1445 йил 12 зулқаъда | 2024 йил 20 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Аллоҳ таолони нуқсонлардан поклаш

23:12 / 02.12.2016 3896 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биз юқорида Аллоҳ таолонинг нақлий ва ақлий далиллар билан собит бўлган  бир қанча сифатларини ўрганиб чиқдик. Ана ўша сифатларга иймон келтириш  лозим ва лобуддир. Албатта, уларга иймон келтириш уларга зид бўлган  сифатлардан Аллоҳ таолони поклашни ҳам тақозо қилади.

  Бу ишни қилмоқчи бўлсак, баъзи кишилар оят ва ҳадисларни далил қилган ҳолда бизга бошқача гапларни ҳам айтганлар. Улардан баъзилари Аллоҳ таолога Унинг махлуқотларида бор сифатларни нисбат беришса, бошқалари тамоман тескари фикрни айтиб, Аллоҳ таолога ожизлик сифатини беришгача етиб борганлар. Улар асосан муташобиҳ оят ва ҳадислар асосида фитнали гапларни қўзғаганлар.

Биз эса, уларнинг гапларига қулоқ солмай Аҳли сунна ва жамоа мазҳабини маҳкам тутмоғимиз лозим бўлади. Ўшанда Аллоҳ таолонинг «Оли Имрон» сурасида нозил қилган қуйидаги оятларига амал қилароқ Аллоҳ таолони барча нуқсонлардан поклаб ёд қилган бўламиз.

«У сенга китобни туширган зотдир. Унда муҳкам – ойдин оятлар ҳам бор ва улар китобнинг аслидир ва муташобиҳ оятлар ҳам бор. Қалбларида ҳидоятдан оғиш борлар, фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига эргашадир. Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда собит бўлганлар эса, унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир, дерлар. Ва фақат ақл эгаларигина эсларлар» (7-оят).

Ушбу ояти каримада Қуръони Каримнинг оятлари иккига–муҳкам ва муташобиҳга бўлиниши ҳақида сўз бормоқда.

«Муҳкам» сўзи маҳкам, очиқ-ойдин, бошқа ёққа буриб бўлмайдиган, деган маънони англатади.

«Муташобиҳ» сўзи эса, ўхшаш, бирини биридан ажратиш қийин, бир неча маъноларни англатадиган, деган маъноларни билдиради.

Қуръони Карим оятлари ҳам муҳкам ва муташобиҳга бўлинади. Бунинг ўзи алоҳида бир илм бўлиб, Қуръон илмлари фани бўйича мутахассис уламолар буни махсус ўрганадилар.

Биз ўрганаётган ояти каримада худди шу мавзуда сўз бормоқда. Бу ояти кариманинг аввалида, юқорида зикр қилинган сифатларга эга бўлган Аллоҳ:

«У сенга китобни туширган зотдир», деб Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилмоқда.

Китобдан мурод Қуръони Каримдир.

«Унда муҳкам – ойдин оятлар ҳам бор ва улар китобнинг аслидир ва муташобиҳ оятлар ҳам бор».

Қуръони Каримда келган муҳкам–ойдин оятларнинг маънолари равшан, тушунилиши ҳам осон.

«Улар китобнинг аслидир», яъни, ўша муҳкам оятлар Қуръоннинг аслини ташкил қиладилар.

Шу билан бирга, Аллоҳ ирода қилган ҳикмат учун Қуръонда муташобиҳ–бир-бирига ўхшаш маъноларни билдирадиган, турлича маънога буриш мумкин бўлган оятлар ҳам бор. Лекин булар жуда ҳам оз бўлиб, кишиларнинг иймонини синашга хизмат қиладилар.

«Қалбларида ҳидоятдан оғиш борлар фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига эргашадир».

Демак, аслида эътиқоди бузуқ кишиларни фош қилишда муташобиҳ оятлар иш берар экан. Қалбида марази бор, ҳидоятдан оғган бундай кишилар ақийда ва шариатнинг нозик усулларини очиқ-ойдин баён қилиб берган муҳкам оятларни бир четга суриб қўйиб, ғойибдан эшитиш орқали собит бўладиган хабарларга, турли маъноларга далолат қиладиган муташобиҳ оятларга фитна қўзиш, уни таъвил қилиш мақсадида эргашар эканлар.

«Таъвил» сўзи бирор сўз ёки тушунчани сиртқи маъносидан бошқа маънога кўчириш, деган маънони англатади.

Қалбларида ҳидоятдан оғиш бор бўлган мазкур кишилар муташобиҳ оятларни ўзларига қурол қилиб олиб, фитна қўзиш учун ўз ҳавои нафсларига мувофиқ таъвил қиладилар. Ва ҳолбуки, муташобиҳ оятларнинг таъвилини ҳамма ҳам билавермайди:

«Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас».

