1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Рамазоннинг 41 фазилати (иккинчи мақола)

10:30 / 23.04.2020 1903 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

3.Рамазон Райён эшигининг калитидир. Жаннатга киришнинг ўзи катта бир саодат. Аммо ўша жаннатга Парвардигори оламнинг алоҳида эътиборига сазовор бўлиб, махсус тайёрлаб қўйилган эшикдан кириш яна бир ўзгача бахт ва шарафдир.

Имом Бухорий ва Муслим Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатда бир эшик бор, уни «Райён» деб аталади. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. «Рўзадорлар қани?» дейилади. Шунда улар туришади. Улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Улар киришгач, у беркитилади. Кейин ҳеч ким ундан кирмайди», дедилар».

4. Рамазон билан хушхабар берилади, табрикланади, унга ошиқилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойини интиқлик билан кутар, унинг яқинлашганини кишиларга эслатиб турар ва саҳобаи киромларни у билан табриклаб, муносиб тайёргарлик кўришга чорлар эдилар.

Имом Байҳақий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ражаб ойи кирганда: «Аллоҳим, бизга Ражаб ва Шаъбонда барака бергин ҳамда Рамазонга етказгин», дер эканлар.

Имом Насоий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга Рамазон кириб келди, муборак ой. Аллоҳ сизларга унинг рўзасини фарз қилди», дедилар».

Абу Фазл ўз «Муснадида» Салмон розияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаъбоннинг охирги куни бизга хутба қилиб бундай дедилар: «Эй одамлар! Дарҳақиқат, сизларга буюк бир ой соя солмоқда. Муборак ой. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Аллоҳ унинг рўзасини фарз қилди, кечасини ибодат билан ўтказишни ихтиёрий – нафл қилди. Ким унда ихтиёрий равишда бир яхши иш қилса, худди бир фарзни адо этгандек бўлади. Ким унда бир фарзни адо этса, худди етмишта фарзни бажаргандек бўлади. У сабр ойидир, сабрнинг савоби эса жаннатдир. У кўнгил овлаш ойидир. У мўминнинг ризқи зиёда қилинадиган ойдир. Ким бир рўзадорга ифторлик берса, бу унинг учун бир қул озод қилиш ва гуноҳлари учун мағфират бўлади», дедилар. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб берадиган нарса топа олмаймиз-ку?», дейилди. У зот: «Бу савобни Аллоҳ рўзадорга бир татим сут ё хурмо ёки бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига ато этади. Аммо ким рўзадорни тўйдирса, бу унинг гуноҳлари учун мағфират бўлади ва Аллоҳ унга менинг Ҳавзимдан ичимлик ичиради, у то жаннатга киргунича чанқамайди. Унга рўзадорнинг ажрича ажр бўлади, у(рўзадор)нинг ажридан ҳеч нарсани камайтирилмайди.

У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир. Ким унда ўз мамлукига (қул ва чўрисига) енгиллик яратса, Аллоҳ уни дўзахдан озод қилади».

Муалло ибн Фазл айтади: «Салафлар олти ой Рамазонга етказишини сўраб Аллоҳга дуо қилишар, кейин олти ой бу ойдаги ибодатларининг қабул қилинишини сўраб илтижо этишар эди».

Яҳё ибн Касир: «Аллоҳим, мени Рамазонга саломат етказгин, Рамазонни мен учун омон қилгин. Уни мендан мақбул ҳолида қабул қилиб олгин», деб дуо қилар экан.

(Давоми бор)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдурраҳмон раҳматуллоҳи алайҳ айтади .Бир куни Бишр ибн Мансур бир иш билан олдимга келди. Унга .Одам юбормайсизми, ўзим борардимку,, деганимда .Йўқ. Менинг ишим давоми...

2003 09:08 / 01.03.2020
Унинг жуссаси жуда катта бўлади. Худоликни даъво қилади. Шунинг учун Дажжолнинг гавдаси катта бўлишига қарамай, ожизлиги ва кўзидаги нуқсонга ишора қилиб, Набий давоми...

5641 21:01 / 14.11.2018
Ассалому алайкум, ҳурматли устоз. Ҳозирги тўйларда, келин куёвнинг яқинларига таъзим салом қилади. Бу жоизми Унинг ҳукми қандай Жавобингиз учун олдиндан давоми...

10184 18:00 / 15.12.2018
Ибн Ваҳбдан ривоят қилинади .Масжидул Ҳаромда шом намозидан кейин Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳни кўрдим. У намоз ўқиди, сўнг сажда қилиб, хуфтон намозига азон давоми...

3424 08:00 / 17.03.2020
Аудиолар

211122 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130381 14:35 / 11.08.2021