1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ашъарий ва Мотуридий ақийда мазҳабларининг вужудга келиши (иккинчи мақола)

10:40 / 17.08.2021 2904 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аввалги самовий китоблар ўзгартирилишидан ташқари, уларни тушуниш борасида ҳам янглишиш, хато талқин этиш ҳолатлари кўпайиши натижасида ушбу китобларга иймон келтирган умматларда нафақат амал бобида, балки ақийда бобида ҳам ҳақдан оғиш юз берди. Хусусан, яҳудийлар Аллоҳ таолога нисбатан беодоблик қилиб, У Зотга жисм исбот қилишди. Уларнинг бундай тасарруфлари нафси ҳавога эргашишнинг оқибати эди. Насронийлар эса Ийсо алайҳиссаломнинг ғайритабиий таваллудини нотўғри англаб, ғулувга кетиб, Аллоҳ таолога фарзанд, шерик исбот қилиб қўйишди. Улар ҳам ҳақдан адашди. Бу икки самовий динларга эргашганларнинг ҳоли шу бўлгач, бошқа халқларнинг адашувларини айтмаса ҳам бўлади. Дунё ана шундай жаҳолатга ботиб турган бир пайтда Аллоҳ таоло Ўзининг сўнги дини Ислом билан борлиқни мунаввар этишни ирода қилди.

Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аввало одамларнинг эътиқодини ислоҳ қилиш учун курашдилар. Зотан, Ислом динининг пойдевори, учдан бири айнан ақийдадан иборатдир. Нубувватнинг биринчи ярми деярли ақийдани ўргатишга бағишлангани ҳам бежиз эмас эди. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида мусулмонлар асосан Араб жазирасида истиқомат қилувчи араб қабилалардан иборат бўлиб, соф араб бўлгани, турли хил фалсафалардан йироқ, табиий инсоний жамият вакиллари эканлари боис араб тилда нозил бўлаётган Қуръон оятлари ва шу тилда янграётган ҳадиси шарифларни табиий завқлари билан тушунишар эди. Мабодо бирор оят ё ҳадисни тушунишда муаммо чиқса ҳам ҳеч бир қийинчиликсиз унинг ечимини бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан билиб олишар эди. У зот вафот этганларидан кейин эса араб бўлмаган, турли хил эътиқодларда яшаган кишиларнинг Исломга киргач, оят‑ҳадисларни англашда аста‑секин муаммолар бўй кўрсата бошлади. Дастлаб Ибн Аббос, Ибн Умар, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳум каби саҳоби киромлар уларга тўғри талқинни таълим бериб ўтдилар. Улардан кейин уларнинг таълимларини олган тобеинлар ва уларнинг шогирдлари ичидан айнан ақийда бобида мутхассис бўлганлар бу борада юзага келган мушкулликларга ечим беришга ҳаракат қилдилар. Шу даврдаёқ ақийда масалаларида мантиқий ёндашув, ақлий таҳлиллар муомалага кира бошлади.

Имом Абу Ҳанифа (ваф. 150 ҳ.), Абдуллоҳ ибн Саъид Куллобий (ваф. 240 ҳ.), у кишининг шогирдлари Абу Аббос Қалонисий, Ҳорис Муҳосибий каби салаф уламолар калом илми билан шуғилланиб, бу борада айрим мавзуларда сўз юритишган. Уларнинг урунишлари калом илмининг пайдо бўлишида бир дебоча, пойдевор ҳисобланади, аммо тўлақонли мазҳаб ҳолига келмаган. Зеро, уларнинг даврида бунга эҳтиёж ҳам бўлмаган эди. Чунки улар ўша пайтда кўтарилган, одамларнинг қалбига шубҳа солаётган айрим ақийда масалаларигагина тўхталганлар ва мавжуд бузуқ эътиқодларга раддия бериш билан чекланганлар.

