1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Ғусл қилсангиз тўсилиб олинг! Аллоҳдан ҳаё қилинг!

12:02 / 19.01.2020 4157 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ يَعْلَى رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم رَأَى رَجُلًا يَغْتَسِلُ بِالْبَرَازِ بِلَا إِزَارٍ، فَصَعِدَ الْمِنْبَرَ فَحَمِدَ اللهَ وَأَثْنَى عَلَيْهِ ثُمَّ قَالَ: إِنَّ اللهَ حَيِيٌّ سِتِّيرٌ يُحِبُّ الْحَيَاءَ وَالسَّتْرَ، فَإِذَا اغْتَسَلَ أَحَدُكُمْ فَلْيَسْتَتِرْ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.

Яъло розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ жойда изорсиз ғусл қилаётган одамни кўриб қолдилар. Бас, минбарга чиқдилар. Аллоҳга ҳамду сано айтганларидан сўнг:

«Албатта, Аллоҳ ўта ҳаёли ва ўта тўсингандир. Бирортангиз ғусл қилса, тўсилиб олсин», дедилар».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Аввал ҳадиснинг ровийси Яъло розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Яъло ибн Мурра ас-Сақафий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазийлатли саҳобаларидандирлар. Ҳудайбия, Хайбар, Макка фатҳи, Ҳавазон, Тоифдаги жангларда иштирок этганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифга борганларида узум келтирган саҳоба шу киши эдилар.

Яъло Али розияллоҳу анҳунинг асҳобларидан бўлиб, Куфа, Басра шаҳарларида истиқомат қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадислар ривоят қилдилар. Бу зотдан ўғиллари Абдуллоҳ, Саид ибн Абу Рашид ва бошқалар ривоят қилганлар.

Бу киши ривоят қилган ҳадислардан баъзиларини уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларнинг шариат ҳукмларига амал қилишларини доимо зийраклик билан кузатиб, йўл қўйилган хатоларни ўз ўрнида тузатиб борар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу тузатиш ишларини шароитга, шахсга, хатога қараб, энг мос усулини топар ва турлича муолажа қилар эдилар.

Гоҳида юқоридаги ўтган ҳадисдаги Жарҳад розияллоҳу анҳуга қилган муомалалари каби, хатога йўл қўйган одамнинг ўзини огоҳлантирар эдилар.

Агар хато кенгроқ миқёсда бўлса, ўша атрофда турганларни ҳам бохабар қилиб қўяр эдилар.

Гоҳида эса ушбу ҳадисда келгани каби, намоздан кейин минбарга чиқиб, ҳаммага тушунтирар эдилар.

Кунлардан бирида Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ўзи, лекин очиқ жойда яланғоч ҳолда ғусл қилаётган бир одамни кўриб қолдилар. Бу хатони тузатишга аҳд қилдилар. Масжидда намоз ўқилганидан кейин минбарга чиқиб, хутба қилдилар. Одатларига кўра, гапни Аллоҳ таолога ҳамду сано айтишдан бошладилар. Сўнгра:

«Албатта, Аллоҳ ўта ҳаёли ва ўта тўсингандир. Бирортангиз ғусл қилса, тўсилиб олсин» дедилар».

Бу сўзларда одоб-ахлоқнинг олий даражаси ўз ифодасини топган. Мусулмонлар ичидаги мавжуд камчиликларни муолажа қиладиган ваъзхонлар ва хатиблар бундан ўрнак олишлари керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фалончини фалон жойда қип-яланғоч ғусл қилаётганини кўрдим, шу ҳам иш бўлдими, демадилар. Бош­қа шунга ўхшаган гапларни ҳам айтмадилар. Балки аввал Аллоҳнинг ўта ҳаёли эканлигини эслатиб, мусулмонларни ҳам ўта ҳаёли бўлишга ундадилар. Аллоҳнинг ўта тўсилган эканлигини эслатиб, мусулмонларни ҳам ўта тўсилишга ундадилар. Сўнгра асосий мақсадга кўчиб, тўсилиб олиб ғусл қилиш кераклигини баён қилдилар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Баъзи кишилардан содир бўлган ношаръий ишларни тузатишга шошилиш кераклиги.

2. Холи, очиқ жойда бировнинг кўриб қолиш эҳтимоли борлиги учун яланғоч ҳолда ғусл қилмаслик.

3. Намоздан кейин ваъз қилиб, баъзи хатоларни тузатиш жоизлиги.

4. Минбарда гапни ҳамду сано билан бошлаш.

5. Аллоҳнинг ўта ҳаёли, ўта тўсинган сифатлари борлиги.

6. Мусулмонларни Аллоҳнинг сифатларидан ўрнак олишга чақириш жоизлиги.

7. Авратни доимо тўсиб юришга ҳаракат қилиш лозимлиги.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
174. Мужоҳиддан ривоят қилинади.Абдуллоҳ ибн Амрнинг аҳлида қўй сўйилди. У келиб .Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингизми Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингизми давоми...

3591 13:00 / 03.05.2019
151. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан масжидда ўтирган эдик. Бир аъробий кириб келди. У масжидга сия давоми...

4721 16:10 / 01.03.2019
547. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирингиз бирор аёлга совчи қўймоқчи бўлса, агар унинг давоми...

4796 17:00 / 06.08.2021
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши айтадилар.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир соъдан беш муддгача бўлган сув билан ғусл қилар эдилар ва бир мудд давоми...

3289 11:35 / 13.10.2019