1445 йил 7 зулқаъда | 2024 йил 15 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ё Аллоҳ! Сенинг Ўзинг сафардаги соҳибсан

15:50 / 01.09.2019 1609 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Илм тараққиёти борлиқдаги Аллоҳдан бошқа ҳамма нарса жуфт бўлишини исбот этди. Нафақат инсон ва ҳайвонлар, балки набототлар, жамодотлар, ҳатто кўзга кўринмас электронлар ҳам (мусбат-манфий) жуфт бўлиши кашф этилди. Бу эса, ўз навбатида, доимий илоҳий мўъжиза – Қуръони Карим мўъжизаларини тасдиқлашда яна бир қадам бўлди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

У барча жуфтларни яратган ва сизга кемалар ҳамда чорва ҳайвонларидан минадиган нарсаларингизни қилган Зотдир. (Зухруф сураси, 12-оят)

«У барча жуфтларни яратган... Зотдир» жумласини «Аллоҳ дунёдаги барча нарсаларни яратган Зотдир», деб тушунишимиз осонлашди.

Ҳа, Аллоҳ таоло борлиқдаги барча нарсаларни, жумладан, кофирларни ҳам яратган Зотдир.

Аллоҳ таоло борлиқдаги нарсаларни яратибгина қўймаган. Балки сизга, эй инсонлар, яна бошқа неъматларни ҳам ато қилган.

Инсонлар бу оддий ҳақиқатни англаб етиб, Аллоҳга иймон келтиришлари керак, холос.

«...ва сизга кемалар ҳамда чорва ҳайвонларидан минадиган нарсаларингизни қилган Зотдир».

Қадимги замонлардан буён одамлар улов сифатида ушбу икки хил нақлиёт воситасидан фойдаланиб келадилар. Бу нарса Аллоҳ таоло томонидан берилган улкан неъмат эди. Инсофли, ўзини билган инсон ўзига миниш уловини бериб, хизмат қилдириб қўйган Зотни доимо яхшилик билан эслаб, Унга шукр этиши керак. Неъматга шукр айтиш шундай бўлади. Аллоҳ таоло меҳрибон, У Зот бандаларига мазкур неъматга нисбатан шукр одобини ҳам Ўзи ўргатиб қўймоқда.

«Токи сиз уларнинг устига ўрнашгайсизлар...»

Яъни кемаларни, чорва ҳайвонларини миниб, устига ўрнашгайсиз.

«...сўнгра, уларнинг устига ўрнашиб олгач, Роббингизнинг неъматини эслаб, дейсиз: «Бизга буни хизматкор қилиб қўйган Зот покдир. Бунга қодир эмас эдик. Ва албатта, биз Роббимизга қайтувчилардирмиз».

Инсон маркабга минганда ўзида аллақандай бир кўтаринкилик, ғурур ва манманлик пайдо бўлганини сезади. Ана шунда дарҳол унга маркаб миниш имконини берган Зотни, яъни Аллоҳ таолони эсласа, Унга шукрона ўлароқ, ушбу оятдаги дуони ўқиса, ҳамма нарса ўрнига тушади.

«Бизга буни хизматкор қилиб қўйган Зот покдир».

Яъни «Бизга бу маркабни берган Аллоҳ покдир. Агар ўша пок Зот маркабни бизга бўйсундириб бермаганида,

«Бунга қодир эмас эдик».

Бизда бундай маркабларни бўйсундириб олиш имкони йўқ. Бу иш бизнинг қўлимиздан келмас эди.

«Ва албатта, биз Роббимизга қайтувчилардирмиз», – дегайсиз».

Ҳеч қачон бошқага қайтмаймиз. Шунинг учун доимо Уни эслаймиз. Доимо Унга ибодат ва шукр қиламиз».

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сафарга чиқиб, уловга минсалар, уч марта «Аллоҳу акбар!» деб такбир айтар ва қуйидагиларни ўқир эдилар: «Бизга буни хизматкор қилиб қўйган Зот покдир. Биз бунга қодир эмас эдик. Ва албатта, биз Роббимизга қайтувчилардирмиз».

Ё Аллоҳ! Биз Сендан бу сафаримизда яхшилик ва тақвони, Ўзинг рози бўладиган амалларни сўраймиз.

Ё Аллоҳ! Ўзинг бизга бу сафаримизни осон қилгин. Унинг узоғини яқин қилгин. Ё Аллоҳ! Сенинг Ўзинг сафардаги соҳибсан. Аҳли аёлдаги халифасан.

Ё Аллоҳ! Мен Сендан сафар қийинчиликларидан, турли ёмонликлардан, молу мулк ва аҳли аёлнинг ёмонликка юз тутишидан паноҳ сўрайман.

Ҳар бир мусулмон одам бунга амал қилмоғи даркор.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳақларидаАбдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча жангларида бирга қатнашганлар. давоми...

1533 15:01 / 15.11.2020
Ҳаммамизнинг у ёки бу соҳада устозимиз бор. Кимдир устозидан касбҳунар ўрганса, яна мактаб ва олий ўқув юртларида ундан илм таҳсил олади. Хуллас, бирон инсон йўқки, давоми...

1648 15:02 / 30.09.2020
.Салом Менинг исмим Кооп. Беэч кўчасидаги дўконда менежерман. Дўконимиз мактабингиздан икки дақиқалик масофада жойлашган. Мактабингиз ўқувчи қизлари ҳақида давоми...

3472 19:05 / 28.09.2019
Саудиялик аёл Рамазон ойида ҳар куни ифторликдан аввал фарзандларини жамлаб биргаликда шундай деб дуо қилишар экан.Эй Роббим, бизларга мулк этиб, олдида анҳори давоми...

4062 16:32 / 17.04.2021
Аудиолар

121399 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42898 14:35 / 11.08.2021