Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (53-дарс). Диннинг мадори насиҳатдан иборатдир

16:45 / 02.10.2019 4595 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тамийм Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Дин насиҳатдир», дедилар.

«Ким учун?» дедик.

«Аллоҳ учун, У Зотнинг Китоби учун, У Зотнинг Расули учун ва мусулмонларнинг имомлари ҳамда оммалари учун», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Аввало, одатимиз бўйича, ҳадиснинг ровийси Тамийм Дорий розияллоҳу анҳу билан танишиб чиқайлик.

Тамийм ибн Авс ибн Хорижа Дорий, кунялари Абу Руқия, нисбатлари Дор ибн Ҳонийга. Бу зот олдин насроний дийнида бўлиб, ҳижратнинг тўққизинчи йилида Исломга кирдилар. Шундан кейин Фаластин аҳлининг обиди, Қуръонни кўп тиловат қилувчи, кечаларини таҳажжуд намози билан бедор ўтказувчи ва масжидга биринчи бўлиб чироқ олиб кирган сифатлари ила улуғ саҳобалардан бирига айландилар.

Тамийм Дорий розияллоҳу анҳу ҳаммаси бўлиб, 18та ҳадис ривоят қилганлар. Бу ҳадисларни Имом Бухорий ва Муслим «Саҳиҳ» китобларига киритишган. У зотдан Абдуллоҳ ибн Ваҳб, Сулаймон ибн Омир, Шураҳбил ибн Муслим, Қубайса ибн Зуайб ва бошқалар ривоят қилишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу зотга Фаластиндаги Айнун қишлоғини алоҳида ажратиб бердилар. Бу қишлоқ ҳозир ҳам Байтул Мақдисда машҳурдир. Сўнгра Мадинада истиқомат қилдилар. Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилганлардан кейин Шомга кўчиб кетдилар ва ҳижратнинг 37-йили Фаластинда вафот этдилар.

Ушбу ҳадисда ҳам комил иймон учун зарур бўлган нарсалар ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар ҳузурида сўзлаб:

«Дин насиҳатдир», дедилар.

«Насиҳат» сўзи луғатда «холис», «покиза», «содиқ» маъноларини билдиради. Урфда эса бир кишининг бошқасига холис ният, содиқлик билан яхши йўл-йўриқларни айтишидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Дин насиҳатдир» деганлари, диннинг асосий мадори насиҳатдан иборатдир, деганларидир. Бу у зотнинг «Ҳаж арафадир» деганларига ўхшайди. Яъни, ҳажнинг мадори, асосий рукни Арафотда туришдир, деганларидир.

Саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу умумий гапни эшитиб, унинг тафсилотини билмоқчи бўлдилар ва:

«Ким учун?» деб сўрадилар.

Яъни, «Насиҳат қилсак, ким учун қиламиз?» дедилар. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам дийннинг мадори бўлмиш насиҳат беш нарсада эканлигини баён қилиб бердилар:

1. «Аллоҳ учун», яъни, Аллоҳга иймон келтириш, унга шукр қилиш, амрларини бажариб, қайтарганларидан қайтишга ундаб, насиҳат қилишдир.

2. «У Зотнинг Китоби учун», яъни Аллоҳнинг Китоби – Қуръони Каримни ўрганиш, унга амал қилиш ва одамларни ҳам шу ишга ундаб, насиҳат қилиш.

3. «У Зотнинг Расули учун», яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш, у кишининг шариатларига, суннатларига тобеъ бўлиш, бошқаларни шунга чақириш.

4. «Мусулмонларнинг имомлари учун».

Улар учун насиҳат қилиш уларга итоат қилиш ва одамларни ҳам шунга чақириш билан бўлади.

5. «Мусулмонларнинг оммаси учун».

Барча мусулмонларга икки дунё саодати, яъни Ислом йўлини кўрсатиб, насиҳат қилиш бўлади.

Ушбу вазифаларни қилган одам дийннинг энг муҳим ишини амалга оширган бўлади. Аммо бу осон иш эмас. Шунинг учун ҳам у дийннинг мадори ҳисобланади. Чунки одамлар насиҳатни ёқтирмайдилар. Айниқса, ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган нарсалар учун қилинган насиҳат кўпчиликка хуш келмайди.

Бекорга бу ҳадиси шариф комил иймон сифатлари бобида келмаяпти. Қачон комил иймон бўлгандагина шундай насиҳат бўлади. Бундай насиҳатлар эса ўз навбатида самара беради. Аллоҳ учун, Аллоҳнинг Китоби ва Расули учун, мусулмонларнинг имомлари учун, оммаси учун насиҳат қилишни дийн деб тушунган жамиятгина олдинга кетади, кўзлаган мақсадига етади.

Агар биз ушбу ҳадиси шарифдан фойда олмоқчи бўлсак, ана ўша тушунчани қайта тирилтирмоғимиз лозим бўлади. Аллоҳ учун, У Зотнинг Китоби учун, У Зотнинг Расули учун, мусулмонларнинг имомлари учун, оммаси учун насиҳат қилишга ўтишимиз лозим бўлади.

Бу ҳадиснинг ҳикматига бутун дунё жуда муҳтож. Энг аввало, мусулмон олами муҳтож. Мусулмон олами деб ном олган олам Исломдан узоқлашгани учун, дийнни насиҳат деб билмагани учун турли муаммо ва кулфатларга кўмилиб ётибди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Илм учтадир. Улардан бошқаси зиёда фазилатдир муҳкам давоми...

4151 20:00 / 03.11.2021
Б и р и н ч и б о б давоми95. Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб давоми...

2841 13:30 / 04.04.2019
Муҳаддисларимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан башарлик тақозоси ила содир бўлган гапсўз, иш, амалларни ҳам ривоят қилганлар. Суннатга амал қилишда давоми...

5543 15:00 / 16.01.2019
Аввало .Суннат, ўзи нима эканлигини билиб олиш лозим. Суннат ва Ҳадис бирбирининг ўрнида ишлатиб келинган истилоҳлардир. Уларга яхшилаб диққат қилинса, Ҳадис давоми...

16241 15:31 / 16.08.2018