1447 йил 9 шаъбон | 2026 йил 28 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ота-она нафақаси ўғилга вожибми?

15:18 / 22.06.2020 3703 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол:

Бир танишимизнинг ўғли ёлғиз қолган отасини қариялар уйига топшириб келди, маломат қилганларга «Мен отамни боқишга мажбур эмасман», дебди. Динимизнинг бу масалада қандай ҳукмлари бор? Ҳақиқатан, фарзанд кексайиб қолган ота ёки онасини боқишга мажбур эмасми?

Фарҳод Шожалилов

Тошкент шаҳри

Бу масалада ўғилнинг бой ёки камбағаллигига қаралади. Бой фарзанд катта ёки ёш, эркак ёки аёл бўлишига қарамай, ота-онасини, камбағал бобо ва бувиларини уларнинг мусулмон, зиммий бўлишидан, бирор касб-корга қодир ёки ожизлигидан қатъи назар, нафақа билан таъминлаши лозим ва муҳтож ота-боболарни нафақалашда бой фарзанд бошқа ҳеч кимнинг иштирокини қабул қилмайди.

Агар ота сурункали давом этаётган касал бўлса ёки хотини ё хизматини қиладиган бирор хизматкорга муҳтожлик сезадиган хасталикка чалинган бўлса, бу ҳолда бой ота камбағал ўғлига хизматкор зарур бўлганида унинг нафақасини адо этганидек, бой ўғил ҳам отасининг хотини ё хизматкори нафақасини тўлаши лозим бўлади. Агар камбағал отанинг бир неча хотинлари бўлса, юқорида зикр этилган отага лозим бўлган бир хотиннинг нафақасидан ташқари бошқа хотинларининг нафақасини тўлаш фарзандга вожиб эмас.

Камбағал ўғилга камбағал отани нафақа билан таъминлаш вожиб эмас, фақат ўғилнинг касб-кори бўлса ва ота ишга ярамайдиган, сурункали касалга чалинган бўлса, шундагина фарзанд отага ёрдам беради. Агар оғир касал отанинг уйида она муҳтож ҳолатда бўлса, унинг оғир касаллиги бўлмаса ҳам ва камбағал ўғилнинг фарзандлари ҳам бўлса, ота-оналарининг фарзандларига қўшиб барчаларини биргаликда нафақа билан таъминлайди ва уларга имкониятидан ортиқ нарсани беришга мажбурланмайди.

Агар ўғил вақтинча узоққа кетган бўлсаю унинг мол-мулки бирор кимсага сақлашга ёки қарзга берилган бўлса, қози ўша молдан унинг камбағал ота-онасига нафақа белгилайди. Агар молни сақловчи ёки қарзга олган одам узоққа кетганнинг молидан унинг ота-онасига унинг рухсатисиз ёки қозининг амрисиз нафақа қилган бўлса, нимани нафақа қилган бўлса мол эгаси келиб ўшани кафолатлаши лозим. Ота-онаси буни тўламаслиги керак.

Агар кекса, сурункали оғир касалликка чалинган кишиларнинг моли ёки ёрдам қиладиган қариндоши бўлмаса, улар давлат хазинасидан нафақаланишади.

Ота-оналарини нафақа билан таъминлашда фарзандларининг мерослари эътиборга олинмайди, балки жузъийлик ва қариндош-уруғчилик яқинлиги эътиборга олинади. Агар камбағал кишининг ўғил ва қизи бой бўлишса, уларнинг икковига ҳам оталарини нафақалантириш баробардир. Агар отанинг ўғли ва ўғлининг ўғли (набираси) бўлсаю, уларнинг ҳар иккови ҳам бой бўлишса, отани нафақалантириш ўғил зиммасида бўлади.

Агар ўғил ғойиб бўлса (узоққа кетса) ҳамда унинг моли нақд бўлмаса, у ҳолда отани нафақалантириш ўғилнинг ўғлига (яъни набирага) амр этилади ва унга отаси қайтиб келганидан кейин буни қайтаради. Агар ота ўғлининг ўғли ва қизи бўлса, уларнинг иккови ҳам нафақалантиришда тенгдирлар.

 

Абул Маъоний Собитхонтўра Файзихонтўранинг «Аҳкомуш-шаръийя фил аҳволиш-шахсийя» китобидан олинди.

«Ҳилол» журналининг 5(14) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фақиҳ Абу Лайс раҳимаҳуллоҳ айтадиларОдамлар шеър ўқиш ҳақида гапиришди.Баъзилари уни ёмон кўрди, бошқалари эса унга рухсат берди. Ёмон кўрганлар Аъмаш Абу давоми...

4228 15:00 / 06.01.2021
.Эй мурид Кўзгуга, сўнг солинган нақшга боқ Бир гўзалнинг қариликдаги хунуклигини, бир бинонинг хароб ҳолга келишини унутма ва кўзгудаги ёлғонга алданма,.Мавлоно давоми...

3182 13:30 / 30.07.2021
Яъло ибн Убайддан ривоят қилинади .Муҳаммад ибн Савқанинг олдига кирдик. У шундай деди .Сизларга бир гапни айтаман. Шояд, Аллоҳ сизларга у билан манфаат берса, давоми...

1823 07:10 / 28.05.2019
.Саҳиҳайн,да келади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг қўлидан ушлаб олгандилар. Умар у кишига .Эй Аллоҳнинг Расули, сиз менга давоми...

2003 11:02 / 30.10.2020