1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Илк мусулмонлар

10:30 / 11.12.2019 3430 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломга биринчи бўлиб Хадийжа онамиз кирдилар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари бўлишлари билан бирга, Аллоҳ таолога ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи иймон келтириш шарафига ҳам муяссар бўлдилар. Шу билан бирга, иймон йўлида улкан хизматлар қилдилар.

Балоғатга етмаган ёшлардан биринчи бўлиб Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу иймонга келдилар. У киши ўша пайтда ўн ёшда эдилар. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг оталари Абу Толиб қийналиб қолгани учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Алийни ўз қарамоқларига олган эдилар.

Собиқ қуллардан биринчи бўлиб Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу иймонга келдилар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуллари эди. Аммо у зот уни озод қилиб, ўғил тутган эдилар.

Катта кишилардан биринчи бўлиб Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу иймонга келдилар. У киши Қурайш қабиласида катта обрўга эга эдилар. Ўткир ақллари, мурувватлари, адолатлари ва бошқа олий сифатлари учун кўпчилик Абу Бакр розияллоҳу анҳуни яхши кўрар ва ҳурмат қилар эди.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзлари иймонга келганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нима иш қилиш кераклигини сўрадилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларни Исломга даъват қилинг», дедилар.

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг дастлабки даъватлари самараси ўлароқ, ўша пайтда Қурайшнинг шарафлиларидан бўлган, кейинчалик саҳобаларнинг улуғларига айланган ва жаннатга киришларига башорат берилган ўн кишининг бешнафари – Усмон ибн Аффон, Зубайр ибн Аввом, Абдурраҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос ва Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳум иймонга келдилар.

Яширин равишда олиб борилаётган даъват таъсирида аста-секин бошқалар ҳам Исломга кира бошладилар.

Дастлабки мусулмонлар ичида Абу Убайда ибн Жарроҳ, Абу Салама ибн Абдуласад, Арқам ибн Абул Арқам, Усмон ибн Мазъун, Убайда ибн Ҳорис, Саъид ибн Зайд, Хаббоб ибн Арат, Жаъфар ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Аммор ибн Ёсир, Суҳайб Румий каби эркаклар ва бир неча аёллар бор эди.

Дастлабки мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан яширин равишда учрашар эдилар. Улардан бирор киши ибодат қилмоқчи бўлса ҳам, ҳеч ким кўрмайдиган пана жойга беркиниб ибодат қилар эди.

Биринчилардан бўлиб Исломни қабул қилганлар ичида турли тоифадаги эркак ва аёллар бор эди. Кўпчилиги ёшлардан иборат бўлган бу мусулмонлар ичида обрўли бойлар ҳам, камбағаллар ҳам, араблар ҳам, араб бўлмаганлар ҳам, аслзода қурайшликлар ҳам, бировнинг қули бўлганлар ҳам, осиёликлар ҳам, оврўполиклар ҳам, Африкаликлар ҳам бор эди. Бундан Ислом барчанинг дини, тенглик дини, биродарлик дини, адолат дини, инсонпарвар дин экани кўриниб турарди.

Муҳаққиқ уламоларимиз ўша пайтларда мусулмонларга икки маҳал икки ракатдан намоз ўқиш фарз бўлганини таъкидлайдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларни Исломга уч йил давомида яширинча даъват қилдилар. Мусулмонлар бу давр мобайнида кофирлардан ўз иймонларини беркитиш учун барча чораларни кўрар эдилар. Уч йилдан сўнг, янги мусулмонларнинг иймони сайқал топиб бўлганидан кейин Исломга ошкора даъват қилиш фурсати етди.

«Ислом тарихи» биринчи китоб

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Солиҳ алайҳиссаломнинг оталарининг исми Убайд бўлиб, насаблари Нуҳ алайҳиссаломга бориб тақалади. У зот боида араблардан бўлмиш Самуд қабиласига давоми...

4436 17:10 / 31.05.2019
Хаворижлар, Алий розияллоҳу анҳуни Сиффиндаги урушни тўхтатиб, Қуръони Каримнинг ҳукмига тушишга мажбурлаган, кейин ҳакамликни инкор қилган, Ҳарура деган жойда давоми...

1489 14:18 / 11 апрель
Валид ибн Абдулмаликнинг халифалик даврида Ислом оламидаги барча вилоятларда сокинлик, кенгчилик, фаровонлик, тинчликомонлик ва барқарорлик ҳукм сурди. давоми...

1079 16:11 / 21 июль
Исломнинг ривожланиб бораётганидан жазавага тушган мушриклар ҳимоясиз, заифҳол мусулмонларни диндан қайтариш мақсадида уларни турли азобларга дучор қила давоми...

2836 15:20 / 12.01.2020
Аудиолар

211022 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130281 14:35 / 11.08.2021