1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Набий алайҳиссаломга яқин бўлишни истасангиз, саловотни кўпайтиринг

11:00 / 28.01.2019 38043 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Араб тилида «саловот» сўзи «салот»нинг жами бўлиб, дуо маъносини англатади. Арабчада намоз ҳам «салот» дейилади. Чунки намозда ҳам дуо маъноси бор. Аммо «салот» Аллоҳ таоло томонидан бўлганида «дуо» маъносини йўқотади.

Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишининг маъноси, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўтариши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини англатади.

Фаришталарнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишлари, у зоти бобаракот ҳақларига дуо қилишлари, истиғфор айтишлари маъносида бўлади. Мўмин-мусулмонларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишлари эса, улар томонидан бўлган дуо ва улуғлаш маъносидадир.

Демак, Аллоҳ таоло доимо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан рози эканини билдириб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга мақтовлар айтиб турар экан.

Ояти каримада мўминларга:

«Эй, иймон келтирганлар! сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг», деб амр қилинмоқда.

Бу амрга биноан ҳар бир мўмин учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш ва салом юбориш фарз бўлиб қолади. Бу хусусдаги баҳсларда уламоларимиз, умрда бир марта ёки ҳар бир мажлисда бир марта ёки у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари ҳар зикр қилинганида бир марта саловот айтиш керак, деганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом ибн Можалар ривоят қилган. ҳадисда Омир ибн Робиъанинг оталари қуйидагиларни айтадилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Ким менга саловот айтса, фаришталар унга ҳам менга айтган саловотининг баробарида саловот айтиб турадилар. Банда саловотни хоҳласа, оз айтсин, хоҳласа кўп», деганларини эшитдим».

Қуръон тиловати ва Аллоҳнинг зикридан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш энг савобли ишлардан ҳисобланади. Чунки бу нарса Аллоҳ таолонинг амри. Шунинг учун ҳам намознинг ташаҳҳудида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтилади.

Имом Шофиъий:

«Ташаҳҳудда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтилмаса, намоз намоз бўлмайди», деганлар.

Имом Насаий ва имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган. ҳадисда Абу Толҳа розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларидан қувонч балқиган ҳолда келдилар. Биз: «Юзингизда қувонч кўрмоқдамиз!» дедик.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Чунки ҳузуримга фаришта келиб: «Эй, Муҳаммад, албатта, Роббинг айтурки: «Ким сенга саловот айтса, албатта, Мен унга ўн марта саловот айтишим, ким сенга салом айтса, Мен унга ўн марта салом айтишим сени рози қилмайдими?» деди», деб хабар бердилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак номлари зикр этилганида, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтмаслик шунчалик ёмон ишдир.

Абу Ҳумайд ас-Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Баъзи одамлар:

«Эй, Аллоҳнинг Расули, сизга нечук саловот айтамиз?» дедилар.

Шунда у зот: «Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин ва азвожиҳи ва зурриятиҳи, кама соллайта ала оли Иброҳийм. Аллоҳумма барик ала Муҳаммадин ва азвожиҳи ва зурриятиҳи, кама барокта ала оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум-мажийд», деб айт», дедилар. Учовлари ривоят қилган.

Абдурроҳман ибн Абу Лайла розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мени Каъб ибн Ужрани учратиб қолиб: «Сенга бир совға берайми? Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни олдимизга чиқдилар. Биз у зотга «Эй, Аллоҳнинг Расули, сизга салом беришни-ку биламиз, аммо сизга саловот айтиш қандай бўлади?» дедик.

«Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин ва ала оли Муҳаммадин, кама соллайта ала оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум-мажийд. Аллоҳумма барик ала Муҳаммадин ва ала оли Муҳаммадин, кама барокта оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум-мажийд», деб айтинглар», дедилар». Тўртовлари ривоят қилган.

Бухорийнинг ривоятида: «Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин ва ала оли Муҳаммадин, кама соллайта ала Иброҳийма ва ала оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум-мажийд. Аллоҳумма барик ала Муҳаммадин ва ала оли Муҳаммадин, кама барокта ала Иброҳийма ва ала оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум-мажийд», дейилган.

Айнан имом Бухорийнинг ушбу ривоятлари намозлардаги саловот ўқиш учун олинган. Бошқа ҳадисларда ҳам бир оз фарқли сийғалар келган. Шундан кўриниб турибдики, бир хил сийғада саловот айтиш шарт эмас. Турли сийғада айтса ҳам, бўлаверади. Энг муҳими, айтиш керак.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй, Аллоҳнинг Расули, сизга салом беришни-ку биламиз, аммо сизга саловот айтиш қандай бўлади?» дедик. «Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин абдика ва расулика, кама соллайта ала Иброҳийма Ва барик ала Муҳаммадин ва ала оли Муҳаммадин, кама барокта ала Иброҳийма ва ала оли Иброҳийм», денглар», дедилар». Бухорий ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бизга, аҳли байтга саловот айтганда унга тўлиқ ўлчов ила ўлчаб берилишидан масрур бўлса «Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин набиййи ва азвожиҳи уммуҳотил мўминийн ва зурриятиҳи ва аҳли байтиҳи. Кама соллайта ала оли Иброҳийма. Иннака ҳамийдум-мажийд» десин», дедилар». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга бир марта саловот айтса, Аллоҳ унга ўн марта саловот айтади», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен олдида зикр қилинганимда менга саловот айтмаган одамнинг бурни ерга ишқалсин. Унга рамазон келиб кетса-ю мағфират қилинмай қолган одамнинг бурни ерга ишқалсин. Ота онасини катта ёшдаги ҳолда топса ҳам иккилари уни жаннатга киритмаган одамнинг бурни ерга ишқалсин», дедилар».

