1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Аллоҳнинг Расулини қандай кутиб оламиз?

14:08 / 04.11.2019 3032 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биз мусулмонлар Робиул аввал ойини ўзгача иштиёқ ва соғинч билан йил бўйи кутамиз. Чунки, бу ойда Ҳабибимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топганлар. Бу муборак ой кириши билан Ул зотга саловат айтишни кўпайтирамиз, ҳаёт йўлларини ўрганамиз ва мусобақалашамиз. Бир сўз билан айтганда, ушбу барокотли ойни муносиб кутиб олишга ҳаракат қиламиз. Келинг, шу ўринда бизларга ҳар жабҳада ўрнак бўлган саҳобийлар ҳаётидан бир лавҳани ўрганайликда, бундан ўзимизга хос гўзал намуна олайлик.

Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳу:

Асл исмлари Холид ибн Зайд ибн Кулайб бўлган бу саҳобий бошқа саҳобийлардан бир ҳодиса туфайли ажралиб турар эдилар.

“Нубувватнинг ўн учинчи йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз дўстлари Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан бирга Маккадан Мадина томон ҳижрат сафарига йўл олдилар. Бундан хабар топган Мадина мусулмонлари ўзида йўқ хурсанд ва ҳамма Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келишларига тайёргарлик кўрар, бутун шаҳар ўз Саййиди учун безанар эди. Ҳар куни барча мусулмонлар тўпланиб ул зотни қаршилаш учун тайёр ҳолда туришарди. Мана шундай интизорли кунларнинг бирида узоқдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туяга минган ҳолда кўрина бошладилар. Барча ўзида йўқ хурсанд, ҳамма ул зотни тезроқ муборак юзларини кўришга муштоқ эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  шаҳар сари яқинлашиб борар эканлар Мадинадаги обрўли кишилар ул зотни қаршилаб ўз уйлари томон туя жиловини торта бошладилар. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни тек қўйинглар, у (Роббиси томонидан) буюрилгандир» дердилар.

Шу зайлда туя Мадина кўчаларидан бирма-бир ўта бошлади. Туя ортидан мунгли қалб ила кўз ёшли хонадонларни қолдирар лекин, айни вақтда кейинги хонадон соҳибларига ўзгача сурур ва умид бағишлар эди. Хўш, бугун ким икки дунё сарвари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўз уйига олиб киради. Барча бундай улкан насиба кимга бўлишини билиш учун туя ортидан эргашди.

Туя Аллоҳ таолонинг изни ила тўхтади, ерга чўкди. Барча бу юксак мартаба кимга насиб қилганини тезроқ билгиси келарди. Бу ер Абу Айюб хонадони яқинидаги майдонча эди. Шу пайт Абу Айюб Ал-Ансорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон шошилди ва ўз хонадонига таклиф қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юкларини худди дунёнинг барча бойликларини қўлга киритгадек кўтариб уйи томон юзланди.

Абу Айюб хонадони икки қаватли бўлиб иккинчи қаватини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун бўшатиб берди. Лекин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пастки қаватда истиқомат қилишни афзал кўрдилар. Абу Айюб ҳам дарҳол «Ҳўп бўлади» - дея ўзи ва аёли Умму Айюб билан иккинчи қаватга жойлашди.

Кеч тушгач Абу Айюб ва Умму Айюб юқорига кўтарилишди. Хонага кириб эшик ёпилгач Абу Айюб аёлига айтди:

-Ҳолинга вой бўлсин! Биз нима қилиб қўйдик ўзи! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биздан пастдаку, биз эса ул зотдан юқорида бўламизми?! Набий ва ваҳий орасида бўламизми?! Ундай бўлса ҳалок бўлувчиларданмиз!

Эр-хотин нима қилишларини билмай надомат чекиб туриб қолишди. Охир оқибат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак жуссалари устига тўғри келиб қолмайдиган тарзда хона бурчагига жойлашишди ва фақат хонанинг чекка қирғоқларидангина юришди.

Тонг отгач Абу Айюб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтди:

- Аллоҳга қасамки бу кеча мен ҳам Умму Айюб ҳам ухламадик!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ажабланиб: «Нима сабабдан эй Абу Айюб?»,- дедилар.

