1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Ота‑онага юксак эҳтиром

15:30 / 02.06.2020 2778 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Ота‑онанинг ҳурмати, фарзанд устидаги ҳаққи тўғрисидаги оятлар ва ҳадислар бу борада дунё тарихида мисли кўрилмаган олиймақом таълимотлар экани маълум ва машҳурдир. Хусусан, бу оят ва ҳадисларни, илоҳий кўрсатмалар ҳамда исломий ҳикматларни ҳаётга татбиқ қилган мусулмонларнинг ота‑оналарига кўрсатган юксак эҳтиромлари ва фидойиликларига тарих шоҳиддир.

Аллоҳ таоло «Луқмон» сурасида шундай дейди:

«Биз инсонга ота‑онаси ҳақида тавсия қилдик: онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди; уни сутдан ажратиш икки йил ичидадир: «Менга ва ота‑онангга шукр қилгин. Ва қайтиш фақат Менгадир» (14‑оят).

Қуръони Каримда фарзандларга ота‑онани ҳурмат қилиш, уларни эъзозлаш ҳақида қайта-қайта насиҳат берилади. Чунки Ислом ота‑онанинг ҳаққини юқори қўяди. Ушбу оятда эса, ота‑онани ҳурмат қилиш ҳар бир фарзанд учун Аллоҳнинг амри экани баён этилмоқда.

«Биз инсонга ота‑онаси ҳақида тавсия қилдик…».

Оятдаги «тавсия», кўпчилик тушунганидек, ихтиёрий иш эмас, балки Аллоҳнинг амридир. Ўша амр нимадан иборат эканини айтишдан олдин ота‑онани ҳурмат қилишнинг сабаби айтиб ўтилади.

«Онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди».

Яъни ҳомиладорлик пайтида онаси уни қорнида заифҳол бўлиб кўтаради. Борган сари заифлик устига заифлик ортиб боради. Бу ҳол бола туғилгунича давом этади.

«Уни сутдан ажратиш икки йилдадир».

Яъни қорнида заифлик устига заифлик билан олиб юрган она қийналиб туққан бу арзандасини кейин яна икки йил давомида эмизади.

Уламоларимиз шаръий эмизиш муддати икки йил экани ҳақидаги ҳукмни шу жумладан олганлар. Бола икки ёшга етгунича бирор аёлни эмса, сут орқали насаб собит бўлади, ва ўша эмизишга боғлиқ ҳукмлар жорий қилинади. Мисол учун, уни эмизган аёл унга эмизикли она, унинг эри ота, болалари ака‑ука, опа‑сингил бўладилар. Маҳрамлик ва никоҳ масалаларидаги ҳукмлар ҳам шунга мувофиқ кучга киради.

Хуллас, она ҳам ҳомиладорлик даврида, ҳам эмизиш даврида бола туфайли катта қийинчиликларни бошидан ўтказади. Шунинг учун ҳам фарзандда онанинг ҳаққи отаникидан кўп бўлади.

Оятнинг давомида тавсиянинг нимадан иборат экани айтилади:

«Менга ва ота‑онангга шукр қилгин».

«Эй инсон фарзанди, аввало Менга – яратган Роббингга, кейин ота‑онангга – сенинг дунёга келишингга сабаб бўлган зотларга шукр қилгин. Бу ишлар сенинг энг олий бурчингдир».

«Ва қайтиш фақат Менгадир».

«Билиб қўй, ана ўша қайтиш бўлганида бу ҳақда Ўзим ҳисоб-китоб қиламан».

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Болаларнинг нафақаси, уларни озиқовқат, кийим кечак, тураржой билан таъмин этиш отанинг бурчидир. Бу нарсалар ҳалолпок бўлиши матлубдир. Ҳаром касб билан топилган давоми...

3408 11:07 / 21.02.2020
Биринчи мақола Эр ўз хотини олдидаги молиявий бурчларини адо этиш билан бирга, муомалавий бурчларини ҳам шараф билан адо этиш пайидан бўлиши лозим.Эр хотинига давоми...

4451 08:55 / 02.07.2019
Она тилимизда ҳали чуқур луғавийилмий ишлар олиб борилмаганлигиданми, баъзи истилоҳларда ўйланиб қоладиган ҳолатлар бор. Мисол учун .Хотин, сўзи турли жойларда давоми...

4796 20:00 / 09.08.2019
Ёш болани қарамоғига олиш уни зарарли нарсалардан муҳофаза қилиш, уни тозалаб, едирибичириб, кийинтириб, роҳати учун керакли нарсалар ила таъминлаб, тарбиялашдан давоми...

3051 19:04 / 31.01.2020
Аудиолар

211144 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130403 14:35 / 11.08.2021