1446 йил 10 рабиъус сони | 2024 йил 13 октябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Истихора намози

16:00 / 10.12.2023 580124 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, Islom.uz сайтида берилаётган дарслар, янгиликлар, мақолалар ҳақида мухлисларимиз ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини ёзиб қолдиришмоқда. Биз бундан мамнунмиз. Шундай маълумотларнинг бирида «Истихора» намози ҳақида маълумот беришимизни сўрашган. Бу намоз тўғрисида аввалроқ сайтимизда маълумот берилган бўлсада Аллоҳ таолонинг тавфиқини сўраган ҳолда азиз мухлисларимизга такроран ушбу намоз қай тарзда адо этилиши, дуолари тўғрисида батафсил маълумот бермоқчимиз. Аллоҳ таоло бериладиган маълумотларни халқимизга манфаатли ва фойдали қилсин, хато нуқсонларимизни Ўзи мағфират этсин!

«Истихора» сўзи луғатда хайрни талаб қилиш, деган маънони англатади. Мусулмон киши икки ишдан қайси бирини қилишини билмай қолганда, хайрлисини танлаш учун Истихора намози ўқийди. Бу намозни ҳар бир мубоҳ ишдан олдин ўқиш мустаҳабдир.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ҳамма ишларда истихора (хайрни талаб қилиб сўраш)ни худди Қуръондан сура ўргатгандек ўргатар эдилар. У зот: «Бирортангиз бир ишни қасд қилса, фарздан ташқари икки ракат намоз ўқисин. Сўнг:

اللهُمَّ إِنِّي أَسْتَخِيرُكَ بِعِلْمِكَ، وَأَسْتَقْدِرُكَ بِقُدْرَتِكَ، وَأَسْأَلُكَ مِنْ فَضْلِكَ العَظِيمِ، فَإِنَّكَ تَقْدِرُ وَلاَ أَقْدِرُ، وَتَعْلَمُ وَلاَ أعْلَمُ، وَأنْتَ عَلاَّمُ الغُيُوبِ؛ اللهُمَّ إِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنَّ هَذَا الأَمْرَ خَيْرٌ لِي فِي دِينِي وَمَعَاشِي وَعَاقِبَةِ أمْرِي، أوْ قَالَ : عَاجِلِ أمْرِي وَآجِلِهِ، فَاقْدُرْهُ لِي، وَيَسِّرْهُ لِي، ثُمَّ بَارِكْ لِي فِيهِ، وَإِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أنَّ هَذَا الأَمْرَ شَرٌّ لِي فِي دِينِي وَمَعَاشِي وَعَاقِبَةِ أمْرِي، أوْ قَالَ: عَاجِلِ أمْرِي وَآجِلِهِ، فَاصْرِفْهُ عَنِّي، [وَاصْرِفْنِي عَنْهُ]، وَاقْدُرْ لِي الخَيْرَ حَيْثُ كَانَ، ثُمَّ رَضِّنِي بِهِ.

«Аллоҳумма инний астахийрука биъилмика, ва астақдирука биқудротика ва ас`алука мин фазликал ъазийм. Фаиннака тақдиру ва ла ақдиру ва таъламу ва ла аъламу ва анта ъалламул ғуйуб. Аллоҳумма ин кунта таъламу анна ҳазал амро хойрун лий фий дийний ва маъаший ва ъақибати амрий, ъажили амрий ва ажилиҳи, фақдурҳу лий ва йассирҳу лий, сумма барик лий фийҳи ва ин кунта таъламу анна ҳазал амро шаррун лий фий дийний ва маъаший ва ъақибати амрий, ъажили амрий ва ажилиҳи фасрифҳу ъанний (васрифний ъанҳу) вақдурлийал хойро ҳайсу кана сумма роззиний биҳ», деб ҳожатини айтсин», дедилар.