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Кечанинг учдан иккиси кетганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб:

«Эй, одамлар! Аллоҳни зикр қилинглар! Аллоҳни зикр қилинглар! Рожифа келди. Унинг ортидан родифа келадир. Ўлим ўз нарсалари билан келди. Ўлим ўз нарсалари билан келди», дер эдилар.

«Эй, Аллоҳнинг Расули! мен сизга саловотни кўп айтаман. Ўз саловотларимдан қанчасини сизга қилай?» дедим.

«Ўзинг истаганингчани», дедилар.

«Тўртдан бириними?» дедим.

«Ўзинг истаганингчани. Агар зиёда қилсанг, ўзингга яхши бўлади», дедилар.

«Яриминими?» дедим.

«Ўзинг истаганингчани. Агар зиёда қилсанг, ўзингга яхши бўлади», дедилар.

«Учдан иккисиними?» дедим

«Ўзинг истаганингчани. Агар зиёда қилсанг, ўзингга яхши бўлади», дедилар.

«Саловотимнинг ҳаммасини сизга қиламан», дедим.

«Ундоқ бўлса, ғамингдан қутиласан ва гуноҳларинг мағфират қилинасан», дедилар». Учовини Термизий ривоят қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишнинг фойда ва самаралари.

1. Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниш.

2. Аллоҳ таолонинг саловотига мувофиқ иш қилиш.

3. Фаришталарнинг саловотига мувофиқ иш қилиш.

4. Бир саловот учун Аллоҳ таолодан ўн саловот олиш.

5. Бир саловот учун ўн даража кўтарилиши.

6. Бир саловот учун ўн ҳасанот ёзилиш.

7. Бир саловот учун ўн ўн гуноҳ ўчирилиши.

8. Дуонинг қабул бўлиши.

9. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига мушарраф бўлиш.

10. Гуноҳларнинг мағфират қилиниши.

11. Ғам-ғуссадан фориғ бўлиш.

12. Қиёмат куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин бўлиш.

13. Камбағал учун саловот садақа ўрнига ўтиши.

14. Ҳожатларнинг раво бўлиши.

15. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтган одамга Аллоҳ таоло ва Унинг малоикалари саловот айтадилар.

16. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтувчи покланади.

17. Саловот айтиш бандага жаннат башоратини беради.

18. Қиёмат куни даҳшатларидан нажот беради.

19. Пайғамбар алайҳиссалом саловот айтувчига жавоб берадилар.

20. Бандага унутган нарсани эслатади.

21. Мажлисни поклашга сабаб бўлади.

22. Саловот фақирликни кетказади.

23. Саловот бандадан бахиллик сифатини кетказади.

24. Саловот дуои баддан қутулишга сабаб бўлади.

25. Саловот ўз эгасини жаннат йўлига элтади.

26. У ўз эгасини мажлис нохушлигидан сақлайди.

27. Ҳамда сано билан бошланган дуони тамомлайди.

28. Банданинг сиротдаги нурини тўлиқ қилади.

29. Банда у билан жафодан чиқади.

30. Саловот баракага сабаб бўлади.

31. У Аллоҳ таолонинг раҳматига эриштиради.

32. Саловот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатни бардавомлигининг сабабчисидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишнинг ҳукмлари

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга умрда бир марта саловот айтиш фарздир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга намознинг охирги ташаҳҳудида саловот айтиш суннатдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга намоздан ташқарида барча вақтларда саловот айтиш мустаҳабдир.

Уламолар барча анбиёларга саловот айтиш жоизлигини таъкидлаганлар.

Пайғамбарлардан бошқаларнинг ўзларига саловот айтиб бўлмайди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиб туриб ортидан у зотни оли, асҳоблари ва атбоъларига айтиш мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг энг мукаммал ва батамом саловотлари бўлсин!


Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло инсонларга беҳисоб неъматларни берган, уларнинг ҳаммаси ҳам бирбиридан қадрли ва фазилатлидир. Мана шу неъматларнинг ичида доимо ўзимиз билан бирга давоми...

1373 08:40 / 18.07.2019
Яҳё ибн Саъид айтади .Уҳуд жанги куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким менга Саъд ибн Рабиъ ҳақида хабар келтиради, дедилар. Бир киши .Мен, эй Аллоҳнинг давоми...

2322 08:00 / 05.11.2019
Бунинг баёни Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадисда ўз аксини топган. Бу ҳадисда бир банда ўтиши керак бўлган босқич ndash қабр оламининг давоми...

19208 16:40 / 02.02.2019
Амр ибн Шуъайбдан, отасидан, бобосидан ривоят қилинади.Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда шеър айтишдан, олдисотди ва жума куни намоздан олдин ҳалқа бўлиб давоми...

2333 09:50 / 05.04.2019
Аудиолар

118785 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40736 14:35 / 11.08.2021