Улардан кейин мўътазила, қадария, жабрия каби ақидада адашган тоифалар урчиб кетди. Бу тоифаларнинг фикрлари ақийда бобидаги аксар масалаларга дахл қила бошлади.

Халифа Мутаваккил ҳукмронлиги (234‒247 ҳ.) йиллари мўътазилаларнинг сиёсий доирага таъсири ортиб, Қуръони Каримни махлуқ, яъни яратилган нарса дейиш расмий эътиқод даражасига олиб чиқилди ва одамларни шу ақийдага мажбур қилинди. Олимларни олиб келиб сўроқ қилинар, агар Қуръонни махлуқ деб айтмаса, сазойи қилинар эди. Бу ҳол жуда ҳам катта офат ва фитнага айланди. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ бу фитнага қарши жасорат билан турдилар. У кишининг шарофатлари билан мўътазилаларнинг сиёсий ҳаракатларига чек қўйилди. Бироқ, у зотнинг услублари нақлга чекланишни илгари суриш бўлгани учун мўътазилаларнинг фикрларидан таъсирланган одамларни ақлий илмлар асосидаги баҳс ва тушунтиришлар билан ҳаққа қайтариш энг долзарб масалага айланган эди.

Муътазилаларнинг бундан бошқа масалаларда ҳам ақлни устун қўйиш натижасида аҳли суннага хилоф сўзлари кўп эди. Уларнинг мантиқ илмидан фойдаланиб ўртага ташлаган фикрлари кўпчиликни саросимага солиб, тўғри эътиқоддан чалғитар эди. Ҳатто анча‑мунча илмли кишилар ҳам  уларнинг фитнасига тушиб қолди. Шунингдек, моддийюнчилик ва бошқа фикрий‑фалсафий ҳаракатлар ҳам соф Ислом ақийдасига шубҳа солишга ҳаракат қилар эди.

Ушбу оғир вазиятда аҳли сунна уламолари мўътазилалар ва файласуфлар ишлатаётган ақлий илмлар билан қуролланиб, уларга айни ўз услубларида жавоб бериб, соф эътиқоднинг ҳимояси учун курашга кирдилар. Улар ақл қиличи билан нақл биносини мудофаа этардилар. Бу борада аҳли сунна уламоларига икки буюк аллома ‒ Абу Мансур Мотуридий ва Абу Мусо Ашъарий имом бўлиб танилди. Ислом оламининг шарқида Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ, ғарбида эса Абу Ҳасан Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ ўша пайтда Ислом давлатининг пойтахти бўлган Бағдодда туриб ўзларининг бор билим ва иқтидорларини аҳли сунна эътиқодини ҳимоя қилишга сафарбар қилдилар ва ўша даврда мавжуд бўлган адашган тоифалар, хусусан, мўътазилаларга қақшатқич зарбалар бериб, барчанинг кўз ўнгида уларни ер билан битта қилиб мағлуб этдилар.

Бу икки имомнинг илмий ҳаракатлари ақийда мавзусининг барча бобларини қамраб олгани ва улар масалаларни ёритишда маълум асослар бўйича тизимли иш олиб борганлари учун ҳар бирларида ўзига хос мазҳаб шаклланди. Бошқача қилиб айтганда, салаф уламоларнинг бу борадаги илмий ҳаракатлари аҳли суннадаги мазкур ақийда мадрасаларининг вужудга келишига замин яратган. Улар ўз мазҳабларини салафи солиҳларнинг таълимотлари асосида қурганлари учун ҳам Ислом уламолари томонидан қабул қилинди.

Абу Ҳасан Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳнинг мўътазила эътиқодида етук олим бўлиб туриб, ундан қайтиб, аҳли сунна ва жамоа мазҳабига ўтганини эълон қилиши ҳам одамларнинг тафаккурида катта бурилиш ясади.

