа аралаштирмай иймон келтиради. Шу билан бирга, дардни берган Аллоҳ таолонинг Ўзи давони ҳам беришига шубҳасиз ишонади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ қайси бир дардни нозил қилган бўлса, албатта, унинг шифосини ҳам туширгандир», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар.

Муслимнинг лафзи: «Ҳар бир дарднинг давоси бордир. Қачон даво дардни топса, Аллоҳ азза ва жалланинг изни ила тузалади», дейилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифлари бутун жаҳон тиббиётининг чексиз равишда ривожланишига асосдир. Бунда табибларга турли дардларга тиним билмай даво излаш даъвати мужассам. Бу ҳадиси шариф нафақат табибларга, балки беморларга ҳам катта умид бахш этадиган манбадир. Беморлар ҳам Аллоҳ Расулининг гапларидан руҳланиб, дардларига даво излашда бардавом бўлишган.

Ислом хасталикларни асосан тиб орқали, баъзи руҳий муолажага эҳтиёжлари борларни Қуръони карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг услублари ила муолажа қилишга амр этган. Икки ҳолатда ҳам устозларидан расмий равишда шаҳодатнома олган мутахассисларга мурожаат қилиш амр этилган. Бу ҳақиқатни ҳар биримиз яхши англашимиз ва динимиз амрига бўйсунишимиз вожиб.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ. 

«Ижтимоий одоблар» китобидан.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Абду Робб Макҳул Шомийдан .Жаннатни яхши кўрасизми, деб сўради. .Жаннатни ким яхши кўрмайди, деди Макҳул. Абу Абду Робб .Ундай бўлса, ўлимни яхши кўр, чунки давоми...

2413 08:00 / 26.11.2019
Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳаммод айтади .Муҳаммад ибн Ҳумайд дунё ҳаётида Аллоҳ учун амал қиладиганлардан бири эди. Ўлимидан кейин уни тушимда кўрдим. Эгнида давоми...

1834 07:10 / 12.10.2019
Роҳиба ndash художўй, таркидунё қилган зоҳида аёл деган маънода ишлатиляпти.Абулфараж ва бошқаларнинг ривоят қилишича, Маккада бир гўзал аёл яшарди. Бир куни у давоми...

3276 08:00 / 30.12.2020
Намозни ўз вақтидан кечга суришга фақат икки нарсагина ndash ухлаб қолиш ва эсдан чиқариш узр бўлиши мумкин. Унда ҳам ухлаб қолган уйғониши билан, эсидан чиқарган давоми...

3755 20:00 / 18.08.2019
Аудиолар

213343 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132564 14:35 / 11.08.2021