Маъноси: Аллоҳим, Сенинг илминг билан Сендан яхшилик сўрайман. Сенинг қудратинг билан Сендан қодирлик ва улуғ фазлингни сўрайман. Сен (ҳар нарсага) қодирсан, мен қодир эмасман. Сен (ҳар нарсани) билувчисан, мен билмайман. Сен ғайбни билувчисан. Эй Раббим, агар мана шу қилаётган ишим (ҳожатининг номини айтади) динимда, яшашимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун яхши бўлса, уни менга насиб эт ва осон қил. Сўнг уни менга баракотли қил. Агар мана шу ишим (ҳожатининг номини айтади) динимда, яшашимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун ёмон бўлса, мендан уни узоқлаштир, (ундан мени узоқлаштир) қаерда бўлса ҳам, мен учун яхшиликни тақдир қил ва мени ундан рози эт.)

Имом Бухорий ривоятлари.

Уламолар: Намоз ва мазкур дуо билан истихора қилиш мустаҳаб амалдир», дейишган. У икки ракат бўлиб, фарз намозидан олдинги ёки кейинги суннат намозларида, таҳиййатул масжид ва бундан бошқа нафл намозларида ҳам ҳосил бўлаверади. Фотиҳа сурасидан кейин биринчи ракатда «Қул йа аййуҳал кафирун»ни, иккинчи ракъатда эса «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқийди. Дуони юқорида зикр қилганимиз билан бошлаб, Аллоҳга ҳамд ва Расулуллоҳга саловот ва салом айтиш билан якунлайди. Ҳадиси шарифда зикр қилинганидек, истихорани ҳар бир ишда қилиш мустаҳабдир. Агар истихора қилгандан кейин қалби қайси томонга мойил бўлса, ўшани бажараверади.

Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон бир иш қилишни хоҳласалар:

اللهُمَّ خِرْ لِي وَاخْتَرْ لِي

«Аллоҳумма хир лий вахтар лий», деб айтардилар».

Маъноси: Аллоҳим, менга яхшилик ихтиёр қил.

Имом Термизий заиф иснод билан ривоят қилганлар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Эй Анас, агар бирор ишни қасд қилсанг, Раббингга етти марта истихора қил, сўнгра қалбингга яқинига қара, яхшилик ана шундадир», дедилар».

Ибн Сунний ғариб санад билан ривоят қилганлар.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ҳамма ишларда истихора қилишни худди Қуръондан сурани таълим бергандек таълим берар эдилар. У зот: «Қачон бирингиз бир иш қилмоқчи бўлса, фарз намоздан бошқа икки ракат намоз ўқисин. Сўнг, Эй, бор Худоё! Албатта, мен Сендан илминг ила истихора қиламан. Сенинг қудратинг ила қудрат сўрайман. Сендан улуғ фазлингдан сўрайман. Албатта, Сен қодир бўлурсан, мен қодир бўлмасман. Сен билурсан, мен билмасман. Сен ғайбларни ўта яхши билувчи зотсан. Эй, бор Худоё! Агар ушбу иш менга динимда, маошимда ва ишим оқибатида яхши эканлигини билсанг (ёки ҳозирги ишимдаю, келгусида) уни менга тақдир қилгин, менга осон қилгин, сўнгра уни мен учун баракали қилгин. Агар ушбу иш мен учун динимда, маошимда ва ишим оқибатида (ёки ҳозирги ишимдаю келгусида) ёмон эканлигини билсанг уни мендан буриб юбор, мени ундан буриб юбор. Ва менга қаерда бўлса ҳам яхшиликни тақдир қил. Сўнгра мени унга рози қил, десин ва ҳожатини айтсин», дедилар».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Агар иш бир тарафга ўтмай туриб қолса истихора намозини яна қайтадан ўқийди. Қайта ўқиш етти мартагача бўлади.

Анас розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Менга Эй Анас қачон сен бир ишни қилмоқчи бўлсанг у иш борасида Аллоҳ таолодан етти мартагача истихора қилгин. Сўнг (унинг натижасига) қара. Дилинга нима солинса ўшани ихтиёр қил, сен учун ўша нарса яхшидир» дедилар. (Мазоҳиру ҳаққ).

