Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (76-дарс). Лавҳ, қалам ва тақдирнинг ўзгармаслигига иймон

15:00 / 09.03.2020 4464 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

 Лавҳ ва қаламга, унга чизилган жамики нарсага иймон келтирамиз.

«Лавҳ»дан мурод Аллоҳ таоло халойиқнинг тақдирларини ёзган нарсадир. «Қалам»дан мурод Аллоҳ таоло яратган ва у билан мазкур лавҳга қадарларни ёзган қаламдир.

Бас, лавҳга, қаламга ва қалам билан лавҳга ёзилган нарсага иймон келтириш лозимдир.

Далиллар:

ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ

1. «Йўқ! У Қуръони мажиддир. Лавҳи Маҳфуздадир» (Буруж сураси, 21-22-оятлар);

ﮉﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ

2. «Нуун. Қалам билан ва сатрларда ёзиладиган нарса билан қасам» (Қалам сураси, 1-оят).

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ Лавҳул маҳфузни оқ дурдан яратгандир. Унинг саҳифалари ёқутдандир. Қизилдир. Қалами нурдир. Китоби нурдир. Унда ҳар куни Аллоҳ учун уч юз олтмиш лаҳза бор. Унинг кенглиги осмон билан ернинг орасича. Ҳар куни унга уч юз олтмиш марта назар солади. Халқ қилади. Ризқ беради. Ўлдиради. Тирилтиради. Азиз қилади. Хор қилади. Хоҳлаган нарсасини қилади», деганлар (Тобароний «Муъжамул Кабийр»да ривоят қилган).

4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ биринчи халқ қилган нарса қаламдир. Бас, унга: «Ёз!» деди. У: «Эй Роббим, нимани ёзай?» деди. У Зот таборака ва таоло: «Қиёматгача бўладиган ҳар бир нарсанинг тақдирини ёз», деди», дедилар (Абу Довуд Убода ибн ас-Сомитдан ривоят қилган).

Аллоҳ энг аввал халқ қилган нарса сувдир, кейин эса Аршдир. Бунинг далили имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида собит бўлган ҳадисдир.

Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ халойиқнинг тақдирларини осмонлару ерни яратишдан эллик минг йил аввал ёзгандир. Ўшанда Арши сув устида эди», деганлар.

Шундан очиқ-ойдин кўриниб турибдики, тақдирни ёзиш Аршни халқ қилгандан кейин бўлган. Шунингдек, сувни ҳам халқ қилгандан кейин бўлган. Шу билан бирга, Қуръонда сувни яратиш Аршни яратишдан олдин бўлгани очиқ-ойдин айтилган.

Аллоҳ таоло: «Ва Арши сув устида эди», демоқда (Ҳуд сураси, 7-оят).

Имом Аҳмад ва Термизий Абу Розий Уқайлийдан ривоят қилган ҳадисда:

«Сув Аршдан олдин халқ қилингандир», дейилган.

Агар халойиқнинг ҳаммаси жамланиб, Аллоҳ «бўлади», деб ёзиб қўйган нарсани бўлмайдиган қилишга уринсалар ҳам, унга қодир бўлмаслар. Агар уларнинг ҳаммаси жамланиб, Аллоҳ ёзмаган нарсани бўлдиришга уринсалар, унга ҳам қодир бўлмаслар. Қиёмат кунигача бўладиган нарсани қалам ёзиб бўлган.

Бу жумлаларда ҳар бир нарса лавҳга ёзиб қўйилгани ҳақидаги юқорида зикр қилинган маънони майдалаб тушунтирилмоқда.

Яъни Аллоҳ бўлишини тақдир қилиб қўйган ишни борлиқдаги ҳамма халойиқ бўлдирмасликка ҳаракат қилсалар ҳам, албатта бўлади. Шунингдек, Аллоҳ Лавҳга ёзмаган нарсани бўлдиришга уринсалар ҳам, бўлмайди. Чунки тақдир қалами қиёматгача бўладиган ва бўлмайдиган ҳар бир нарсани ёзиб бўлган. Унинг сиёҳи қуриб бўлган.

Далиллар:

ﯛﯜﯝﯞﯟﯠﯡﯢﯣﯤﯥﯦﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ

1. «Аллоҳ одамларга не раҳматни очса, бас, уни тутиб қолувчи бўлмас. У Зот тутиб қолган нарсани Ундан кейин қўйиб юборувчи бўлмас» (Фотир сураси, 2-оят);

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳим! Сен берган нарсани ман қилувчи йўқ. Сен ман қилган нарсани ато қилувчи йўқ. Бойга сенинг ҳузурингда бойлиги наф бермас», деганлар (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган);

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Йўқ! Балки қаламлар қуриган ва тақдир жорий бўлган нарсададир», деганлар (Муслим Жобирдан ривоят қилган);

4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга ўргатган нарсалари:

«Сен Аллоҳни муҳофаза қил: У сени муҳофаза қилади. Сен Аллоҳни муҳофаза қил, Уни қаршингда топасан. Қачонки сўрасанг, Аллоҳдан сўра. Қачонки ёрдам талаб қилсанг, Аллоҳдан ёрдам талаб қил. Билки, агар умматнинг ҳаммаси жам бўлиб, сенга бирор наф бермоқчи бўлсалар, Аллоҳ ёзган нарсадан бошқа нарсада ёрдам бера олмайдилар. Агар сенга бирор зарар етказиш учун жам бўлсалар, Аллоҳ ёзган нарсадан бошқа нарсада зарар етказа олмайдилар. Қаламлар кўтарилиб, саҳифалар қуригандир» (Термизий ривоят қилган).

Бандадан адашган нарса унга мусибат бўла олмас, Унга етган мусибат ундан адашиб кетмас.

Бу ҳам тақдир қилинган нарса бўлмасдан қолишининг иложи йўқлигини баён қилишдир. Яъни бандага етмай, ундан адашиб кетган бало ва мусибатлардан Аллоҳ уни сақласа, ҳеч ким унга ўша бало ва мусибатларни етказа олмайди. Унга етган бало ва мусибатларни эса ҳеч ким ундан арита олмайди. Чунки Аллоҳнинг ҳукмини рад қилувчи ва Унинг қазосини ман қилувчи ҳеч ким йўқ. У Зот нимани тақдир қилса, бўлади. Нимани тақдир қилмаса, бўлмайди.

(Давоми бор)

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Шийъа, сўзи .тарафкаш, деган маънони англатади. Ислом оламида эса ҳазрати Алига тарафкашлик оқибатида кўпчилик мусулмонлардан ажралиб, алоҳида йўл тутган тоифага давоми...

6862 10:53 / 19.10.2018
Мунажжимлар ҳамиша алдашган Осмон жисмлари ва уларнинг жойлашув буржларига қараб кишилар тақдирини аниқлаш даъвосида юрган мунажжимларнинг қилмишлари ҳақида давоми...

8419 05:00 / 06.03.2017
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда фаришталарнинг сифатлари ҳақида бир қанча оятлар нозил қилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳадиси шарифларида давоми...

3344 19:01 / 22.08.2022
15 дарсимизда зикр қилинган далил ва ҳужжатлардан Ислом фақатгина илмга тарғиб қилиб қолмай, ўзи ҳам айни илмий асосда эканини билиб оламиз. Исломнинг дин сифатида давоми...

3840 13:00 / 07.12.2020