Африка қитъасида, анироғи, Мисрда Абу Жаъфар Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ аҳли сунна эътиқодини баён қилиб, барчанинг таҳсинига сазовор бўлди. У кишининг асарлари бугун ҳам қадрини йўқотгани йўқ.

Мазкур имомлар ҳамда уларга эргашган уламоларнинг илмий ҳаракатлари билан фалсафачиларнинг ташвиқотлари ва сиёсий босим остида қолган аҳли сунна эътиқоди қайта бош кўтарди, илмий мажлислар яна жонланди, соф эътиқод таълимотлари дунё бўйлаб таралди ва баҳсу мунозаралар аҳли суннанинг ғалабаси билан якун топди.

Имом Шаҳристоний ўзининг «Ал‑Милал ван‑ниҳал» номли китобида айтади: «Ниҳоят, Абдуллоҳ ибн Саъид Куллобий, Абу Аббос Қалонисий, Ҳорис ибн Асад Муҳосибийлар салаф уламолардан бўлганлари ҳолда, бевосита калом илми билан шуғулланишди. Улар салафи солиҳларнинг эътиқодларини калом илмининг ҳужжатлари ва асосли бурҳонлар билан қувватлашди. Улардан базилари китоб тасниф этган бўлса, баъзилари дарс беришда давом этди. Ниҳоят, Абу Ҳасан Ашъарий билан устози ўртасида «салоҳ» ва «аслаҳ» (яъни, солиҳ ва солиҳроқ бўлиш. Бу жуда ҳам машҳур ҳикоя) масаласида мунозара ҳам келиб чиқди. Улар тортишиб қолиб, имом Ашъарий аҳли суннага ўтиб, уларнинг сўзларини калом илми қоидалари билан қўллаб қувватлашга киришди. Аста секин ушбу услуб аҳли суннанинг мазҳабига айланди ва сифотийлик (яъни Аллоҳнинг сифатларини тасдиқлаш) ашъарийликнинг белгисига айланди».

Ибн Халдун «Муқаддима»да тархидаги ақийдавий эврилишларни сўзлаб келиб, шундай дейди: «Ниҳоят, Шайх Абу Ҳасан Ашъарий чиқди... У Абдуллоҳ ибн Саъид ибн Куллоб, Аббос Қалонисий ва Ҳорис Муҳосибий каби салафларнинг издошларидан ва аҳли суннанинг йўлидагилардан эди».

Имом Мотуридий ва имом Ашъарийнинг илмий ҳаракатлари, ақийдавий мазҳаблари жумҳур уламолар тарафидан олқишланди ва бунинг провардида вақт ўтиши билан ушбу икки мазҳаб аҳли сунна ва жамоанинг ақийдасига айланди.

Қуйида аввал ушбу икки ақийдавий мазҳаб ҳақида умматнинг энг катта уламолари айтган сўзлардан иқтибослар келтириб, кейин Аллома Субкий ва бошқа олимлар келтирган ашъарий ва мотуридий мазҳаби уламоларининг рўйхатини келтирамиз.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

06.06.2020 йил

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Пайғамбарларга лозим бўлган сифатлардан бири уларнинг эркак кишилардан бўлишларидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломга қуйидаги хитобни қилади давоми...

3593 17:30 / 28.02.2022
Сифатларнинг тақсими Аҳли сунна ва жамоанинг халаф уламолари Аллоҳ таолонинг сифатлари ва гўзал исмлари ҳақида келган оят ва ҳадисларни атрофлича ҳамда чуқур давоми...

2610 14:00 / 05.04.2021
Олдини олиб, тезроқ тавба қилинмаса, кичик гуноҳлар катталашиб кетиши турган гап. Гуноҳи сағийраларнинг катталашувига бир қанча сабаблар бор.1. Улардан бири давоми...

5139 22:04 / 22.04.2017
. ,. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ азза ва жалла халойиқнинг тақдирини қазо қилган давоми...

2861 15:00 / 10.05.2021