Афзали истихорани уч кундан етти кунгача кетма-кет қилинади. Агар ундан кейин ҳам қалб бир нарсага таскин топмаса, бир тараф ғолиб бўлгунича истихора давом этилаверади ва ишни қилишдан тўхтаб турилади. Аслида «истихора фалон кунгача қилинсин» деган муайян муддат йўқ. Ҳатто Умар розияллоҳу анҳу бир ой кетма-кет истихора қилганлар. Агар бир ойдан кейин ҳам шарҳи содр, қалби таскин топмаганида истихорани давом эттирган бўлар эдилар. (Роҳматуллоҳил васиъа).

Истихоранинг натижаси ва мақбул бўлганининг аломати

Уламолар истихора борасида «Истихоранинг таъсири шунчаликки ким бирор ишни қилишда иккиланиб тараддудга тушган бўлса, суннатга мувофиқ қилинган истихорадан икки фойда бўлади.

1.-Қалб қайсидир бир ишга ҳотиржам бўлади.

2.-Қилинадиган ишнинг сабабларини Аллоҳ таоло муҳайё қилиб қўяди» деганлар.

Баъзи уламолар «Истихора қилгандан кейин инсоннинг қалби бир тарафга таскин топади. Фаразан бир тарафга таскин топмаса ҳам истихорадан кўзланган мақсад ҳосил бўлади. Чунки банда истихора қилишнинг ўзи билан Аллоҳ таоло бандага унинг фойдаси учун бўладиган ишни муяссар қилади. Мабодо киши бир ишни яхши деб билсаю, Аллоҳ таоло унга бирор тўсиқни пайдо қилиб бандани ундан буриб қўйса, банда билсинки унда яхшилик йўқдир. Ўша тўсиқ истихоранинг баракоти туфайли пайдо бўлган тўсиқ ҳисобланади» деганлар.

Истихора қилинганидан кейин ҳам зиён кўрилса

Бирор киши истихора қилиб қалби таскин топганидан кейин ўша ишни қилиб зоҳирида зарар кўрса ҳам қилган истихораси тўғрисида нотўғри гумонга бормасин.

Макҳуул Аздий раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади:

«Мен Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг «Баъзи вақт инсон Аллоҳ таолога қайси иш менга яхши бўлса ўшани менга насиб қилгин – деб истихора қилади ва Аллоҳ таоло у учун фойдали бўлган ишни унга насиб қилади. Кейинчалик кишига у иш машаққатли ва зарарли кўринади. Шунда банда норози бўлади. Лекин бироз вақт ўтгач Аллоҳ таоло у учун яхшиликни ирода қилгани намоён бўлади. Аллоҳ таолонинг чиқарган ҳукми шак-шубҳасиз тўғридир, унинг оқибати яхши эканлиги баъзи вақт бу дунёда зоҳир бўлса, баъзи вқт охиратда билинади» деганларни эшитдим» дедилар. (Зуҳд китобидан).

Истихора борасида нотўғри тушунчалар

Истихора қилиш аслида жуда ҳам осон иш. Лекин шайтон шунга ҳам аралашган ва одамларда бир неча нотўғри фикрлар пайдо бўлган.

-икки ракат ўқиб ҳеч ким билан гаплашмасдан ухлаш керак, акс ҳолда истихоранинг фойдаси бўлмайди.

-ўнг тараф билан ётиш керак.

-қиблага юзланиб ётиш керак.

-ухлаш билан тушни кутиш керак.

-тушда фалон рангни кўрса яхши, фалон рангни кўрса ёмон.

-тушида бирор улуғ зот нима бўлишини билдириш керак. Чунки шайтон тушга кириб кўрсатма бериши ҳам мумкин.

