1445 йил 12 зулқаъда | 2024 йил 20 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

РАМАЗОН ТАБРИГИ

18:41 / 23.04.2020 3514 pdf Ўқиш режими + -

Рамазон рўзасини тутишни бизларга фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

Рамазон кечаларида қоим бўлишни бизларга суннат қилиб берган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин!

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Азиз юртдошлар, муҳтарам мўмин-мусулмон биродарлар! Барчангизни кириб келган Рамазон ойи билан падари бузрукворимиз, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари номидаги жомеъ масжид жамоаси номидан, «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёти ҳамда Ислом.уз портали ижодий жамоаси номидан чин дилдан, самимий муборакбод этишга ижозат бергайсиз!

Аллоҳ таоло Исломнинг беш арконидан бири бўлмиш рўза ибодати учун хослаган бу ойни иймон-эътиқод билан, хулуси ният билан, ажру савоблардан умидвор бўлган ҳолда ўтказишни, бу ойда қилинган солиҳ амаллар учун ваъда қилинган беҳисоб улуғ мукофотларга ноил бўлишни барчамизга насиб айласин!

Рамазон ойи ҳар доим ҳам Ислом уммати учун, бутун башарият учун улуғ синов ҳисобланиши барчамизга маълум. Бироқ, бу йилги Рамазон яна бир жиддий синов даврида кириб келди. Бу ҳам Роббимизнинг чексиз ҳикмати ила, ҳар биримизга ўзига хос сарҳисоб учун, шукрона учун, тавба-истиғфор учун, тафаккур учун берилган ғанимат фурсат бўлди.

Аллоҳ таолонинг иродаси ила ҳар бир юртдошимиз ўзига хос эътикоф ҳолатида ўтирган бу синовли кунларда Рамазон ойини янада файзли, янада шукуҳли, янада унумли ўтказиш имкониятига эга бўлдик. Бу Рамазон ойини оила даврасида илмий-маърифий суҳбатлар уюштириб, китоб мутолаа қилиб, хатми Қуръонлар қилиб, илм олишимиз, кундалик намозларни ҳам, таровеҳ намозларини ҳам оила аъзоларимиз билан жамоат бўлиб ўқишимиз, кундузлари соим, кечалари қоим бўлишимиз ҳар қачонгидан кўра каттароқ ажрларга сазовор бўлади. Бу ойда, ота-оналаримизга, аҳлу аёлларимизга, фарзандларимизга гўзал исломий муносабатда бўлишимиз, қавм-қариндошлар, қўни-қўшниларга яхшилик қилишимиз, муҳтожларга баҳолиқудрат хайр-саховат кўрсатишимиз ҳар қачонгидан кўра улуғроқ ибодат ҳисобланади, иншааллоҳ. Хусусан, оилада эркагу аёлларимизнинг ҳақларини адо этишимиз, катталарга ҳурмат, кичикларга иззатда бўлишимиз, бир сўз билан айтганда, намунали мусулмон бўлишимиз чинакам исломий қадриятларимизни тиклаш, жамиятимизнинг асоси бўлган оилани мустаҳкамлаш, фарзандларимизни, келажак авлодни муносиб тарбиялаш йўлида қилинган буюк хизмат бўлади.

Азизлар, бундай ноёб фурсатларни ғанимат билайлик, тоат-ибодатни кучайтирайлик, охират захирасини қўлга киритайлик! Ҳар бир ибодатимиз асносида саҳву хатоларимиз учун, гуноҳларимиз учун Аллоҳ таолога астойдил тавба қилайлик, сидқидилдан дуо қилиб, юртимизга, бутун дунёга тинчлик-хотиржамлик тилайлик! Роббимиздан бу синовлардан шараф билан ўтишни, бу офатдан тез кунларда фориғ бўлишни, яна масжидларни тўлдириб ибодат қилишни, ҳалол меҳнатга, тўлақонли ҳаётга қайтишни сўрайлик!

Аллоҳ таоло Рамазони шарифнинг баракотидан барча беморларга шифои комил берсин, барча эҳтиёжмандларнинг дардига малҳам бўлсин, дуоларимизни ижобат қилсин, сўраганимиздан афзалини берсин!

Барча юртдошларимизни, бутун дунё мусулмонларини Рамазони шариф билан яна бир бор муборакбод этамиз. Аллоҳ таоло бу муборак ойни юртимиз учун, бутун дунё мусулмонлари учун тинчлик-хотиржамлик, тоат-ибодат, тақво ойи, Қуръон ойи қилсин, иймон ҳаловатини, ибодат лаззатини насиб қилсин!

Барчамизга аҳилликда, тинч-тотувликда яшашни, юртимизнинг, халқимизнинг, динимизнинг равнақи йўлида ҳамжиҳат бўлишни, яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишни насиб этсин!


Рамазон муборак, азизлар!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жомеъ масжиди имом хатиби

«Ҳилол нашр» нашриёти ва Islom.uz портали раиси

Исмоилжон Муҳаммад Юсуф

Мавзуга оид мақолалар
Iqna Сайтининг хабар беришича, Октябрь ойининг олтинчи куни Ғарбий Австралиянинг пойтахти Перт шаҳрида Қуръон кечаси бўлиб ўтади.Маросимнинг асосий сабабчилари давоми...

1439 10:30 / 20.09.2019
Жорий йилнинг 6 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Хотинқизлар қўмитаси раиси Танзила Камаловна бошчилигидаги давоми...

3543 15:37 / 08.10.2018
Саудия Арабистонининг етакчи , газеталари Ўзбекистон вакилларининг .Ҳаж2019, мавсумидаги иштироки ҳақида мақола эълон қилди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита давоми...

1399 10:00 / 05.08.2019
Замонамизнинг буюк алломаларидан, фазилатли шайх Муҳаммад Али Собуний ҳазратларининг вафотлари муносабати билан у кишининг барча оила аъзоларига, сафдошлари ва давоми...

1269 14:46 / 19.03.2021
Видеолар
Аудиолар

121619 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43081 14:35 / 11.08.2021