1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Ким намозни унутса, эслаган чоғида ўқиб олсин!

13:35 / 21.06.2020 3651 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарларидан бирида (ҳамма) Бомдод намозида ухлаб қолиб, қуёшнинг иссиғидан уйғондилар.

У зот алайҳиссалоту вассалом:

«Бу жойдан бошқа жойга ўтинглар», дедилар.

Сўнгра Билолга амр қилиб, азон айттирдилар. Сўнгра таҳорат қилиб, икки ракъат фажр (Бомдод)ни (суннатини) ўқидилар. Сўнгра Билолга амр этиб, такбир айттирдилар ва уларга Бомдод намозини ўқиб бердилар».

Абу Довуд ва икки Шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда зикри келган ҳодиса жуда маълум ва машҳур.

Муҳаддисларимиз иштирокчиларнинг гапларини бир неча ҳадисларда келтирганлар. Жумладан, Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу ан­ҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар ғазотидан қайтганларида кечаси билан юрдилар. У зотни мудроқ босганида, кечанинг охирида дам олишга қарор қилдилар ва Билолга: «Бизнинг қоровулимиз бўл», дедилар.

Билол қудрати етганича намоз ўқиди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг саҳобалари уйқуга кетдилар. Тонг яқин қолганда Билол юкларига суянган ҳолда кўзи кетиб, ухлаб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, Билол ҳам, саҳобалардан бирортаси ҳам қуёш уларни урмагунича уйғонмадилар.

Биринчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чўчиб уйғондилар ва:

«Ҳой Билол!!!» дедилар.

«Сизнинг нафсингизни олган менинг нафсимни ҳам олди», деди Билол. У зот:

«Туриб, жўнанглар!» дедилар.

Бас, туриб, кўчларини бир оз юргиздилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдилар ва Билолга амр қилдилар, у такбир айтди. Бас, уларга Бомдод намозини ўқиб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни ўқиб бўлгач:

«Ким намозни эсидан чиқарса, эслаган чоғида ўқиб олсин. Чунки Аллоҳ таоло: «Намозни Менинг зикрим учун қоим қил», деган», дедилар».

Ушбу ривоят олдингисини тўлдириб келмоқда.

1. Намоздан ухлаб қолмасликнинг барча тадбирларини кўриш кераклиги.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Билол розияллоҳу анҳуни қоровул қилиб қўйишлари айни шу муддао учун бўлган.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умр­ларида бир марта Бомдод намозидан ухлаб қолганларлики.

Кўпчилик уламолар «Бу Аллоҳнинг иродаси ила махсус равишда, қазо намозини қандай ўқишни ўргатиш учун бўлган», дейдилар.

3. Ухлаб, намозни ўтказиб юборган одам уй­ғонганидан кейин дарҳол ўқиб олиши лозимлиги.

4. Шариатга хилоф иш содир бўлган жойдан тезроқ жўнаб кетиш зарурлиги.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўша ердан кетиб, бошқа томонга ўтиб, Бомдоднинг қазосини ўқиганлари шуни кўрсатади. Баъзи ривоятларда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу водийдан бошқа жойга ўтинглар, бу ерда шайтон бор экан», деганлар.

5. Қазо намозига ҳам азон айтилиши.

6. Қазо намозига ҳам такбир айтилиши.

7. Бомдоднинг суннатининг ҳам қазосини ўқиш лозимлиги.

8. Қазо намозни жамоат билан ўқиса ҳам бўлиши.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
386. Абу Бурда ибн Абу Мусо Ашъарийдан ривоят қилинади.Абу Мусо розияллоҳу анҳу бемор бўлди. Шунда ҳушидан кетди. Унинг боши аҳлидан бир аёлнинг қучоғида эди. Шунда давоми...

5077 13:30 / 17.07.2020
Бу масалага мушриклар қандай қараганларини уларнинг Валид ибн Муғийра билан қилган маслаҳатларидан билиб олинади. У Қурайш қабиласининг бошлиқларидан ва давоми...

4316 18:01 / 21.12.2017
612. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, Аллоҳ Ўз неъматининг асарини бандасида кўришни севади,, давоми...

1563 19:00 / 27 март
. ,.443. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Рамазон ойи кирганда жаннат эшиклари очилади, дўзах давоми...

3914 13:00 / 04.12.2020
Аудиолар

213458 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар