Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (74-дарс). Тақдир масаласи (биринчи мақола)

14:05 / 24.02.2020 6327 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аслида қадар – Аллоҳ таолонинг махлуқотлардаги сирридир. У нарсадан муқарраб фаришта ҳам, юборилган набий ҳам хабардор эмас. У нарсада чуқур кетиш, назар солиш хорлик сабабчисидир, маҳрумлик нарвонидир ва туғён даражасидир. У нарсага назар солишдан, фикр қилишдан ва васвасадан ҳазир бўлинг, яна ҳазир бўлинг! Чунки Аллоҳ таоло қадар илмини Ўз бандаларидан ўраб қўйгандир.

Аллоҳ таоло Ўз Китобида:

ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ

«У қилган нарсасидан сўралмас. Ҳолбуки, улар сўралурлар», деган (Анбиё сураси, 23-оят).

Бас, ким «Нима учун бундай қилди?» деб сўраса, Қуръоннинг ҳукмини рад қилган бўлади. Ким Қуръоннинг ҳукмини рад қилса, кофирлардан бўлади.

Қадар – яхшилик ва ёмонлик, мусибат ва раҳмат, хурсандчилик ва хафалик, ўлим ва ҳаёт, куфр ва иймон, бойлик ва камбағаллик, ҳидоят ва залолат, умуман, ҳамма-ҳамма нарсаларнинг Аллоҳ таоло томонидан билиниши. Яъни халойиқнинг тақдирлари Аллоҳ таоло томонидан билинишидир. Бу тақдирнинг ҳикматини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди.

Қадарга иймон келтириш – инсонга келадиган ҳар бир яхшилик ва ёмонлик, борлиқдаги ҳар бир воқеа ва ҳодисалар ёки охиратда бўладиган ҳар бир иш Аллоҳ таолонинг тақдири, илми, иродаси ва белгилаши билан бўлишига иймон келтиришдан иборатдир.

«Тақдир – Аллоҳ таолонинг махлуқотларидаги сирри» эканининг маъноси шуки, У Зотнинг Ўзигина вужудга келтирган, йўқ қилган, камбағал ёки бой қилган, ўлдирган ва тирилтирган, залолатга ёки ҳидоятга кетказгандир.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Қадар Аллоҳнинг сирридир. Уни кашф қилмаймиз», деганлар.

Яъни Аллоҳ таолонинг Ўз халойиқидаги қадарнинг ҳикмати сирдир. Уни фақат Аллоҳ таоло билади. У сирдан муқарраб фариштани ҳам, юборилган Набийни ҳам хабардор қилмаган. Бу масалада чуқур кетиш, назар ва баҳс қилиш хорликка сабаб бўлади, Аллоҳ таолонинг раҳматидан маҳрум бўлишга сабаб бўлади. Туғёнга, ҳаддан ошишга даража (йўл) бўлади. Ҳар бир мўмин бу масалада тадаббур ва тафаккур қаршисида ҳазир бўлиши, қўрқиши лозимдир.

Шунингдек, ҳар бир мўмин бу масалада қалбига тушган васвасани даф қилиши лозим бўлади. Аллоҳ таоло халойиқдан қадарнинг ҳикматини махфий тутгандир.

«У Зот қилганидан сўралмас, улар сўралурлар» ила уларни Уни фаҳмлашни ирода қилишдан қайтаргандир (Анбиё сураси, 23-оят). Аллоҳ таолонинг бандалардан улар қилган ишлар ҳақида сўрашга ҳаққи бордир. Аммо бандаларнинг Аллоҳ таоло қилган ишлар ҳақида У Зотдан сўрашга ҳақлари йўқдир. Кимки «Аллоҳ таоло бу ишни нима учун қилди?» деб сўраса, Қуръон ҳукмини инкор қилган бўлади. Қуръон ҳукмини инкор қилган одам эса кофирлардан бўлади.

Аҳли сунна вал жамоанинг ақийдаси шуки, ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг қазою қадари билан бўлиши ҳақдир. Аллоҳ таолонинг бандалар амалларини халқ қилиши ҳақдир.

Муаллифнинг «У нарсада чуқур кетиш, назар солиш хорлик сабабчисидир, маҳрумлик нарвонидир ва туғён даражасидир», деган жумласини ўрганайлик.

«Чуқур кетиш» бир нарсани талаб қилишда муболағадир. Демак, қадарни талаб қилишда, унинг ҳақида турли гапларга шўнғишда муболағага кетиш хорликка сабаб бўлади. Яъни бу Аллоҳ таолонинг нусратисиз ва муваффақ қилишисиз қолишдир.

Муаллифнинг «У нарсага назар солишдан, фикр қилишдан ва васвасадан ҳазир бўлинг, яна ҳазир бўлинг!» деган гаплари иймон ва унинг муҳофазаси ҳақидадир.

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан баъзилари у зот алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, кўнглимизга айтишдан қўрқадиган нарсалар келади», дедилар.

Ул зот:

«Ҳақиқатан шундай нарсани сезяпсизларми?» дедилар.

«Ҳа», дейишди. Шунда у зот:

«Очиқ иймондир», дедилар».

Имом Муслим Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан васваса ҳақида сўралди. У зот алайҳиссалом: «Ул иймоннинг ўзгинасидир», дедилар.

Демак, шайтон васвасасини даф этишга уриниш ва уни катта иш санаш очиқ иймондир ва иймоннинг ўзгинасидир. Ушбу йўл саҳоба розияллоҳу анҳум ва тобеъинларнинг тутган йўлларидир.

Муаллифнинг «Бас, ким «Нима учун бундай қилди?» деб сўраса, Қуръоннинг ҳукмини рад қилган бўлур. Ким Қуръоннинг ҳукмини рад қилса, кофирлардан бўлур», дегани тўғрисида шуни айтиш лозимки, бандаликнинг ва Аллоҳга, Унинг китобларига ва набийларига иймон келтиришнинг асоси таслим бўлишдир ва буйруқлар, қайтаришлар ва шариат ҳукмлари ҳикмати тафсилотлари ҳақида сўрамасликдир.

(Давоми бор)

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. .Одамлардан йўлга қодир бўлганларига Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилмоқ бурчдир, Оли Имрон сураси, 97оят. Аллоҳ таоло ҳажни иститоъати бор кишиларга фарз давоми...

3952 18:11 / 16.08.2021
1. Шафоатнинг биринчи тури улуғ шафоат бўлиб, у Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биродарлари бўлмиш барча набий ва расул алайҳиссаломлар ичидан у зотнинг давоми...

6618 14:06 / 13.07.2020
Аллоҳга ширк келтириш турларидан яна бири бут ва санамларга сиғинишдир. Санам ўзига сиғинувчилар назарида юқори қувватга эга бўлиб, табиатдан устун туради. давоми...

5423 00:10 / 03.12.2016
Олдини олиб, тезроқ тавба қилинмаса, кичик гуноҳлар катталашиб кетиши турган гап. Гуноҳи сағийраларнинг катталашувига бир қанча сабаблар бор.1. Улардан бири давоми...

6384 22:04 / 22.04.2017
Аудиолар

213426 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132640 14:35 / 11.08.2021