Муташобиҳ оятларнинг ҳақиқий таъвилини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади. Шунинг учун, мўмин-мусулмон кишилар муташобиҳ оятларнинг таъвилига машғул бўлмасдан, уни Аллоҳ таолонинг ўзига ҳавола этишлари керак.

«Илмда собит бўлганлар эса, унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир, дерлар».

«Илмда собит бўлганлар»–бандалар ичида илмнинг олий даражасига етган уламолардир.

Улар илмда собит бўлганлари учун кўп нарсадан бохабар бўладилар ва шу боисдан ҳам, муташобиҳга иймон келтирдик, барчаси (яъни, оятларнинг барчаси)–муҳками ҳам, муташоҳиби ҳам Роббимиз ҳузуридандир, дейдилар.

Дарҳақиқат, етук олимлар ўзларининг илмий чегараларини аниқ тушуниб етадилар, Аллоҳнинг илми чегарасиз эканини яхши биладилар. Ҳамда ўрни келганда ҳеч иккиланмай, ўзларининг ожиз жойларини эътироф қиладилар. Аммо ҳақиқий илмдан бебаҳра, чаласавод кишилар эса, ўзлари билган озгина нарсани, дунёдаги бор илм–шу, деб тушунадилар ва ундан бошқа ҳамма нарсани инкор этиб, ўзларини ҳам, ўзгаларни ҳам овора қиладилар. Ушбу ҳақиқатларни:

«...фақат ақл эгаларигина эсларлар».

Бундай нарсалардан ақл эгаларигина ваъз-насиҳат ва ибрат оладилар.

Мазкур ҳақиқатларни тушуниб етганларидан сўнг, Аллоҳ таолога ёлбориб дуо қилиб, қалбларини ҳақда собит қилишни ва ҳидоятдан оғдирмаслигини сўрайдилар:

«Эй, Роббимиз, бизни ҳидоят қилганингдан сўнг, қалбларимизни оғдирмагин ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ато қилгин. Албатта, Сенинг Ўзинг кўплаб ато қилувчисан» (Оли Имрон: 8).

Илмда собит бўлган мўмин кишининг ҳоли шу–у ҳидоят нима эканини, қандай улуғ неъмат эканини жуда яхши тушунади. Шунинг учун, ҳидоятни берган Аллоҳга ёлбориб, қалбини ҳақ йўлига бошловчи ҳидоятдан оғдирмаслигини ўтиниб сўрайди.

«Эй, Роббимиз, бизни ҳидоят қилганингдан сўнг, қалбларимизни оғдирмагин ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ато қилгин».

Улар Аллоҳ таолонинг «Ваҳҳоб»–кўплаб ато қилувчи зот эканлигини ҳам яхши биладилар ва Унинг Ўзидан раҳмат ато қилишини сўрайдилар.

«Албатта, Сенинг Ўзинг кўплаб ато қилувчисан».

Улар ўз Роббиларининг барча халойиқни бир куни жамлаб, ҳисоб-китоб қилишини ҳам яхши биладилар ва шунинг учун У зотга бу ҳақда қуйидагича ёлборадилар:

«Эй, Роббимиз, албатта, Сен одамларни келишига шубҳа йўқ кунда йиғувчисан. Албатта, Аллоҳ ваъдага хилоф қилмас» (Оли Имрон: 9 ).

«Келишига шубҳа йўқ кун» қиёмат кунидир.

Аллоҳ таоло ўша кунда барча одамларни жамлаб, сўроқ-саволга тутиб, амалига яраша жазо ёки мукофот беришини ваъда қилган. Мўмин бандалар бу ишнинг албатта бўлишига қаттиқ ишонадилар. Чунки Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмайди.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳеч шакшубҳа йўқки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга таслим бўлмаган одамнинг тавҳиди нуқсонга учрайди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

2722 13:49 / 15.06.2020
Аллоҳ таоло Нисо сурасида шундай марҳамат қилган .Албатта, етимларнинг молларини зулм ила ейдиганлар қоринларига ўтоловни ейдилар, холос. Ва шубҳасиз, давоми...

1812 19:00 / 19.12.2023
.Одамлар Расулуллоҳ алайҳиссаломдан яхшилик ҳақида сўрар эдилар. Мен ўзимга етиб қолмасин деб хавфсираб ёмонлик ҳақида сўрар эдим. Бас, у зотга .Эй Аллоҳнинг давоми...

4612 23:46 / 02.12.2016
. Аллоҳнинг тавфиқи билан Аллоҳнинг тавҳиди ҳақида эътиқод қилиб айтамизки 1. .Албатта, Аллоҳ бирдир, Унинг шериги йўқдир,. Биринчи бошлайдиган нарсамиз давоми...

937 19:00 / 26 февраль
Аудиолар

121651 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43105 14:35 / 11.08.2021