Юқоридагиларнинг бирортасини ҳам истихорага алоқаси йўқ, ҳадис орқали ҳам собит бўлмаган. Баъзи китобларда шундай гаплар келган бўлса, таҳқиқ қилинмасдан ёзилган бўлади. Аллоҳ таоло мусаннифларни раҳматига олсин. Таҳоратли бўлиб, қиблага юзланиб, ўнг томон билан ётиш ухлашнинг одобларидан эканлигида шак йўқ. Лекин истихора қилган кечаси шундай ҳолатда бўлиши шарт деган тушунча нотўғридир. Шунингдек кўпчилик «истихора фақат жуда муҳим ва катта ишлар тўғрисида ёки инсон қилиш-қилмасликда иккиланиб қолган ўринлардагина қилинади» деб ўйлашади. Чунончи авом халқ саноқли ўринлардагина истихорадек суннат амалини қилишга муваффақ бўладилар.

Масалан никоҳ, тижорат, катта нарсаларни сотиб олишлардагина қилишади. Ваҳоланки истихоранинг таржимасидан ҳам маълумки, истихора Аллоҳ таолодан хайр барака тилаш ишидир. Уни инсон кечаю-кундуздаги барча ишларида Аллоҳ таолодан сўраши керак. Хоҳ у қилмоқчи бўлган иши кичик ёки катта бўлсин, иккиланмаётган ҳам бўлсин, ўзининг наздида кичик деб ҳисоблаётган бўлсин ёки қилса яхшилиги аниқ бўлсин ёки қилишга мажбур бўлсин барчасида истихора билан бошласа, аввало суннатга амал қилган бўлади ва истихоранинг баракотидан насибадор бўлади.

Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ «Қачонки бирор киши менга савол билан мурожаат қилса, жавоб беришдан аввал бироз тўхтайман ва «Бу инсоннинг асл ҳолати Ўзинга маълум, бу киши учун нима фойда ва нима зарарлиги ҳам Ўзинга маълум, бунинг масаласи жавоби нима бўлишини менинг қалбимга солгин, унутган бўлсам эслатгин» деб Аллоҳга боғланаман» деганлар. Бу ҳам бир жиҳатдан истихора ҳисобланади.

Кўриниб турибдики, Истихора намози ҳам бошқа намозлар каби бандани Аллоҳ таолога боғловчи омилдир. Бир ишни қилмоқчи бўлганда Аллоҳ таолонинг ўзига ёлбориб, илтижо қилиб яхшилик йўл кўрсатишни сўрашдир. Бу маъно эса, мусулмон инсон ҳаётида намознинг ўрни қанчалар муҳим эканини яна бир бор кўрсатади. Мусулмон инсон ҳатто қиладиган дунёвий ишида ҳам дунёнинг холиқи ва бошқарувчиси Аллоҳ таолонинг Ўзидан маслаҳат сўраш имконига эга. Намоз ўқимайдиганлар эса, бу улуғ саодатдан бебаҳралар, улар шайтоннинг маслаҳати билан иш қилишга мажбурдирлар.

Islom.uz портали 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир кекса аёлдан фарзандларининг салоҳияти, уларнинг муваффақиятлари ва отаоналарига кучли эҳтироми сабабини сўрашганда, шундай жавоб берган экан .Аллоҳнинг давоми...

5362 11:00 / 14.01.2023
11дарс16МатнСўнгра тик турган ҳолда фақат Самиъаллооҳу лиман ҳамидаҳrdquoнинг ўзини айтардилар.16Матннинг далиллари۱ quot quot1. Абу Ҳурайра давоми...

3298 05:00 / 09.01.2017
...Мазкур ҳадисларни ўрганган одамда бу масалада икки хил йўл тутиш мумкинлиги ҳақида хулоса қолади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг масжидга давоми...

7059 05:00 / 09.01.2017
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Бомдод намозидан кейин, оёғини йиққан ҳолида туриб, гапримасдан олдин ўн давоми...

58353 05:00 / 04.01.2017
Аудиолар

131621 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

52097 14:35 / 11.08.2021