Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 8 рабиъус сони | 2024 йил 11 октябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (69-дарс). Қуръоннинг етти ҳарфда нозил бўлиши

16:47 / 21.01.2020 6440 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Турли йўллар билан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръони Карим етти ҳарфда нозил бўлганини очиқ-ойдин айтганларини кўрамиз.

Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлгани ҳақида келган ҳадиси шарифларни ўрганиб, кейин хулоса чиқарсак, яхши бўлади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жаброил менга бир ҳарфда қироат қилдирди. Унга мурожаат қилиб, зиёда этишини сўрайвердим, ниҳоят етти ҳарфга етди», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Аввало «ҳарф» сўзининг маъносини тушуниб олайлик. Араб тилида «ҳарф» сўзи бир нарсанинг олд – юз тарафи, бир нарсанинг бурилиши, яъни бузилиши ва бир нарсанинг ўлчови маъноларини билдиради.

Ибн Жазарийнинг сўзига кўра, «ҳарф» сўзи «қироат» маъносида ҳам келган:

«Шомликлар Ибн Омирнинг ҳарфида (яъни қироатида) қироат қиладилар». (Ибн Жазарийнинг «Табақотул-қурроъ«китобидан1/292.)

Гоҳида «ҳарф» сўзи «маъно» ва «жиҳат» деган маъноларда ҳам ишлатилади.

Биз сўз юритаётган мавзуда эса бу сўз ўзининг биринчи, яъни «олд – юз тараф» деган маъносида ишлатилади. «Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши» деганда, етти важҳ, яъни кўриниш деган маъно тушунилади.

Бу ҳадиси шарифда Жаброил алайҳиссаломнинг аввал Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Каримни бир ҳарфда етказганлари, аммо Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир ҳарф камлик қилишини англаб, уни зиёда қилишни сўраганлари ҳақида сўз кетмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайта-қайта илтимос қилганлари сабабли, бир ҳарф етти ҳарфга етган.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ҳишом ибн Ҳаким Фурқон сурасини менинг қироатимдан бошқача ўқаётганини эшитиб қолдим. Уни менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқитган эдилар. Шошилиб, уни бир нарса қилиб қўйишимга сал қолди (у намозда эди). Кейин (намоздан) чиққунича қўйиб турдим.

Сўнгра уни ридосидан чангаллаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим ва:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Албатта, мен манавининг Фурқон сурасини сиз менга ўқитганингиздан бошқача ўқаётганини эшитиб қолдим», дедим.

«Уни қўйиб юбор. Ўқи, эй Ҳишом, дедилар. У мен эшитгандек ўқиди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васал­лам: «Мана шундай нозил қилинган», дедилар ва менга: «Ўқи», дедилар. Мен ҳам ўқидим. Шунда у зот: «Мана шундай нозил қилинган. Албатта, бу Қуръон етти ҳарфда нозил қилингандир. Ундан муяссар бўлганини ўқинглар», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифдан қуйидаги мулоҳазаларни қилишимиз мумкин:

1. Дастлаб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлганини умумий эълон қилмаганлар. Бўлмаса, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Ҳишом ибн Ҳаким розияллоҳу анҳуни ўзларига нотаниш бўлган ҳарфда қироат қилганлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига судраб олиб бормас эдилар.

2. Умар ибн Хаттобнинг мулоҳазалари маълум сура –Фурқон сурасининг қироатида ҳақи бўлган. Бу эса етти ҳарф бошдан-оёқ бошқача ўқишда эмас, балки маълум ўринларда бошқача бўлишини билдиради.

3. Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлганини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларнинг ўзаро тортишувларидан кейин эълон қилганликлари.

4. Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши уни муяссар бўлганича, қироати турли кишиларга осон ва қулай бўлиши учун жорий қилинганлиги. Агар бир ҳарфдагина қироат қилиш мажбурий бўлганида, одамлар Қуръони Каримни қироат қилишда қийналиб қолишлари мумкин эди.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Fифорнинг кўли олдида эканлар, ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келиб:

«Аллоҳ сенга умматинг Қуръонни бир ҳарф­да ўқишини амр қилмоқда», деди.

