1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Закот — шариат фарз қилган муҳим амалдир

15:30 / 30.12.2019 2342 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш борасидаги воситалардан бири закотдир.

«Закот» сўзи луғатда «поклик» ва «ўсиш» деган маъноларни билдиради.

Закот берган кишининг моли покланади, бермаган кишининг моли эса ичида закотга ҳақдорларнинг моли аралашган мол сифатида нопок бўлиб туради. Қачон закотини берса, покланади, бўлмаса йўқ.

Закоти берилган молга барака кириши билан биргаликда у кўпайиб, ўсади. Бунда ўсиш маъносини ўзида акс эттирган бўлади.

Шаръий истилоҳда: «Закот махсус молдан махсус жузни махсус шахсга Аллоҳнинг розилиги учун шариатда тайин қилинганидек мулк қилиб беришдир».

Закот Исломнинг беш рукнидан бири, шариат фарз қилган муҳим амалдир.

Закот Қуръони Каримда йигирма етти жойда намоз билан бирга зикр этилган. Бу эса ўз навбатида, намоз билан закот бир-бирига чамбарчас боғлиқ нарсалар эканини кўрсатади.

Закот исломий ибодат ва ақийданинг ажралмас қисмидир.

Шаръий рукнлар тартибида закот иймон ва намоздан кейинги ва рўзадан олдинги учинчи рукн бўлиб келган.

Закотда ибодат маъноси бўлиши билан бирга улуғ инсоний ғоялар, ахлоқий кўринишлар, руҳий қадриятлар ҳам ўз аксини топган. У фақат моддий маъно эмас, балки маънавий, руҳий, ахлоқий маъноларни ҳам қамраб олган.

Закотда закот берувчига ҳам, олувчига ҳам, улар яшаб турган жамиятга ҳам кўплаб дунёвий ва ухровий фойдалар бор. Шунингдек, у туфайли мулкдор тарафнинг қалби, шахси покланиб, маънавий, руҳий томондан ўсиб бориши юзага келади.

Аллоҳ таоло Тавба сурасида марҳамат қилади:

ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ

«Молларидан садақа ол. Бу билан уларни поклайсан, тозалайсан» (103-оят).

Биз бу оятда «поклайсан» деб таржима қилган сўз арабчада моддий, жисмоний тозалашга нисбатан ишлатилади. «Тозалайсан» деб таржима қилган калима эса руҳий, маънавий тозалаш маъносида ишлатилади. Бундан закотнинг мусулмонлар учун ҳар тарфлама катта фойдалар келтириши маълум бўлади.

Аллоҳ таоло Лайл сурасида марҳамат қилади:

ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ

«Ва албатта, ундан тақводор банда четда қоладир. У мол-мулкини бериб покланади» (17-18-оятлар).

Яъни иймонли-ихлосли тақводор банда дўзахга кирмай, ундан четда қолади. Ўша дўзахдан озод бўлган банда ўткинчи дунёда закот беради, мол-дунёсини Аллоҳ таолонинг йўлида сарфлайди. Куфр, ширк, нифоқ, гуноҳ ва ёмонликлардан ўзини поклайди. Шунинг учун ҳам охиратда дўзахдан халос бўлади.

Бу икки ояти каримадан закот ҳақиқий покловчи омиллардан эканини яна ҳам аниқроқ тушуниб етамиз.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
АҚШнинг фазовий тадқиқот билан шуғулланувчи агентлиги бўлмиш НАСА сайёрамизнинг ва ойнинг ноёб расмини эълон қилди. Сайёрамизни Сатурн ва унинг ҳалқалари ёнида давоми...

2247 09:00 / 26.06.2021
Икки кундан бери Тошкентда чангли муҳит ҳукм сурмоқда. Кеча кечки пайт бундай ҳолат водий вилоятларига етиб борди. Чангтўзон ҳамма нарсада ўз изини қолдирмоқда. давоми...

5047 18:40 / 05.11.2021
Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ ўзининг .Мадорижус соликин, номли китобида шундай келтиради .Йўлдан кетаётганимда бир ҳовлининг эшиги очилди. Ундан бир ёш болакай давоми...

2697 09:00 / 21.03.2023
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Наҳл сурасида шундай деб марҳамат қилади .Илоҳингиз ягона Илоҳдир. Охиратга иймон келтирмайдиганларнинг қалблари давоми...

3014 13:28 / 13.03.2021