1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Маҳсига масҳ тортиш

16:30 / 01.12.2019 2786 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маҳси – маълум ва машҳур оёқ кийими. У оёқни тўпиғидан юқорисигача яхшилаб бекитиб туради. Совуқдан ва турли нопокликлардан сақлайди. «Маҳси» деб номланмаса ҳам, унинг мазкур сифатларига эга бўлган оёқ кийимлари маҳси ҳукмида бўлади. Ҳар таҳоратда оёқ кийимни ечиб, оёқни ювиш машаққат туғдирганлиги учун тўлиқ таҳорат билан кийилган маҳси унинг ичидаги оёқни пок сақлашини эътиборга олиб, шариатимизда маҳсига масҳ тортишга рухсат берилган.

Лекин баъзи кишилар бу рухсатни тўғри тушунмаганлар. Улар «Бир вақтлар маҳсига масҳ тортиш бўлган, аммо Моида сурасидаги таҳорат ҳақидаги оят тушиб, «оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар» деган буйруқ келганидан кейин маҳсига масҳ тортиш ботил бўлган», дейдилар.

Бу нотўғри гап. Ҳамма асл ҳадис китобларида ривоят қилинган машҳур ҳадисда келишича, Жарир розияллоҳу анҳу таҳорат қилиб, маҳсиларига масҳ тортганлар. Шунда у кишига:

«Сен шу ишни қиласанми?» дейилган. У киши:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ишни қилганларини кўрган бўлганимдан кейин бундай қилишдан мени нима ман қилар эди?!» деганлар.

Одамлар:

«Бу Моида сураси нозил бўлишидан олдин бўлган», деганлар. Шунда Жарир розияллоҳу анҳу:

«Мен у сура нозил бўлганидан кейин мусулмон бўлганман», деганлар.

Демак, «Моида сурасидаги оят суннат билан собит бўлган маҳсига масҳ тортишни бекор қилган», деган гап мардуддир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари маҳсига масҳ тортганлар ва бошқаларга масҳ тортишга кўрсатма ҳам берганлар. Саҳобаларнинг кўпчилиги бу ишни қилганлар.

Аммо маҳсига масҳ тортиш ҳақидаги мазкур нотўғри фикр кўпчиликни адаштиргани ҳамда у тез-тез қайтадан пайдо бўлиб тургани учун ҳадис ва фиқҳ китобларида бу масала алоҳида бобда, айри эҳтимом билан баён қилинадиган бўлиб қолган.

Маҳсига масҳ тортишга рухсатдан мурод, енгиллик яратишдир. Шу билан бирга, унинг яна сувни тежаш, вақтни тежаш, оёқни совуқдан ва нопокликдан сақлаши каби фойдалари ҳам бор.

عَنِ الْمُغِيرَةِ بْنِ شُعْبَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم خَرَجَ لِحَاجَتِهِ فَاتَّبَعَهُ الْمُغِيرَةُ بِإِدَاوَةٍ فِيهَا مَاءٌ فَصَبَّ عَلَيْهِ حِينَ فَرَغَ مِنْ حَاجَتِهِ فَتَوَضَأَ وَمَسَحَ عَلَى الْخُفَّيْنِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатга чиққан эдилар. Муғийра орқаларидан мешчада сув олиб бориб, ҳожатларидан фориғ бўлганларидан кейин қуйиб турди. Бас, у зот таҳорат қилдилар ва икки маҳсиларига масҳ тортдилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маҳсиларига масҳ тортганлари очиқ-ойдин, алоҳида зикр қилингани учун у мана шу бобда келтирилмоқда.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Қазои ҳожат учун чиққанда кишилардан узоқлашиш зарурлиги.

2. Бошлиқ кишилар ўзлари айтмасалар ҳам, шай туриб, хизматларини қилиш кераклиги.

3. Таҳоратга бошқа биров сув қуйиб бериши жоизлиги. (Аввал баён қилинганидек, узри бўлмаса, биров қуйиб бермагани маъқул. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда ўзлари қилганлар).

4. Қазои ҳожатдан кейин дарҳол таҳорат қилиб олишнинг яхшилиги.

5. Маҳсига масҳ тортиш шариатда бор эканлиги.

6. «Маҳсига масҳ тортиш Моида сурасидаги оят билан мансух бўлган», деганларнинг гапи нотўғри эканлиги.

Чунки Моида сурасидаги оят Мурайсиъ ғазотида нозил бўлган. Бу ҳадисда ҳикоя қилинаётган ҳодиса эса Табук ғазотида бўлган. Табук ғазоти Мурайсиъ ғазотидан кейин бўлганлиги ҳаммага маълум.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ана шундай оғир пайтда кушойиш томон яна бир қадам босилди. Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини улкан мўъжиза ndash ойнинг ёрилиши ила қўллади.Имом Бухорий ривоят давоми...

8118 16:57 / 30.12.2017
358. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким жума куни жунубликнинг ғуслини қилса, сўнгра биринчи соатда борса, давоми...

4206 13:01 / 08.05.2020
586. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ичимлик келтирилди. У зот ундан ичдилар. Ўнг тарафларида бир бола давоми...

4973 19:00 / 19.11.2021
272. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким бир илмдан сўралсаю, шунда у ўшани яширса, Қиёмат куни Аллоҳ уни давоми...

6069 15:45 / 11.10.2019
Аудиолар

213379 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар