1447 йил 20 жумадис сони | 2025 йил 11 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Шукр нима?

14:10 / 01.10.2019 6822 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳнинг дўстлари Унинг сон-саноқсиз неъматлари учун қанча шукр қилсалар, шунча озлигини ҳис этиб, барча ҳолларида шукрни зиёда қилиш ҳаракатида бўлишган.

Зеро, шукр эришилган неъматлар учун уларни эҳсон қилган Роббга сўз, феъл ва хатти-ҳаракатлари билан холисона бандалик қилишдир. Жаноби Ҳақнинг чексиз неъматлари учун Унга қанча шукрона келтирсак ҳам қарзимизни мукаммал адо этолмаймиз. Валиюллоҳлардан бири бир талабасига қуйидагича мактуб ёзган экан: «...Бир нафасда иккита неъмат бор (биринчиси – нафас олиш, иккинчиси – нафас чиқариш). Шунинг учун ҳар бир нафас учун иккита шукр лозим бўлади. Ҳар соатда минг марта  нафас олсанг ва ҳар нафас учун икки марта шукр қилсанг, йигирма тўрт соатда қирқ саккиз минг марта шукр қилишинг керак бўлади. Агар бир киши ҳамма ишини ташлаб, «шукр, шукр» деб, Аллоҳ таолога давомли ҳамд ва шукрда бўлса ҳам, уни тўлиқ адо эта олмайди. Шундан маълум бўладики, банда Аллоҳ таолога шукрнинг мингдан бирини ҳам адо этолмайди».

Банданинг шукр борасида мана шу мутлақ ожизлигининг далили қуйидаги ривоятда келтирилади:.

Мусо алайҳиссалом Аллоҳга: «Эй Роббим! Сенга шукр қилишимнинг ўзи Сен берган яна бир ўзгача неъматки, у ҳам бир шукрни тақозо қилади. (Шундай экан, Сенга қандай қилиб ҳаққи билан шукр қила оламан?)», дедилар. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилди: «Ҳар бир неъматнинг Мендан эканини билган вақтинг Мен ҳам шу билганингни шукр сифатида қабул қиламан» («Иҳёу улумид-дин»).

Шукр келтириш инсонийлик ойнасидир. Инсонларга ташаккур билдириш ахлоқий масала эканидан ташқари, мажоздан ҳақиқатга ўтишга одатлантириш ҳамдир. Чунки Холиқни унутмаслик шарти билан инсонларга билдирилган ташаккур, албатта, Холиқ – Аллоҳга олиб боради. Шукр аҳлидан бўлган бир банда учун фақатгина неъматларнинг қадрини билиш кифоя қилмайди. Шукр – неъматларнинг ҳақиқий эгасини таниш ва Унга қулликдан иборатдир. Яъни неъматлар тафаккурни ривожлантириб, қулни Роббига жалб қилиши, бу билан қалблар ҳам муҳаббат ва маърифатуллоҳ истиқоматига келиши керак. Агар бизга бебаҳо ҳадя юборган саховатли кишини эсдан чиқариб, фақат ҳадяни келтирган кишига ташаккур билдиришимиз қанчалик ноҳақлик ва хато бўлса, неъматларни бизга етказган сабабларга боғланиб, ризққа эътибор қаратган ҳолда ҳақиқий мусаббиб – Раззоқни эсдан чиқариш ҳам шунчалик пасткашлик, неъматга нисбатан суиистеъмол саналади. Неъматларнинг ҳақиқий соҳиби – Аллоҳ таолони унутишдек катта хато ва зиённи тасаввур қилиш қийин.

Шукрнинг қисмлари: Мақбул шукр фақатгина сўз билан ифода қилинмайди. Ҳақиқий шукр бир-бирига боғлиқ учта нарсадан ташкил топади. Булар: илм, ҳол ва амал. Илм – барча неъматларни Ҳақдан келганини билиш;. Ҳол – неъматларнинг ҳақиқий соҳибига нисбатан таъзим, ҳурмат ва муҳаббатли бўлиш;. Амал – мазкур туйғуларга кўра яшаб, шукрни сўз ва феъл (амал) билан бажариш, неъматларни Ҳақнинг ризоси йўлида фойдаланиб, Унга исён қилишдан сақланишдир. Сирри Сақотий ҳазратлари Жунайд Бағдодийни етти ёшида ҳажга олиб борадилар. Ҳарами шарифдаги суҳбатлар асносида шукр мавзусида баҳс бўлиб ўтади. Орифлардан бири фикрини баён этгач, Сирри Сақотий Жунайдга юзланиб, унинг ҳам фикрини сўрайдилар. Шунда Жунайд бироз ўйланиб, бундай жавоб беради: «Шукр – Аллоҳ таоло лутф этган неъматлар билан Унга осий бўлмаслик ва ўша неъматларни маъсиятга сармоя қилмасликдир». Демак, Аллоҳ берган, лутф этган неъматларни У рози бўладиган ҳолатда ишлатиш ҳам шукрни мукаммал қиладиган хусусиятлардан бири экан. Яъни тил билан шукр қилиш етарли эмас. Уни солиҳ амал, ҳаром ҳамда шубҳали нарсалардан сақланиш билан ҳам исботлаш керак.

Бишр Хофий шукр ҳақида: «Аъзоларидан фақат тили билан шукр қилган кишининг шукри ноқис бўлади. Чунки кўзнинг шукри бирор яхшилик кўрганда унга қараш, ёмонликни кўрганда, юмиш. Қулоқнинг шукри яхшиликни эшитганда ёдлаб олиш, ёмонликни эса унутиш. Қўлларнинг шукри улар билан ҳаққи бўлган нарсалардан бошқа нарсани ушламаслик. Меъда (қорин)нинг шукри ҳалол нарсалар билан озиқланиш. Ақл ва қалбнинг шукри илм ва ҳилм билан зийнатланиш. Оёқларнинг шукри эса яхшиликдан бошқа йўлда юрмаслик. Ким мана шуларни бажарса, ҳақиқий шукр қилувчилардан бўлади», дейди. Энди бироз тафаккур қилиб кўрайлик, биз бу кўзлар билан илоҳий қудратни томоша қилиб, қанчалик шукр қила олдик? Шаҳвоний ва нафсоний манзараларни томоша қилиб, қанчалик гуноҳкор бўлдик? Қулоқларимиз ваҳий, суннат, ҳақ ва яхшиликка қулоқ солдими? Ёки беҳуда, маъносиз нарсаларни эшитиб, бу неъматни зое қилдикми? Танамизнинг қувватини қаерга ёки нимага ишлатдик? Уни яхшиликлар учун сарф қилдикми ёки у билан ҳаром ва макруҳларга мубтало бўлдикми? Шу саволлар охиратда дунё ҳаётидаги қилган амалларимиз билан юзма-юз келишимизни унутмасликни тақозо этади.

Диннинг ярми... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иймон икки қисмдир: ярми сабрда, ярми эса шукрда», деб марҳамат қилганлар (Байҳақий ривояти).

Сабр – барча шароитларда мувозанатни сақлаш, бошга тушган мусибатларга шикоят қилмай, бардош билан, нафснинг қуллик вазифаларини адо этиш ва ҳаромдан сақланишга мажбурлашдир. Шукр эса Аллоҳ таолонинг беадад лутф ва эҳсонларига нисбатан Унга миннатдорлик ифодаси сифатида қулликни эътироф этган ҳолда Унга йўналишдир. Неъматларнинг ҳақиқий эгаси Аллоҳга шукр қилишнинг зидди – куфр барча неъматлар Аллоҳдан деган ҳақиқатни яширишдир. Яъни шукрони неъматнинг зидди куфрони неъмат бўлиб, у абадий хусрон – зарарга олиб боради. Шайтон инсонни йўлдан уриб, олиб борадиган сўнгги натижа иймонсизлик, яъни куфрдир.

Демак, доим Аллоҳга шукр қилувчи ҳолида бўлиш, барча неъматлар Унинг лутфи ва эҳсони эканини эътироф этиш, бу неъматларнинг қадрини билиб, уларни яхшиликка ишлатиш Аллоҳни рози қилиб, шайтонни ғазаблантирадиган амалларининг кўринишидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб, икки оёқлари шишиб, йиғидан кийим ва жойнамозлари ҳўл бўлиб кетарди. У зотга: «Сизнинг аввалгию охирги гуноҳингиз мағфират этилган бўлса ҳам шунчалик такаллуф қиласизми?», деб сўраганларга: «Шукр қилувчи банда бўлмайинми?», дер эдилар (Термизий ривояти).

Шукрнинг ниҳояси йўқ. Аллоҳнинг суюкли бандалари бўлган пайғамбар алайҳимуссаломлар ва Унинг дўстлари ҳам чексиз даражадаги юксак фазилатларга эга эканликларига қарамай, доим ҳаққи билан шукр этолмаслик хавотирида яшашган.

Олимжон Мазамов

«Ҳилол» журнали 3-сонидан.

Мавзуга оид мақолалар
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккада Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг уйига тонгда ёки кечқурун бориб турадиган одатлари бор эди. Кунларнинг бирида давоми...

3953 09:00 / 27.05.2022
Абу Мусо ўлими яқинлашганини сезиб, хизматкорларини чақирди. Уларга .Бориб, мен учун қабр кавланглар, чуқурроқ қилинглар,, деди. Хизматкорлар қабрни кавлаб, қайтиб давоми...

3727 07:40 / 06.04.2019
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни.Аллоҳ раҳматини юзга бўлиб, тўқсон тўққизтасини Ўз ҳузурида олиб қолди. давоми...

4883 11:30 / 21.05.2019
Аллоҳга иймон бўлмаса, бошқа нарсага иймон бўлиши мумкин эмас. Шундай экан, иймон масаласининг бош рукни бўлмиш Аллоҳга иймон келтириш нима ўзиИслом нуқтаи давоми...

8295 19:05 / 26.02.2020
Видеолар

523 14:42 / 08 декабрь
Аудиолар

212460 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

131683 14:35 / 11.08.2021