1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Васият сўзининг мазмун ва моҳияти

17:05 / 30.06.2020 1784 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Васият» сўзи луғатда «етказиш» маъносини англатади. Чунки у билан васият қилувчи бу дунёдаги яхшилигини охиратига ҳам етказади.

Васият шариат бўйича, ўлимдан кейин қўшимча ҳақ сифатида ихтиёрий садақа тайин қилишдир.

Исломнинг аввалида ота-она ва яқин қариндошлар фойдасига васият қилиш вожиб эди. Мусулмон киши ўлимидан олдин «Молининг бунчасини отамга, бунчасини онамга, яна бу қисмини фалончига, у қисмини пистончига беринглар», деб васият қилар эди.

Мерос оятлари тушиши билан бу нарсалар амалдан қолиб, қолган молни меросхўрлар орасида оят асосида тақсимлаш жорий қилинди.

Васият қилиш эса мандуб бўлиб, фақат молнинг учдан бирига ўтадиган бўлиб қолди. Васият фақат уни қилган кишининг вафотидан кейин амалга оширилади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Васият қилгудек нарсаси бор мусулмон кишига васиятини ёзилган ҳолда ҳузурига қўймай, икки кеча (бемор бўлиб) ётиб қолишга ҳаққи йўқ», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Иссиқ жонга ишониб бўлмайди. Киши бемор бўлиб ётиб қолиши билан гувоҳлар олдида васиятини ёздириб қўйгани яхши. Чунки бу иш мол-дунёга тегишли ишдир. Ёзиб қўйилмаса, кейинчалик меросхўрлар ўртасида жанжал чиқиб, қариндош-уруғ, ака-ука, опа-сингиллар ўртасига совуқлик тушиши мумкин. Баъзилар «Маййитнинг номидан хайр-эҳсон қилайлик, тарикасидан савобли жойларга сарф қилайлик» деса, бошқалар кўнмаслиги мумкин.

Шунинг учун молнинг эгаси меросдан ортган молини хайрли нарсаларга сарфламоқчи бўлса, кўзининг очиқлигида ўзи тайин қилгани яхши. Бу билан у савобли иш қилган бўлади. Аммо ёзишнинг ўзи кифоя қилмасдан, гувоҳлар ҳам бўлиши керак. Ёзилган нарса гувоҳларсиз тан олинмаслиги мумкин.

Бизнинг давримизга келиб, ушбу ишга амал қилиш йўқ даражасига тушиб қолганлигидан деярли ҳар бир маййитнинг орқасидан унинг мол-мулки тўғрисида жанжал чиқади. Шу эътибордан ҳар бир мусулмон одам бу ишга жиддий қараши керак.

Оиша розияллоҳу анҳо:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам динор ҳам, дирҳам ҳам, қўй ҳам, туя ҳам қолдирмадилар. Бир нарсани васият ҳам қилмадилар», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ривоятдаги ва умуман, ушбу фаслдаги ҳамма васият маъноси кишининг ўлими олдидан молу мулки ҳақида васият қилиши ҳақидадир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан олдин васият қилмаганлар, чунки у зотда васият қилинадиган мол-мулкнинг ўзи бўлмаган.

Бу ҳол эса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улуғворликлари, камтарликлари ва дунё ташвишидан узоқликларининг аломатидир. Аллоҳ таолонинг Ўзи у зотни бундай ташвишдан фориғ қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, бир эркак ёки аёл олтмиш йил Аллоҳ таолонинг тоатида амал қилур, сўнгра икковларига ўлим ҳозир бўлур. Ана шунда зарарли васият қилиб қўйиб, иккисига ҳам дўзах вожиб бўлур», дедилар», деб туриб, Абу Ҳурайра:

«Қилинган зарарсиз васият ёки қарздан сўнг» оятини қироат қилди».

Абу Довуд ва Термизий саҳиҳ санад билан ривоят қилганлар. Аллоҳ билгувчироқдир.

Шарҳ: Хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин, васият қилишда ниҳояда эҳтиёт бўлиши кераклиги ушбу ривоятдан очиқ-ойдин кўриниб турибди.

Умр бўйи тоат-ибодатда ўтиб, ўлим олдидан битта зарарли васият қилиш билан дўзахи бўлиб қолиш мумкин экан.

Ўлими олдидан бировга, хусусан, ўз меросхўрларига зарар етказадиган васият қилиш мусулмон киши учун ҳаром. «Фалончига меросимдан берилмасин», каби васиятлар зарарли васиятлар қаторига киради.

Қуръони Каримнинг мерослар оятида ҳам бундай васият қилиш нотўғри эканлигига ишора бор. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини айтиб бўлганларидан кейин ўша оятни ҳам далил сифатида тиловат қилиб қўйганлар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бошқа илмлардаги каби фиқҳ илимда ўзига хос истилоҳлар бор. Мазкур истилоҳларни яхшилаб тушуниб олиш кишига фиқҳни англаб етишда катта ёрдам беради. Қуйида ўша давоми...

3534 05:00 / 18.01.2017
Мерос олиш ҳаққи уч хил сабаб ила собит бўлади1. Насаб йўли билан.Отаона, фарзандлар, акаука, опасингил ва амакилар ва бошқа тоифалар шунга кирадилар. Бу тоифани давоми...

2712 17:24 / 10.01.2019
Савол. Дин уламолари ва мустаҳкам шариат муфтийлари инглиз тилини ўрганиш борасида нима дейдилар У шаръан жоизми ёки йўқми Инглиз тилини ўрганишни quotМан давоми...

3970 05:00 / 18.01.2017
Аллоҳ таоло.Агар умаййитнинг боласи бўлса, у қолдирган нарсадан отаонасининг ҳар бирига олтидан бир. Агар унинг боласи бўлмай, унга отаонаси меросхўр бўлса, давоми...

2786 15:00 / 11.04.2019