Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (59-дарс). Қуръони Каримнинг ҳазрати Усмон даврларида жамланиши

19:05 / 12.11.2019 6413 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)

Қуръони Карим қироатида мусулмонлар ихтилофини йўқ қилиш бўйича амалий чора кўришни ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу амалга оширганлар.

Ҳа, бу улуғ ишни амалга оширишдан кўзланган асосий ва ягона мақсад Қуръони Карим қироатида мусулмонлар орасидаги ихтилофни йўқ қилиш бўлган. Бошқа ҳеч қандай мақсад бўлмаган. Аммо душманлар ҳар қандай яхши ниятни ҳам бузиб кўрсатишлари ҳеч гап эмас. Улар бу борада ҳеч кимнинг хаёлига келиши мумкин бўлмаган гапларни ҳам излаб топишга устаси фаранглар.

Усмон розияллоҳу анҳунинг Қуръонни жамлашдаги ниятларига Блашер ва бошқа шарқшуносларнинг шаклари бор. Улар мазкур улуғ ишни рўёбга чиқариш учун бу халифанинг аристократлиги асосий туртки бўлганини «илмий» асосда таъкидлайдилар! Уларнинг фикрича, Аллоҳнинг Китоби Маккадаги бошқа қабилалардан устун бўлган аристократ гуруҳнинг номи билан жам қилинди.

Ушбу ишга вазифадор қилинган гуруҳдаги мадиналик ансорлардан бўлган Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуни айтмасак, қолган уч киши Қурайш қабиласидан бўлган маккаликлар эди. Блашер мана шу ҳолатни таҳлил қилар экан, ушбу учликни ўзининг пуч хаёли билан юқорида Усмон розияллоҳу анҳуни номлаганидек, «аристократлар жамоаси» деб номлайди.

Улар бу гапни айтишда фақатгина хаёлларига ва ёлғончи гумонларига суянадилар. Ёки уларнинг даъволарини исбот қиладиган бирорта саҳиҳ тарихий ривоят борми?! Оқил киши бу каби алғов-далғов фикрларни Бухорий каби тарихни яхши билган, ишонч, забт ва омонатли зотларнинг ривоятларидан устун кўриб қабул қилармиди?! Албатта, йўқ!

Аммо Блашер ва унинг «илмий жабҳа»даги сафдошлари ишончли ривоятни «афсона» деб, ўзларининг хом хаёлларини «илмий ҳақиқат» деб баҳолайдилар.

Қуръони Каримга бўлган аҳамият бошқа бирор китобга бўлмаган. Адолатли, ишончли, умрида ёлғон гапирмаган воқеа шоҳидларининг хабарларига Блашерга ўхшаш кимсаларнинг ўзлари тўқиб олган фикрларини тенглаштириб бўлармиди?! Улар ўзларидан чиққан хулосаларни ҳам илм деб ёзаверишади.

Улар «Усмон зодагон, бой бўлган, бунинг устига, халифа эди. Шундай экан, тарихда қолиш учун қўлидаги имкониятлардан фойдаланиб, Қуръонни ўзининг қабиласи тилида ёздирди. Бошқаларнинг китобларини йўқ қилдирди» деган хулосани бермоқчи бўлишади. Тўғри, балки, Усмон розияллоҳу анҳудаги имконият уларда бўлганида, ана шундай ўз манфаатларини олдинга қўйишарди. Шунинг учун ҳам мана шундай хулоса чиқараётгандирлар. Лекин мусулмон умматининг санад асосига суянган илмий қараши бу каби хаёлпарастларнинг пуч фикрларини йўққа чиқаради. Улкан бурч ва масъулиятни ўз бўйинларига олган иймонли, эътиқодли саҳобалар агар ўша пайт мусулмонлари ёзилган ва ёд олинганига ўзлари каби иккита гувоҳни келтиришмаса, уни илм деб қабул қилмадилар.

Бугунги кундаги илм мезонларини кўриб, ҳайратдан ёқа ушлайсан, киши. Англиялик бир киши билан Дарвин таълимоти хусусида олиб борилган мунозарада унга: «Дарвин инсоннинг маймундан пайдо бўлганини кўрганми?» деб савол бердим. «Йўқ», деди у. «Ундай бўлса, кўрганлардан эшитганми?» дедим. «Йўқ», деди. «Нима учун унинг ўз хаёлида тўқиб чиқарган назариясига ишонасиз? У ҳам оддий бир инсон-ку?» дедим. У бўлса «Дарвин олим бўлган», дейишдан нарига ўта олмади!

Уларнинг илмий қарашлари «менимча», «балки», «демак» каби шахсий хулосалардан иборат. Энг ачинарлиси, улар ушбу шахсий хулосаларини биз юқорида кўриб ўтган соф маънодаги илмий тадқиқотдан устун қўйишади.

(Давоми бор)

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
88. Куфр келтирган ва Аллоҳнинг йўлидан тўсганларга фасод қилганлари учун азоб устига азоб зиёда қилдик.Ўзи кофир бўла туриб, бошқаларни Аллоҳнинг йўлидан тўсган давоми...

5083 05:00 / 23.01.2017
Имом Осим қироати1 Ундан Абу Бакр Шуъбанинг ривояти.Бизга уни Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Али алКотиб хабар берган. У айтади.Бизга ибн Мужоҳид хабар берган. У давоми...

2425 13:30 / 16.02.2021
Маккада нозил бўлган. 8 оятдан иборат. Ушбу сураи кариманинг номи ҳам ўзининг биринчи ояти охиридаги келган .Баййина, сўзидан олингандир. .Баййина, сўзи луғатда давоми...

7901 05:00 / 23.01.2017
Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қилади Аллоҳ кўп савоб берувчидир, ўта билувчидир.Аллоҳ таоло ношукр ва кофир бандаларни нима давоми...

5623 17:40 / 30.04.2018