1447 йил 2 шаъбон | 2026 йил 21 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Бу зот ким?

10:55 / 07.11.2019 3111 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу зот ким? Бу зот энг аввало, Абдуллоҳ - Аллоҳнинг қули, бандаси. Мана шу бандалик сифати бу инсоннинг сифатлари ичидаги энг буюк сифатдир. Инсоният бу зотнинг инсон бўлиб яралганидан фахрланади!

Бу зот ким? Бу зот Хотамул Анбиё - пайғамбарларнинг энг сўнггиси, Аллоҳ инсониятга юборган элчиларининг охиргисидир. Ундан кейин осмон ва ер алоқалари узилди! Ундан кейин Нубувват келиши тўхтади!

Бу зот ким? Бу зот Саййидул мурсалийн - Расуллар саййиди ва Имаамул Муттақийн - тақводорлар пешвосидир. Бу зот меърож кечасида Одам алайҳиссаломдан то Исо алайҳиссаломгача бўлган барча пайғамбарларга имом бўлиб намоз ўқиди. Инсонлар орасида ундан кўра Аллоҳдан кўпроқ қўрқадиган бирор кимса йўқдир!

Бу зот ким?! Бу зот Ҳабибуллоҳ - Аллоҳнинг Ҳабиби, хойру холқиллаҳ - Аллоҳ яратган маҳлуқотлари ичида энг яхшиси, энг афзали ва Аллоҳ учун энг маҳбубидир. Аллоҳ ҳеч бир кимсани уни суйганчалик суймаган!

Бу зот ким? Бу зот роҳматан лилъааламийн - оламларга раҳмат этиб юборилган, инсонларнинг энг раҳмдили!

Бу зот ким? Бу зот сирожун мунийр - инсониятни зулматлардан нурга олиб чиқувчи нурли чироқ! Маъсият ботқоғига ботаётган башариятни убудият қуруқлигига олиб чиққан, мудроқдаги оламни уйғотган, қалбларни забт этган қалблар фотиҳидир!

Бу зот ким? Бу зот шундай бир зотки, унинг таваллудидан кўра муборак таваллуд ва унинг вафотидан кўра оғирроқ жудолик бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Унинг туғилиши инсоният учун энг буюк бахт, вафоти эса энг оғир мусибат бўлди!

Бу зот ким? Бу зот охират кунининг хатиби, байроқдори ва шафоатчисидир. Маҳшаргоҳда жамиийки маҳлуқот унинг атрофида тўпланади ва ул зот уларга хутба қилади.

Бу зот ким? Бу зот охират куни биринчи бўлиб тириладиган, сирот кўпригидан биринчи бўлиб ўтадиган, жаннат дарвозаларини биринчи бўлиб қоқадиган, ўзининг оёғи билан жаннатнинг тупроғини биринчи бўлиб босадиган зотдир!

Бу зот дунёдаги бизнинг устозимиз, охиратдаги шафоатчимиз, жаннатдаги суҳбатдошимиздир, иншаАллоҳ!

Бу зот ким? Бу зот қалбимиздаги титроқ, дилимиздаги армондир. Унинг номини эшитганда ер юзидаги бир ярим миллиард инсоннинг қалби титрайди, кўзлар ёшланади!

Бу зот ким?! Бу зот - аввалги-ю охирги гуноҳлари кечирилган бўлсада, ҳар куни Аллоҳга юз марта истиғфор айтган зот!

Бу зот - жаннатга киришлиги нақд бўлсада, кечалари оёқлари шишиб кетгунича намоз ўқиб чиққан зот!

Бу зот - кулишликка энг ҳақли бўла туриб, бирор марта баланд овозда кулмаган зот!

Бу зот - дунё подшоҳлари юмшоқ тўшакларда ётган даврда қаттиқлигидан баданига ботиб из қолдирадиган бир бўйра устида ухлаган зот!

Бу зот - дуоси рад этилмайдиган пайғамбар бўла туриб, очликдан қорнига тошлар боғлаб олган зот!

Бу зот ким? Бу зот ахлоқда комил, ҳаёда тенгсиз, зикрда бардавом, тақвода пешқадам ва сабрда намуна бўлган зотдир!

Бу зот - Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар!

Файзиев Шамсуддин Садруддин ўғли

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни махлуқотларга раҳмат ўлароқ юборган кундан афзалроқ хурсандчилик борми Ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи давоми...

1743 11:52 / 23.04.2025
Мавлид ҳақидаги хилофлар оз бўлсада, айрим кишилар ўртасида ҳануз бор. Мавлид ҳақиқатан ҳам бидъатмикин ёки жоиз, савобли амалмикин, деган маънода иккиланиб давоми...

4007 09:00 / 01.10.2021
Бугунги кунда мусулмонлар ўртасида турли байрамларни нишонлаш кенг ёйилди. Хатто мусулмонларга ёт бўлган байрамлар ҳам пайдо бўлди. Кўплаб мусулмон фарзандлари давоми...

1567 15:02 / 10.10.2021
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар .Мўмин бўлмагунингизча жаннатга кира олмассиз. Ўзаро муҳаббатли бўлмагунингизча мўмин бўла олмассиз,. Яна давоми...

1632 14:00 / 29.10.2021
Аудиолар

223842 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

142762 14:35 / 11.08.2021