1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Оналаримизнинг ададлари кўп бўлишининг ҳикмати

17:10 / 26.02.2020 2799 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бухорий, Муслим ва Абу Довудлар Маймуна онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларини ҳайзли пайтларида иштон устидан қучоқлар эдилар».

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан бирга ётар эдилар. Мен ҳайзли бўлсам, орамизда кийим бўлар эди».

Бу ҳадисда ҳам олдинги зикр қилинган маъно таъкидланмоқда. Ҳайз кўрган аёлни кийим устидан қучоқлашни шарт қилишнинг ҳикмати ҳаром қилинган нарса – ҳайзли аёлга жинсий яқинлик қилишнинг олдини олишдир.

Бухорий ва Муслимлар Маймуна онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда:

«Мен ҳайзли бўлган ҳолимда ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам устимдаги мирт (жун чойшаб)нинг бир томонини устиларига қилиб олиб, намоз ўқир эдилар», дейилган.

Юқорида зикри ўтган каби фақат оила аъзоси ва бир ёки икки шахснинг орасида сир бўлиб қоладиган шахсий масалаларнинг шаръий ҳукмларини Ислом умматига мўминларнинг оналари етказмасалар, ким ҳам етказар эди?! Кўриб турганимиздек, Маймуна бинти Ҳорис онамиз бу масалада кўп хизматларни адо этганлар.

Оналаримизнинг ададлари кўп бўлишининг ҳикматларидан бири қудачилик асосида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашдир. Шу билан бирга, худди ана шу алоқалар орқали оналаримизнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хонадонларида содир бўлган шаръий ҳукмларни яқин кишилари орқали Ислом умматига тарқатишлари каби ҳикматлар ҳам бор.

Ислом умматининг икки улкан илм денгизи Абдуллоҳ ибн Умар ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳум бунга ёрқин мисоллардир. Улар опалари ва холалари туфайли Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хонадонларидан кўп нарсаларни ўрганишган.

Бухорий, Муслим ва бошқалар Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Холам Маймунанинг ҳузурларида тунаб қолдим. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси туриб, намоз ўқий бошладилар. Мен ҳам у зотнинг чап томонларида туриб, намоз ўқий бошладим. У зот менинг бошимдан ушлаб, ўнг тарафларига турғизиб қўйдилар».

Ушбу ривоятдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечаси уйларида ўқийдиган намозларини ва имомга иқтидо қилувчи бир дона эркак киши бўлса, унинг ўнг томонида туриши кераклигини билиб олмоқдамиз. Агар ровийнинг холалари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинлари бўлмаганда, буни қандай қилиб билиш мумкин эди?

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳижратдан сўнгМусулмонлар Мадинага ҳижрат қилганларида Фаҳита Маккада эри ва болалари билан қолди. Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам эришган зафарлари давоми...

2080 19:03 / 22.07.2020
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ниҳоятда тақволи, обида, ўта ҳаёли, покиза нафс, олиймақом аёл эдилар. У зотнинг ҳужраларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу давоми...

2893 11:06 / 23.01.2024
Бошингизга бирдан муаммолар ёғилиб, юрагингиз сиқилиб кетса, энг аввал уларни ҳал қиладиган, сизни бу вазиятдан чиқариб оладиган бирор одамни топмоқчи бўласиз, давоми...

2124 11:40 / 12 апрель
IIIСавда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳо уч йилдан кўпроқ ўзлари ёлғиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хотин бўлиб турдилар. У киши ўз ҳолларини ўзлари давоми...

3478 11:20 / 02.02.2019
Аудиолар

211002 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130262 14:35 / 11.08.2021