1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Фақиҳ мусулмонларнинг обрўсини сақловчи шахсдир

16:00 / 11.07.2021 1723 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муомала илми хавф, ражо – (умид), ризо, сидқ ва ихлос каби қалбнинг ҳолатларига оид илмдир. Бу илм ила Суфён Саврий, Абу Ҳанифа, Молик, Шофеъий ва Аҳмад ибн Ҳанбал каби катта уламолар шуҳрат топганлар.

Уламоларимиз шариат илмларини «зоҳирий фиқҳ» деб атайдилар. Ёки оддий қилиб «фиқҳ илми» дейиш билан кифояланадилар. Бинобарин, зоҳирий фиқҳ шаръий амалларнинг ташқи томонига аҳамият беради.

Мисол учун, таҳорат, ғусл, намоз, рўза, закот ва ҳаж каби ибодатларнинг зоҳирий масалаларини оят ва ҳадислар ҳамда ижмоъ ва қиёс асосида зоҳирий фиқҳ илми – шариат баён қилиб беради. Худди шу ибодатларни адо этиш жараёнида қалбни қандай тутиш кераклигини, хушуъ ва хузуъни қай тарзда адо этиш лозимлигини оят ва ҳадислар ҳамда ижмоъ ва қиёс асосида ботиний фиқҳ илми баён қилиб беради.

Яна ҳам тушунарли бўлиши учун мисоллар келтирайлик. Таҳоратнинг фарзи, суннати ва мустаҳаблари нималар эканини, бу ибодатни адо этиш чоғида аъзоларни қандай тутиш ва ювилиши лозим бўлган аъзоларни неча марта ҳамда қай тарзда ювиш кераклигини зоҳирий фиқҳ илми баён қилиб беради.

Таҳоратдан таълим бераётган фақиҳ олим: «Қўл яхшилаб уч марта ювилади, бармоқларни бир-бирининг орасига киритиб таҳлил қилинади, юзни ювганда ундоқ қилиш керак, оёқни ювганда бундоқ қилиш керак», деб ташқи ҳукмларни баён қилиб беради.

Таҳоратдан таълим бераётган руҳий тарбия олими эса ушбу ибодатни қилишни бошлаганда ва уни адо этиш жараёнида қалбни қандай тутиш лозимлигини ўргатади. Ҳар бир аъзони ювганда қалбдан нималар ўтиши кераклигини бирма-бир баён қилади.

Намоз неча вақт фарз, вожиб ёки суннат?

Бомдоднинг неча ракати фарз-у, неча ракати суннат?

Намозда турганда, рукуъ ёки сажда қилганда гавдани қандай тутиш лозим?

Қаъдада ўтирганда гавда, қўл ва оёқлар қай ҳолатда бўлиши керак?

Шу каби саволларга зоҳирий фиқҳ илми жавоб беради.

Намоздаги руҳий ҳолатни, қалбни тутишни, хушуъ ва хузуъни ботиний фиқҳ илми баён қилади.

Яна шуларни ҳам билиш лозимки, баъзи сўзларнинг маъноси замон ўтиши билан ўзгариб, салафи солиҳлар ишлатган маънодан бошқа маънода ишлатиладиган бўлиб кетган. Мисол учун, «фиқҳ» сўзини олайлик. У шариатнинг фаръий ҳукмлари ва уларнинг сабабларига оид илмга хос қилиб қўйилган. Биринчи асрда эса бу сўз охират йўли, қалбнинг нозик офатлари, амалларни бузувчи нарсалар, дунёни паст санаш қуввати, охират неъматидан умидвор бўлиш ва қалбга хавф ўрнашиши илмига нисбатан ишлатилар эди.

Шунинг учун ҳам Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи: «Фақиҳ дунёда зоҳидлик қилувчи, охиратга рағбат қилувчи, динини яхши билувчи, Роббининг ибодатида бардавом бўлувчи, мусулмонларнинг обрўсини сақловчи, молларида иффатли бўлувчи ва уларга насиҳат қилувчи шахсдир», деган.

Яна «илм» сўзи авваллари Аллоҳ таолони ва Унинг оятларини билишга нисбатан ишлатилар эди. Кейин эса тафсир ва ҳадисни билмаса ҳам, фиқҳ билан шуғулланадиган шахсга нисбат бериладиган бўлди.

Авваллари «тавҳид» сўзи барча ишларни Аллоҳ таолодан деб билишга ва шу билан барча сабаб ҳамда воситалардан кесилишга нисбатан ишлатилар эди. Бунинг самараси ҳақиқий таваккул ва ризо бўлар эди. Кейинроқ эса бу сўз дин асллари билан боғлиқ илм учун ном бўлиб қолди.

Бунга ўхшаш мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Аммо асосий мақсад жавҳар ва моҳиятда эканини унутмаслигимиз лозим. Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш илмининг исмлари ҳам кўп. Аммо асосий эътиборни моҳиятга қаратишимиз керак. Шу билан бирга, илмга нисбат берилган шахсларнинг – муаллимнинг ҳам, мутааллимнинг ҳам ўзига хос одоблари борлигини унутмаслигимиз лозим.

«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бундан олти йил аввал, 2015 йил, 10 март куни етук аллома, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ бу фоний дунёдан боқий дунёга рихлат қилганлар.Шу давоми...

2130 22:26 / 09.03.2021
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким .Розийту биллаҳи роббан ва бил ислами дийнан ва бимуҳаммадин давоми...

2149 15:47 / 20.05.2021
Кўпчилик англаб олиши лозим бўлган ҳақиқатлардан бири шуки, бир шахсдан содир бўлган ҳар бир зулмга қарши унга ҳам ўшанча мислда жавоб қайтариш жоиз эмас. Мисол давоми...

3450 09:00 / 03.08.2021
Энг яхши дўст сизга Аллоҳни эслатиб турувчи инсондир. Айни кунларда, таассуф бўлсинким, ёшлар ўртасида нотўғри ва динимизга хилоф бўлган ишлар урфга кириб давоми...

2000 09:00 / 01.06.2022