Абу Айюб эса: «Мен уйни тепасида, сиз эса пастда эканингиз ва мен бирор ҳаракат қилсам сизга юқоридан чангу ғуборлар тушиб сизга озор беришини ўйладим. Сўнг, яна мен Набий ва ваҳий ўртасида туриб қолганимни эсладим»,- дея жавоб берди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар ул зотни зиёратига кўп келгани боис пастки қаватни танлаганликларини айтиб «Ўзинга раҳм қил! Эй, Абу Айюб!»,- дедилар.

Абу Айюб кейинчалик бу воқеани эслаб айтади:

Расулуллоҳ айтганларига мувофиқ яшай бошладим. Бу ҳолат то бир ҳодиса юз бермагунигача давом этди:

Совуқ тунларнинг бирида хонамизда суви бор кўза синиб қолди. Мен ва Умму Айюб қарасак қўлимизда кечаси устимизга ёпадиган бир дона чойшабдан ўзга нарса йўқ. Сув Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб озор беришидан ва безовта бўлишларидан хавфсираб ўша чойшаб билан сувни шимдириб олдик.

Тонг отгач, Расулуллоҳга тунда бўлган ҳодисани айтиб «Ота онам сизга фидо бўлсин! Мен сиздан баландда, сиз эса мендан пастда бўлишингизни ёмон кўраман!»,- дедим.

Ул зот менга розилик билдириб юқори хонага кўчиб ўтдилар».

Бу воқеа ана шундай бўлган эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Айюб хонадонида етти ой истиқомат қилдилар. Етти ой мобайнида Абу Айюб хонадони башариятнинг энг афзали Набийларнинг сўнгиси - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан зийнатланди ва шарафланди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Абу Айюбни жуда яхши кўриб қолдилар ва ҳар сафар унинг уйи ёнидан ўтганларида худди ўз уйларига қарагандек кўринар эдилар.

Энди бир савол пайдо бўлади «Биз ҳам Абу Айюбдек Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳрларини қозониш учун нима қилсак бўлади? Ахир, биз Расулуллоҳга ўз уйимизни бўшатиб беролмаймиз, асри саодатда эмасмизку!», деган савол туғилади кишида.

Бунга жавобан биргина сўз айтамиз: «Қалб қасрингиздаги энг мўътабар ва энг азиз хонани топинг, қарангчи унда нималар ёки кимлар бор?!

Чиқаринг! Унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатини жойлаштиринг!

Бўшатинг! Унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун муносиб бўлиш иштиёқини олиб киринг!

Эсда тутинг! У хона қалбингиздаги шундай бир хона бўлсинки, унга бошқа хоналарнинг ҳатто чанги ҳам зарар бера олмасин!

Унутманг! Аллоҳ таоло Қурони Каримда қуйидагича марҳамат қилган:

قل إن كنتم تحبون الله فاتبعوني يحببكم الله و يغفر لكم ذنوبكم و الله غفور رحيم

Сен: «Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизларни гуноҳларингизни мағфират қилади», деб айт. (Оли Имрон сураси, 31-оят)

Аллоҳ таоло бирор бандани ўз муҳаббатига сабабчи қилиб боғламаган илло Ҳабибимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан мустаснодирлар. Сиз бу муҳаббатни қалбингизга жойлаштириб Роббингиз севгисига ҳам эришасиз!

Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам севгиси орқали Ўзининг муҳаббатига эришишимизни насиб қилсин!

Солиҳов Дилшод

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
097Туғилмасдан бўлди етим, зийнати бор,Акси бўлса душманларни миннати бор,Ғайб сиридан огоҳ, Эгам ҳикмати бор,Аста аста тарбияни, бошлар АЛЛОҲ.098Кунлар ўтар, ҳафта давоми...

4321 17:47 / 25.11.2017
2687. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапни сизларга ўхшаб шошилиб гапирмас эдилар,. Икки шайх ва Термизий ривоят давоми...

4109 19:16 / 01.12.2017
209Шундай қилиб ҳалоскор , бўлдилар жуда безор,Қайга боқса хиёнат, қалблариолди озор,Ўғри, каззоб,золимга, тўлиб тошгандибозор,Вайрон қилмай бу элни, сабр қиларди давоми...

5725 11:08 / 15.12.2017
Тушларимда кўрмоқ қолди армон бўлиб,Устозлардан сийратингиз ўрганганда.Равзангизга бормоқ ишқи ёнди тинмай,Фонийлардан топган севгим сиз Ҳабибим..Ассаламу давоми...

4377 16:30 / 02.11.2019
Аудиолар

213495 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132708 14:35 / 11.08.2021