1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Аёл меросхўрлар (иккинчи мақола)

11:08 / 25.02.2020 2116 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

3. Ўғилнинг қизи, ўғил набиранинг қизи ва ҳоказо.

Бу бандда зикр қилинган меросхўрларнинг ҳолатлари олти хил бўлади:

Биринчиси:

Маййитнинг ортидан ўз қизи ёки ўғли ҳамда уларга тенг меросхўр қолмаганда ўғилнинг қизига мероснинг ярми тегади.

Мисол учун, маййитнинг ортидан отаси, онаси ва ўғлининг қизи қолса, ўғилнинг қизига ярим, онага олтидан бир ва фарз соҳиби ҳамда асаба сифатида отага қолган мерос тегади.

Иккинчиси:

Маййитнинг ортидан ўз қизи ёки ўғли ҳамда уларга тенг меросхўри қолмай, иккита ёки ундан ортиқ ўғилнинг қизи қолса, уларга мероснинг учдан иккиси тегади.

Мисол учун, маййитнинг ортидан отаси ва ўғлининг икки қизи қолса, ўғилнинг икки қизига учдан икки ва отага фарз соҳиби ҳамда асаба сифатида қолган мерос тегади.

Учинчиси:

Ўғилнинг қизлари ўғилнинг ўғиллари билан бирга асабага айланадилар. Бунда уларга «бир эркакка икки аёл ҳиссаси» қоидаси асосида мерос бўлинади.

Мисол учун, маййитнинг ортидан ўғилнинг қизи ва ўғилнинг ўғли қолса, иккиси орасида «бир эркакка икки аёл ҳиссаси» қоидаси асосида мерос бўлинади.

Тўртинчиси:

Маййитнинг ортидан битта ўз қизи ва ўғилнинг қизи қолса, ўғилнинг қизига олтидан бир мерос тегади.

Мисол учун, маййитнинг ортидан ўз қизи ва ўғлининг қизи қолган бўлса, ўз қизига мероснинг ярми, ўғилнинг қизига олтидан бири тегади. Ўғилнинг қизига теккан бу олтидан бир меросни учдан иккини «мукаммал қилувчи» деб номланади. Маълумки, маййитнинг ортидан қолган иккита қизга учдан икки мерос тегади. Ўғилнинг қизи ҳам қизнинг ўрнида. Битта ўз қизи ва битта ўғилнинг қизи икки қизнинг ўрнига ўтади ва улар учдан икки ҳисса меросга ҳақли бўладилар. Аммо ёлғиз қизга мероснинг ярми тегиши аниқ. Маййитнинг ўғлининг қизи унинг ўз қизи ўрнида бўлмайди, шу сабабдан унга учдан иккини тўлдириш учун ўз қизи олган яримга қўшимча равишда олтидан бир берилади. Шунда маййитнинг ўз қизи ва қиз набираси олган жами улуш оятда айтилган учдан иккига тенг бўлади.

Бешинчиси:

Ўғилнинг қизи ўғил томонидан ҳажб қилинади.

Мисол учун, маййитнинг ортидан унинг ўғли ва ўғлининг қизи қолса, мероснинг ҳаммаси ўғилга тегади. Ўғилнинг қизига ҳеч нарса тегмайди.

Олтинчиси:

Ўғилнинг қизини икки ва ундан ортиқ ўз қизи ҳажб қилади. Бу ҳолда ўғилнинг қизи меросдан ҳеч нарса олмайди.

Аммо ўғилнинг қизи билан бирга ўзи билан тенг даражадаги ёки ундан паст даражадаги эркак набиралардан бўлса, ўғилнинг қизи улар билан бирга асаба сифатида мерос олади. Бунда «бир эркакка икки аёл ҳиссаси» қоидаси асосида мерос бўлинади.

Баъзи мисоллар:

1. Маййитнинг ортидан қизи, ўғлининг қизи ва отаси қолди. Бунда:

Қизига ярим;

Ўғилнинг қизига олтидан бир;

Отага фарз соҳиби сифатида олтидан бир ва асаба сифатида қолган мероснинг ҳаммаси тегади.

2. Маййитнинг ортидан ўғилнинг қизи ва ўғилнинг ўғли қолди. Бунда:

Икковлари меросни «бир эркакка икки аёл ҳиссаси» қоидаси асосида бўлиб оладилар.

3. Маййитнинг ортидан қизи, ўғлининг қизи ва ўғилнинг ўғлининг ўғли – чевараси қолди. Бунда:

Қизга ярим;

Ўғилнинг қизига олтидан бир;

Ўғилнинг ўғлининг ўғлига қолгани тегади.

4. Бир аёл вафот этиб, ортидан эри, отаси, онаси, қизи, ўғлининг қизи ва ўғлининг ўғли қолди. Ҳисоб-китоб тартиби тушунарли бўлиши учун меросхўрларга тегадиган улушнинг миқдори ва тегишли оятларни келтириб ўтамиз:

Эрга мероснинг тўртдан бири («Агар уларнинг (хотинларингизнинг) боласи бўлса, сизга улар қолдирган нарсанинг чораги»);

Отага олтидан бири («Агар у(маййит)нинг боласи бўлса, у қолдирган нарсадан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир»);

Онага олтидан бири («Агар у(маййит)нинг боласи бўлса, у қолдирган нарсадан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир»);

Қизга ярми («Агар битта (аёл) бўлса, унга ярми»).

Ўғлининг қизи ва ўғлининг ўғлига ҳеч нарса йўқ. Чунки меросдан ҳеч нарса қолмади. Бу масалада ўғилнинг қизи ўз биродари билан бирга асаба бўлиб қолди. Агар биродари бўлмаганда, олтидан бирни олар эди. Биродари уни меросдан маҳрум қилганлиги учун бу биродар «машъум биродар» деб аталади.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,. . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким намозда қайт қилса ёки бурни қонаса, бурилиб чиқсин, давоми...

3926 00:00 / 11.11.2022
Бу тоифадаги китобларда давлат сиёсатини қандай юритиш ҳақида сўз юритилади.1. .Алаҳкомуссултонийя вал вилоятуддинийя,.Сиёсатушшаръийя китоблари ичида энг давоми...

6665 13:40 / 06.03.2019
Қабрларни зиёрат қилиш. Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби бўйича, руҳ, яъни баёнга, нутқ қилишга ва хитобни фаҳмлашга қодир бўлган жон жасаднинг йўқ бўлиши билан йўқ давоми...

3070 19:00 / 12.04.2024
.Васий, етим болаларга қараб, уларнинг молмулкларини тасарруф қилиб туриш топширилган кишидир.Васийни отанинг ўзи ўлими олдидан васият йўли билан, давоми...

2014 19:23 / 30.08.2020