«Аллоҳдан Унинг офияти ва мағфиратини сўрайман. Албатта, умматимнинг бунга кучи етмайди», дедилар у зот. Сўнгра иккинчи марта келиб:

«Албатта, Аллоҳ умматинг Қуръонни икки ҳарфда ўқишини сенга амр қилмоқда», деди.

«Аллоҳдан Унинг офияти ва мағфиратини сўрайман. Албатта, умматимнинг бунга кучи етмайди», дедилар у зот. Кейин учинчи марта келиб:

«Албатта, Аллоҳ умматинг Қуръонни уч ҳарф­да ўқишини сенга амр қилмоқда», деди.

«Аллоҳдан Унинг офияти ва мағфиратини сўрайман. Албатта, умматимнинг бунга кучи етмайди», дедилар у зот. Кейин тўртинчи марта келиб:

«Албатта, Аллоҳ умматинг Қуръонни етти ҳарфда ўқишини сенга амр қилмоқда. Қайси ҳарфда ўқисалар ҳам тўғри қилган бўладилар», деди».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Термизийнинг лафзида:

«Эй Жаброил! Мен бир уммий умматга юборилганман. Уларнинг ичида кампирлар, қари кексалар, ёш болалар, кичик қизчалар ва мутлақо ёзув ўқимаган кишилар бор», дедилар. У:

«Эй Муҳаммад! Албатта, Қуръон етти ҳарфда нозил қилингандир», деди», дейилган.

Бу ҳадиси шарифда Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлишидан кўзланган мақсад очиқ-ойдин келмоқда.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломга қайта-қайта: «Аллоҳдан Унинг офияти ва мағфиратини сўрайман. Албатта, умматимнинг бунга кучи етмайди», демоқдалар. Буни уч марта такрорлаганларидан кейин бир ҳарф етти ҳарфга етказилди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон оятларини олиб келадиган ва бир ҳарфда ўқишга амр бўлганини етказаётган фариштага умматларининг бунга кучлари етмаслигини «Эй Жаброил! Мен бир уммий умматга юборилганман. Уларнинг ичида кампирлар, қари кексалар, ёш болалар, кичик қизчалар ва мутлақо ёзув ўқимаган кишилар бор», деган хитобларида баён қилмоқдалар. Бундан Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши аҳолининг турли табақаларига Каломуллоҳни ўқишни осон қилиш мақсадида бўлганлиги келиб чиқади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Масжидда эдим. Бир одам кириб, намоз ўқий бошлади. У бир қироат қилди. Унинг қироатини инкор қилдим. Кейин бошқаси кириб, ҳалигининг қироатидан ҳам бошқача қироат қилди. Икковлари намозларини тугатиб бўлганларидан кейин, ҳаммамиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирдик ва мен:

«Манави бир қироат қилди. Мен унинг қироатини инкор қилдим. Кейин буниси кириб, унисининг қироатидан ҳам бошқача қироат қилди», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икковларига буюрдилар, иккиси ҳам қироат қилди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иккисини ҳам маъ­қулладилар. Кўнглимга шундай гумон тушдики, бунақаси жоҳилият пайтида ҳам бўлмаган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ме­ни ўраб олган нарсани билиб, кўксимга урдилар. Тер бўлиб оқиб кетдим. Қўрққанимдан худди Аллоҳ азза ва жаллага назар солиб тургандай бўлдим. Шунда у зот менга:

«Эй Убай! Менга: «Қуръонни бир ҳарфда қироат қил», деб элчи юборилди. Мен У Зотга «Умматимга осон қил», деб қайтардим. Менга иккинчи марта «Уни икки ҳарфда қироат қил», деб қайтарди. Мен У Зотга: «Умматимга осон қил», деб қайтардим. Менга учинчи марта: «Уни етти ҳарфда қироат қил. Сени ҳар бир қайтарганимда сен учун бир нарсани Мендан сўраб олишингга имкон бор», деб қайтарди. Шунда мен: «Аллоҳим! Умматимни мағфират қилгин! Аллоҳим! Умматимни мағфират қилгин!» дедим. Учинчисини халойиқнинг барчаси, ҳатто Иброҳим алайҳиссалом ҳам менга рағбат қиладиган кунга қолдирдим», дедилар».

