1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Масжидул Ҳарамнинг фатво соҳиби Аъто ибн Абу Рабоҳ

12:49 / 04.05.2020 2792 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳижрий тўқсон еттинчи йил. Зулҳижжа ойининг охирги ўн куни. Каъбатуллоҳ пойи пиёда, от-уловда келган одамлар билан тўла. Улар орасида ёшу қари, эркагу аёл, оқу қора, арабу ажам, бошлиғу хизматкорлар бор. Барчалари оламлар Роббисига бўйин эгиб, итоат этиб келишган. Мусулмонларнинг ўша пайтдаги халифаси Сулаймон ибн Абдулмалик ҳам Каъбатуллоҳни бошяланг ва оёқяланг тавоф этар, устида фақат изор ва ридо бор эди. Бошқа мусулмонлардан мутлақо фарқ қилмасди, бутун фикру-зикри Аллоҳда. Икки ёнида юзлари тўлин ойдек ёруғ, кийинишлари ҳам бежирим икки ўғли. Ибодат охирлаб қолганида халифа Каъбатуллоҳ хизматчиларининг биридан:

– Бошлиқларингиз қаерда? – деб сўради.

– Шу ерда, намоз ўқияпти, – дея жавоб берди у ва Масжидул Ҳарамнинг ғарб тарафига ишора қилди.

Халифа ўғилларини олиб ўша ёққа йўналди. Хос хизматкорлар халифага йўл бўшатиш учун одамларни четга суришга уриндилар. Бироқ уларнинг ҳаракатлари халифага маъқул келмади:

– Бу жой шоҳу гадолар тенг бўладиган маскандир. Бу ерда биров-бировдан иймон ва тақводагина фарқланади холос. Бу даргоҳда подшоҳнинг эмас, балки кўримсиз оддий бир одамнинг дуолари ижобат бўлиши мумкин, – деди у.

Мўминлар амири Масжидул Ҳарамнинг ғарб тарафига келиб, сўраган кишиси берилиб намоз ўқиётганини, руку ва саждада узоқ қолиб кетаётганини кўрди. Халифа одамлар ёнига бориб ўтирди. Ўғиллари ҳам чўкка тушиб, қора юзли, сочлари жингалак, бурни япалоқ ҳабаший шайхни кузата бошлашди, сўнгра намозини тугатган шайх билан саломлашди. Ундан ҳаж ибодати амаллари хусусида масала сўрашга ўтди. Шайх ҳар бир саволга чиройли жавоб берди, фикрини шошилмай баён этди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари билан асослади. Саволлар тугади. Масала ойдинлашди. Халифа ўғилларини олиб, Сафо ва Марвага саъй қилиш учун юрди. Шу пайт жарчининг: «Эй мусулмонлар, сизларга Аъто ибн Абу Рабоҳ фатво беради, у бўлмаса, Абдуллоҳ ибн Абу Нажиҳ олдига боринглар», деган овозини эшитди. Ўғилларидан бири отасига:

– Нима учун бу одам Аъто ибн Абу Рабоҳ ва Абдуллоҳ ибн Нажиҳдан бошқа ҳеч кимдан фатво сўрамасликка буйруқ беради? Нега биз ҳозир халифани ҳам назарга илмаган бир кишидан фатво сўрадик? – деб қолди.

Сулаймон ўғлига қаради:

– Эй ўғлим, сен кўрган ўша киши олдида биз арзимаган одаммиз. Аъто ибн Абу Рабоҳ бўлади бу киши. У масжидул Ҳарамнинг фатво соҳибидир. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан сўнг бу улуғ мансабга Аъто муносиб кўрилган, – деди у ўғлига танбеҳ оҳангида. Сўнгра сўзига яна қўшимча қилди:

– Эй болаларим, илм ўрганинглар. Илм инсонни улуғлайди. Илм туфайли қуллар подшоҳлар мартабасига кўтарилади.

Сулаймон ибн Абдулмалик ўғилларига тўғри гапни айтди. Ҳақиқатан, Аъто ибн Абу Рабоҳ болалигида маккалик бир аёлнинг қули эди. Аллоҳ таоло бола қалбини илм йўлига бурди, ёшлигидан меҳнаткаш Аъто илмга кучли меҳр қўйди. Аъто вақтини учга тақсимлади. Бирини соҳибасига ажратди. Зиммасидаги вазифаларни тўла адо этишга интилди. Иккинчи қисмида Аллоҳ таолога ибодат қилди. Учинчи қисмини эса илм олишга сарфлади. Саҳобайи киромлар ҳузурларига бориб, илм ўрганди. Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳум ва бошқа улуғ зотлардан таълим олди. Шундай қилиб, Аътонинг қалбига илм, шаръий ҳукмлар мустаҳкам ўрнашди.

Маккалик саййида қулининг тақвоси ва илмга бўлган рағбатини кўргач, Аллоҳ йўлида уни озод қилди ва бу билан у Ислом оламини етук бир олим билан таъминлади.

Аллоҳ Аъто ибн Абу Рабоҳ ва барча ўтган салафи солиҳларимиздан рози бўлсин!

Манбалар асосида Анваржон Ўришев тайёрлади

 

Мавзуга оид мақолалар
Исломдек осон тушуниладиган ва кишини жасоратлантирадиган бошқа бир дин мавжуд эмас. Ҳаётда инсон руҳини роҳатга эриштирадиган, инсонга ўз ҳаётидан мамнун ҳолда давоми...

6016 19:10 / 28.12.2018
Ажал ҳам бошқа барча нарсалар каби фақатгина Аллоҳ таолодан эканлигига аниқ ва тўлиқ ишониш муҳим нарсадир.Бу масала ҳам ақоидга боғлиқ масалалардан. Ажалнинг давоми...

4536 13:10 / 08.11.2018
Инсон ҳар тонг янги кунни қарши олар экан, унинг ихтиёрига 24 соат вақт берилади. Бу унга ҳар куни бериладиган 1440 дақиқа ёки 86400 сониялик фурсатдир. Ўтаётган давоми...

3046 10:20 / 18.10.2018
Салафи солиҳларимиз ҳикматни қаерда ё кимда кўрса, уни ғанимат деб биладиган, илмнинг қадрига етадиган ҳимматли зотлар бўлишган. Уларда ўзларидан ёши кичик давоми...

3278 13:10 / 22.02.2019
Аудиолар

211097 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130355 14:35 / 11.08.2021