Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (80-дарс). Рўзанинг фойдаси

15:32 / 11.04.2020 4736 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллашда намоз ва закотдан кейин рўза ибодати келади. Инсонни йўлдан урадиган нарсалар ичида қорин ва жинсий шаҳватлар энг кучлиларидан ҳисобланиши ҳеч кимга сир эмас. Рўзанинг фойдаларидан бири худди ўша икки шаҳватни жиловлашга хизмат қилишидир. Шунинг учун ҳам рўза нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллашда энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

عَنْ جُرَيٍّ النَّهْدِيِّ، عَنْ رَجُلٍ مِنْ بَنِي سُلَيْمٍ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «...وَالصَّوْمُ نِصْفُ الصَّبْرِ...» رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ.

Журай ан-Наҳдийдан, у Бану Сулаймлик бир кишидан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«…Рўза сабрнинг ярмидир...» дедилар».

Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Сабр эса нафснинг энг олий мақомларидан биридир.

Қолаверса, рўза тақвонинг асосий омилларидан биридир. Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз» (183-оят).

Демак, рўза ҳам тақво йўлларидан биттаси экан. Рўза тутган шахс қалбида тақво руҳи уйғониши керак. Агар ким рўза тутса-ю, қалбида тақво ҳисси уйғонмаса, у одам ҳақиқий рўза тутмаган бўлади.

Кимки иймон ва эътиқод билан рўза тутса, Аллоҳ таоло ўша бандани «тақво» деб номланувчи, икки дунё саодатига элтувчи бахтга муяссар қилади.

Тақво эса, ўз навбатида, нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш борасидаги асосий омилдир.

Рўзада бошқа ибодатларда бўлмаган хусусият бор. Бу унинг Аллоҳ таолонинг Ўзига изофа қилинишидир.

Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда бунинг баёнини қилгандир.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «قَالَ اللهُ: كُلُّ عَمَلِ ابْنِ آدَمَ لَهُ إِلَّا الصِّيَامَ فَإِنَّهُ لِي وَأَنَا أَجْزِي بِهِ...» رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Аллоҳ деди: «Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман».

Бешовлари ривоят қилишган.

Рўзанинг бу каби фазлга эга бўлишининг иккита маъноси бордир:

Биринчиси: рўза ички амал ҳисобланади.

Иккинчиси: рўза тутиш Аллоҳ таолонинг душмани бўлмиш шайтонга қаҳр қилиш демакдир.

Маълумки, шаҳват ейиш ва ичиш ила қувватланади. Шаҳвати кучли бўлган одамга шайтон ўз амрини ўтказиши осон бўлади. Рўза тутган одамга эса шайтон яқинлаша олмайди. Рўзанинг фойдаларини санаб адоғига етиб бўлмайди.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кунларнинг бирида бир гала қурбақаларнинг тўдасидан иккитаси чуқурликка тушиб кетибди. Ночор аҳволга тушиб қолган бечоралар юқорига сакрайверибдилар. Барча давоми...

6053 11:15 / 17.07.2018
Илмсиз киши ҳам ўзини илмли қилиб кўрсатиш ила ҳузурланади. Диний илмга оид гапларни гапириб турганда шайтон унинг хаёлига олим ва фозил бўлиб қолгани ҳақидаги давоми...

4989 17:00 / 01.05.2021
Нафснинг шаҳватлари фақат ёмонликдан иборат эмас. Улардан фойда ҳам бор. Таом шаҳвати бўлмаса, ғизо тановул қилинмас эди. Жинсий шаҳват бўлмаса, насл қирқилар эди. давоми...

4305 13:00 / 31.10.2020
Сабр сўзининг маъноларидан бири танглик ила ўзини тутиб туришдир. Ушбу мақомда биз учун сабрнинг худди шу маъноси керак.Сабрнинг истилоҳий маъноси ҳақида давоми...

23374 05:00 / 28.02.2017