Имом Муслим ривоят қилган.

Қуръони Каримни бир ҳарфда ва икки ҳарфда ўқиш ҳақидаги амр келганидан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан енгиллаштиришини сўраб, илтимосни қайтарганлар. Аллоҳ таоло аста-секин осонлаштириш билан бирга, у зотга мукофот ҳам тақдим қилган.

«Сени ҳар бир қайтарганимда сен учун бир нарсани Мендан сўраб олишингга имкон бор».

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига икки марта мағфират сўраб, дуо қилганлар ва учинчи имкониятдан фойдаланишни қиёмат кунига қўйганлар. Ўша Кунда ҳамма, ҳатто Иброҳим алайҳиссалом ҳам у зотнинг дуоларидан умидвор бўлиб турган бўладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Мен У Зотга: «Умматимга осон қил», деб қайтардим», деганларидан Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши умматга осонлик туғдириш учун экани очиқ-ойдин кўриниб турибди.

Аён бўладики, Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлгани тўғрисидаги ҳадислар улуғ саҳобаларнинг улкан жамоатидан ривоят қилинган бўлиб, уларни санаб чиқиш қийин. Ҳофиз ибн Яълонинг «Муснад»ида қуйидагилар келтирилади:

«Усмон розияллоҳу анҳу бир куни минбарда туриб: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, Қуръон етти ҳарфда нозил қилинган, барчаси шофий ва кофийдир», деганларини эшитган кишига Аллоҳни эслатаман!» деди. Усмон розияллоҳу анҳу бу сўзни айтгач, ўрнидан турди. Шунда сон-саноқсиз кишилар ўринларидан туриб, ана шу ҳадисни эшитганларига гувоҳлик бердилар. Усмон розияллоҳу анҳу: «Ва мен ҳам улар билан бирга гувоҳлик бераман», деди».

Ушбу сон-саноқсиз жамоатнинг юқоридаги мавзуга мувофиқ келишлари баъзи имомларнинг бу ҳадисни мутавотир дейишларига олиб келди. Буларнинг олдинги сафида турувчилардан бири Абу Убайд Қосим ибн Салломдир. Гарчи ҳадис силсиласининг охирги табақаларида мутавотирлик бўлмаса-да, унинг саҳиҳ экани кифоядир. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нутқ қилган диний ҳақиқатлардан биридир.

Уламолар жумҳури усмоний мусҳафнинг расми етти ҳарфни кўтарадиган шаклда ёзилган, деган фикрга мойил бўладилар. Қози Абу Бакр ибн Таййиб Боқиллоний ушбу фикрни ихтиёр қилиб, шундай дейди:

«Саҳиҳ гап шуки, дарҳақиқат, ушбу «етти ҳарф» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тарқалган ва зоҳир бўлган, имомлар у зотдан забт қилишган. Усмон ва саҳобалар «етти ҳарф»ни мусҳафда собит қилганлар ва унинг саҳиҳлиги хабарини берганлар. Мутавотир даражада собит бўлмаганларини эса тушириб қолдирганлар».

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони Карим суралари тўрт қисмга бўлинади.1. Тивол Узун суралар.Бу қисмдаги суралар еттита Бақара, Оли Имрон, Нисо, Моида, Анъом, Аъроф суралари, Анфол билан Тавба давоми...

14572 15:21 / 14.01.2020
Ўшал Кунда бир чеҳралар неъматланувчидир.Бу чеҳралар омонат дунёда иймонихлос билан ва ибодаттақво билан ўтган бандаларнинг чеҳраларидир. Аллоҳ таоло уларга бу давоми...

3672 20:13 / 26.04.2018
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган Ҳар бир жон ўлимнинг тотувчисидир. Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синаб, имтиҳон давоми...

5462 21:03 / 25.03.2017
1. Куфр келтирган ва Аллоҳнинг йўлидан тўсганларнинг амалларини У зот ботил қилди. Иймонсиз, динсиз ва Аллоҳнинг йўлидан юз ўгирган ҳамда одамларни бу йўлдан давоми...

3881 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

131487 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51969 14:35 / 11.08.2021