1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Сабр ва шукр саодат калити

11:00 / 03.04.2020 4145 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Айни кунларда юртимиздаги баъзи бозорлар ва озиқ – овқат дўконларида маҳсулот олиш учун навбатда турган кишиларнинг кўплигини кўриб ҳайрон қоласан. Гоҳида ачинасан. Ахир, юртимизда бўлиб турган ушбу карантин вақтида аҳолини тўпланмасликка, саросима ва ваҳимага тушмасликка, беҳудага уйдан чиқмасликка чақириб қанча тарғибот ишлари амалга оширилмоқда. Баъзи бир соҳа ходимлари халқнинг саломатлиги ва хотиржамлиги учун ушбу таҳликали вазиятда ҳам ўз меҳнат фаолиятларини тўхтатмасликка, балки, янада жадаллатишга ҳаракат қилмоқдалар. Қанча – қанча имкониятлар, енгилликлар ва шароитлар яратилишига қарамасдан бундай вазиятдан тўғри хулоса чиқармай бозорма-бозор юрган, тиқилинчда навбатда турган кишиларни кўриб эссиз, шунча ҳаракат деворгинг келади. Хўш, нега баъзи кишилар масаланинг асл моҳиятини англаб етмаяптилар? Касаллика қарши курашинг энг самарали ечими фақатгина уйда ўтириш кераклигини англамаяптилар?

Тан олиш керакки, биз Аллоҳ таолонинг неъматларига кўмилиб кетганимиздан, яхши кунларни кўраверганимиздан, бошимизга келган бу мусибат пайтида шошиб қолдик. Аслида биз инсон ҳаёти доим бир текис, хурсандчилик ва шох-хуррамликда ўтавермаслигини, Аллоҳ таоло вақти-вақти билан бандаларини турли хил мусибатлар, имтиҳонлар билан синаб туришлигини унутмаслигимиз керак эди. Шундагина, бизга берилган бу синов ва имтиҳон ҳам беҳикмат эмаслигини, Аллоҳ таоло бандаларига ҳаргиз зулм қилмаслигини, хоссатан, мўмин ва мусулмонларни ҳаргиз азоблашни истамаслигини ҳис қилиб қалбимиз таскин топарди.

Азизлар! Унутмайлик! Аллоҳ таоло Ўзининг ҳикмати илоҳийси билан уларни имтиҳон қилиб туради. Агар бу пайтда киши тафаккур, шукр ва сабр қилса бу имтиҳон ҳам у учун хайриятли бўлиши мумкин. Бунинг учун эса мўмин кишидан баъзи бир амаллар талаб этилади.

Аввало, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ таолонинг изни билан бўлишлигига аниқ ишониш керак. Қалбига ушбу ишонч қатъий ўрнашган киши ортиқча жазава ва ваҳимага тушмайди. Чунки, Аллоҳнинг изни билан бўладиган амалда ўзгаларни ёки бирор нарсани айблай олмайди. Қолаверса, қалби хотиржам бўлади.

Иккинчидан, бундай пайтда мусибат ёки синовни давомийлигини қисқартириш учун шариъат ва мутахасислар ундан талаб қилган қоидаларга қатъий амал қилади. Чунки, мусулмон киши ўзи ва ўзгалар бошига тушган синовни тезроқ даф бўлишлигига ҳаракат қилади ва бунинг учун ўз ҳиссасини қўшади.

Учинчидан, мусулмон кишининг таваккул аталмиш сифати айнан шу пайтда кўзга ташланади. У қўлидаги бор давлатига қаноат қилиш билан бирга, ўзидан кўра ночорроқ бўлган биродарларига ўз мол мулкидан, таомидан улашади. Эртанги куннинг ризқи учун қайғуриб, ўзига ва жамиятга ноқулайликлар туғдирмайди. Чунки, Аллоҳ таолонинг Раззоқ исмига шубҳа қилмайди.

Азизим! Сиз ўзингизга буюрилган амални қилинг. Ризқ учун қайғурманг. Ризқингизни Аллоҳ таоло кафиллигига олган ахир. Қолаверса, сиз узоқдан-узоқ навбат кутиб, асабийлашиб, бақир-чақир қилиб олаётганингиз бу картошка маҳсулоти тирикликнинг ягона воситаси эмас. У бўлмаса оч қоласиз ёки соғлигизга путур етади дегани ҳам эмас. Қолаверса, бозордаги бу маҳсулот ер юзидаги энг охирги маҳсулот дегани ҳам эмас. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, озиқ – овқат заҳираларимиз хавотир оладиган даражада камайиб қолгани йўқ.

Шунинг учун, кўзимизни тўқ, қалбимизни хотиржам қилайлик. Эртанги кун ризқи учун бу қадар жоҳилликка бормайлик. Эртанги кун ўз ризқи билан келади. Аллоҳ таоло биздан эртанги кунни ибодатини бугун талаб қилмаяптику ахир. Нега биз Аллоҳнинг ваъдасига ишонмасдан бунчалар тоқатсизлик қилишимиз керак.

Жобир ибн Aбдуллоҳдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Зикрларнинг афзали «Ла илаҳа иллаллоҳ»дир».

Термизий ва Ибн Можа ривоятлари 

Aбу Мусо Aшъарий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Aллоҳни зикр қиладиган киши билан зикр қилмайдиган кишининг мисоли худди тирик билан ўликнинг мисоли кабидир», дедилар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Ундан кўра дуо қилайлик, Аллоҳга тавба ва истиғфор айтайлик. Касалликни тезроқ даф бўлишини истасак бугун ўз уйимизда ўтирайлик.

 Тошкент шаҳар бош имом хатиби Нуриддин домла Холиқназаров

Мавзуга оид мақолалар
Сув Аллоҳ таолонинг бутун борлиққа, хусусан, инсон зотига инъом этган энг улуғ неъматларидан биридир. Сув ҳаёт манбаидир. Сувсиз ҳаёт бўлиши мумкин эмас. Аллоҳ давоми...

2810 07:10 / 16.08.2019
Имом Кисоий ҳикоя қилади .Бир аёлни кўриб қолдим. У ўғилчасини илм ҳалқасига боришга ундарди. Болакай боришни истамай қочиб, югуриб юрарди. Шунда аёл .Ўғилчам давоми...

6127 09:00 / 01.07.2022
Ўсимликлар дунёсига оид энг сўнгги кашфиётлардан бири уларда ҳашаротлар ёки хатарга қарши ўзини ҳимоя қилиш қобилияти борлигидир. Баъзи мулҳидлар Аллоҳ давоми...

5249 09:00 / 03.05.2023
Муҳаммад Ҳабиб Нақшбандий ҳазратлари айтадиларҲазрати Боязид Бистомий раҳматуллоҳи алайҳ бизнинг нақшбандия силсиланинг улуғларидандир. У киши ҳақларида давоми...

3921 15:30 / 20.06.2019
Аудиолар

211024 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130283 14:35 / 11.08.2021