1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Мусулмон бўлсангиз саломат бўласиз

14:30 / 26.09.2021 3186 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмонлар ўзлари борган юртларнинг бойликларини ташиб кетмаганлар, бошқа босқинчилар қиладиган тасарруфотларни қилмаганлар. Ҳамма келишув асосида мусулмонларга қарши уруш қилмасалар, ўз моли мулкига эга бўлган ҳолида, ўз динида, ўз амалида қолган. Мусулмонларнинг ўзлари ўша вақтдаги бу ҳаракатларни фатҳ, яъни «очиш», деб атаганлар. Буни, ҳуррият йўлини очиш, десак хато қилмаган бўламиз. Чунки, ўша мусулмонлар қаерга борсалар, энг аввал ўша ер аҳолисига, мусулмон бўлсангиз, саломат бўласиз, хоҳламасангиз жизя тўлаш ҳақида шартнома тузайлик, бизнинг ҳимоямиз остида ўз динингизда қоласиз, агар урушни хоҳласангиз унга ҳам тайёрмиз, дейишган. Ҳамда шунга амал қилишган.

Бу ҳолат ҳозирги кунимиз одамларига ғалати туюлиши мумкин. Бу ҳолат ўша вақт одамларига ҳам ғалати туюлган. Мусулмон фотиҳлардан бу ҳақда сўрашган ҳам. Сизлар нима учун келдингиз, деган саволга мусулмонлар:

«Аллоҳ бизларни одамларни бандаларга қуллик қилишдан, бандаларнинг Роббисига қуллик қилишга, динларниннг жавридан Исломнинг адолатига, дунёнинг торлигидан охиратнинг кенглигига чиқаришимиз учун юборди», деганлар.

Ҳа, уларнинг шиори бу дунёда банда бандага қул бўлмасин, ҳамма Аллоҳга қул бўлсин, жавр-зулм бўлмасин, адолат бўлсин, торлик бўлмасин, кенглик бўлсин, деган шиор бўлган.

Бу ҳақда мусулмонмас тараф, Буюк Британияда John Fothergill режисёрлигида, «Эс Де Медиа» компанияси томонидан тайёрланган “Шарқ ва ғарб” деб номланган етти бўлимдан иборат фильмнинг учинчи қисмидан олинган иқтибосни эътиборингизга ҳавола этишга ижозат бергайсиз.

“Бу – Ҳиро ғори. Набий (алайҳиссалом) шу ерда Аллоҳга ибодат қилар эдилар. Айнан шу ерда у зотга Жаброил (алайҳиссалом) илк ваҳий келтирди. Муҳаммад (алайҳиссалом) шу ғорда ўтирганларида, Жаброил (алайҳиссалом) келиб, уч марта «Иқро!», яъни «Ўқи!» деб такрорлади ва илк фармони олийни келтирди: «Яратган Роббинг номи билан ўқи. У инсонни алақдан яратди. Ўқи! Роббинг карамлиларнинг карамлисидир. У қалам билан илм ўргатгандир. У инсонга билмаган нарсасини ўргатди».

Ислом даъвати мана шу илк ваҳийдан бошланди. Бу ваҳий Муҳаммад (алайҳиссалом)га у зотнинг ҳаётлари давомида келиб турган кўплаб оятларнинг биринчиси эди. Исломнинг муқаддас китоби – Қуръони Карим ана шу оятлардан таркиб топди.

Пайғамбар Муҳаммад (алайҳиссалом) ушбу ваҳийга итоат этиб, Исломни бутун инсониятга етказишни бошладилар. Ушбу таълимот келгусида барча араб қабилаларини, сўнгра эса бутун инсониятни ягона байроқ остида бирлаштириши лозим эди.

Шундай қилиб, 1400 йил муқаддам янги дин – Ислом араб қабилаларини бирлаштирди. Улар тарихда биринчи бор катта кучга айланиш учун имкон ва рағбат топдилар. Бу воқеа жаҳон динлари тарихидаги энг муҳим воқеалардан бири бўлди. Бу таълимот қисқа муддат ичида бутун Арабистон ярим оролининг маданий қиёфасини ўзгартириб юборди.

Ислом келгунга қадар бу саҳронинг туб аҳолиси бўлган араблар минг йиллар давомида тарқоқ ҳолда, кўчманчи қабилаларнинг тартиб-қоида ва қонунлари асосида ҳаёт кечирар эдилар.

Илоҳий ваҳийни қабул қилиб олган Муҳаммад (алайҳиссалом) ўз умматларига Исломни етказа бошладилар. Бу таълимот барча араб қабилаларини бирлаштирди. Қуръони Карим мусулмонлар ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган қонун-қоидалар мажмуасини жорий қилиб, уларга умумий мақсад ва ягона маслак берди. Унинг асоси – Исломнинг беш рукни эди.

630 йилга келиб Ислом аҳли ўн минг кишидан ошиб кетди. Бу – яқин келажакда жаҳон динига айланадиган Исломнинг бошланиши эди, холос.

«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Католик оламини алдаб папалик курсисига бир аёл ўтиради. Шундан сўнг, бир қонун ихтиро қилишади. Унга кўра, янги папалик курсисига ўтирган кимса, ўртаси тешик давоми...

5656 16:30 / 09.04.2019
У чиндан ҳам ўз ишининг устаси эди. Аммо оиласи катталашиб, эҳтиёжи ортиб боргани касбини ўзгартириши кераклигини ўйлаб қолди. Ишлаб турган жойидан бўшаса, қўлига давоми...

2564 11:00 / 03.02.2021
Ғарбликлар, хусусан, испан шоирлари мусулмон адабиётидан жуда қаттиқ таъсирланганлар. Ғарб адабиётига мардлик, ботирлик, мажоз, гўзал бадиий образлар хусусан, давоми...

781 15:05 / 22.08.2023
Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини, қиёматгача боқий қолувчи дини, барча замонлар ва маконларда инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берувчи дини давоми...

1628 18:00 / 13.06.2021