1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (92-дарс). Исро ва меърожга иймон

13:30 / 29.06.2020 2167 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ва меърож ҳақдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси исро қилдирилган ва шахслари уйғоқ ҳолларида осмонга меърож қилдирилган. Сўнгра Аллоҳ хоҳлаган жойгача юқорига (чиқилган). Аллоҳ у зотни Ўзи хоҳлаган нарса ила икром қилган ва у зотга ваҳий қилган нарсасини ваҳий қилган. «Қалб (кўз) кўрганини ёлғонга чиқармади» (Нажм сураси, 11-оят). Бу дунёю охиратда у зотга Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.

Шарҳ: «Меърож» юқорига чиқиш асбоби, дегани бўлиб, худди нарвон каби нарса. Лекин у қандай нарса эканини билиб бўлмайди. Унинг ҳукми ҳам бошқа ғайбий нарсалар ҳукмига ўхшашдир. Унга иймон келтирамиз, лекин кайфияти билан машғул бўлмаймиз. Бу ерда ушбу гапдан кўзланган маъно эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйғоқ ҳолларида жисм ва руҳлари ила осмонларга, сўнгра Аллоҳ хоҳлаган жойгача кўтарилишларидир. Бунинг ҳақлигига иймон келтирамиз. Чунки Аллоҳ у зотни ушбу самовий сафарда хоҳлаган нарсаси ила икром қилди. У зотга аҳкомлардан ваҳий қилган нарсасини ваҳий қилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари, кўзлари кўрган нарсани инкор қилмади, ёлғон дея эътиқод қилмади. Балки тасдиқлади ва қўшимча қилиб бўлмайдиган равишда комил ишонч ила ишонди.

Исро Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таналари билан уйғоқликларида бўлганига далил:

«Ўз бандасини кечаси Масжидул Ҳаромдан Масжидул Ақсога исро – сайр қилдирган Зот покдир» (Исро сураси, 1-оят).

Чунки банда тана ва руҳнинг мажмуасидан иборатдир. Худди «инсон» лафзи жисм ва руҳнинг мужмуасига исм бўлганидек. Гап айтилиши билан шу маъно тушунилади ва шу тўғридир. Исро ҳам ушбу мажмуа ила бўлган. Бунинг бўлишига ақл жиҳатидан монелик йўқ. Агар инсоннинг кўтарилиши мумкин эмаслиги жоиз бўлса, фаришталарнинг тушиши мумкин эмаслиги жоиз бўлади. Бу эса пайғамбарликни инкор қилишга олиб боради. Бу ўз навбатида куфрдир.

Агар «Аввал Байтул Мақдисга исро қилинишининг ҳикмати нима?» дейилса, жавоб шулки: «Аллоҳ ўта билувчидир, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меърожни даъво қилганларида ростгўй эканликларини изҳор қилиш учундир. Чунки қуррайшликлар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан Байтул Мақдисни сифатлаб беришни талаб қилганларида, уларга васф қилиб бердилар ва уларга ўз йўлларида олдиларидан ўтган (қурайшликларнинг) карвонлари хабарини ҳам бердилар. Агар осмонга тўғридан-тўғри Маккадан чиққанларида, бу иш бўлмас эди. Агар осмондаги нарсалардан хабар берсалар, улар кўрмаган нарсанинг хабарини берган бўлар эдилар. Байтул Мақдисни эса қурайшликлар олдин кўришган эди, шунинг учун, уни кўрмаган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васф қилиб беришлари мўъжиза ўрнида бўлди.

Иккинчи далил:

«Ва, дарҳақиқат, уни бошқа сафар Сидратул мунтаҳа (Тугаш дарахти) олдида кўрди. Унинг ҳузурида маъво жаннати бор. Ўшанда сидрани ўрайдиган нарса ўраб турибди. Нигоҳ бурилмади ҳам, ҳаддидан ошмади ҳам. Дарҳақиқат, ўз Роббининг улкан оятларини (белгиларидан баъзиларини) кўрди» (Нажм сураси, 13-18-оятлар).

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Жаброилни тугаш дарахти олдида кўришлари фақат ўша дарахт олдига ва жаннати Маъвога етишларидан кейингина бўлиши мумкин.

Ушбу оятлардаги «улкан оятлар (белгилар)»дан мурод Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Бану Исроил (Исро) сурасининг аввалида «Унга оятларимизни (белгиларимизни) кўрсатиш учун», (1-оят) деб ваъда қилган белгилардир.

Ушбу олий сафарнинг бошланиши Бану Исроил сурасининг бошида собит бўлган бўлса, ниҳояси Нажм сурасининг сўнгида собит бўлди.

Шунингдек, меърожнинг ҳақлигига, уйғоқликда руҳ ва тана ила бўлганлигига, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир осмонда пайғамбарлар билан учрашганларига далолат қилувчи кўплаб ҳадислар ҳам келгандир. Бу ҳадисларнинг умумий миқдори мутавотир даражасига етган бўлиб, уларни фақат жоҳилгина ёки ўзини жоҳилликка солувчигина инкор қилиши мумкин.

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўзимиз яшаб турган жамият тарихининт яқин 6070 йиллик даврига назар солсак йўл қўйилган катта иллатлардан бири шахсга сиғинишнинг хилмахил давоми...

4097 00:10 / 03.12.2016
Қуръоннинг ҳаммаси тавҳид, унинг аҳлининг ҳуқуқлари, мадҳлари ва ширкнинг мазаммати, унинг аҳлининг жазоси ва оқибатлари ҳақидадир. .Алҳамду лиллаҳи Роббил давоми...

595 19:00 / 08 апрель
Баъзи суфийларнинг ўзаро суҳбатларига қулоқ солсак, туш ҳақида кўп гапларни эшитамиз. Ҳатто, тушни кўпгина нарсаларга далил қилиб ҳам келтирилади. Туш ҳақида ўта давоми...

6367 19:23 / 02.12.2016
иккинчи мақола2. .Улар учун унда жаннатда хоҳлайдиган нарсалари бор. Бизнинг ҳузуримизда эса зиёдаси бор, Қоф сураси, 35оят.Али ибн Аби Толиб ва Анас ибн Молик давоми...

3903 13:00 / 01.06.2020