1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Жаннатдан умидимиз борми риёдан огоҳ бўлайлик!

09:20 / 20.08.2019 2461 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Риё» сўзи кўриш маъносини англатади. Шариатда эса Аллоҳ учун эмас, хўжакўрсинга амал қилиш «риё» дейилади.

Аллоҳ жалла шаънуҳу:

«Ким Роббига рўбарў бўлишни умид қилса, солиҳ амал қилсин ва Робби ибодатига биронтани шерик қилмасин», деган (Каҳф Сураси, 110-оят).

Шарҳ: Ушбу ояти карима риёкорликни ман қилиш маъносини ўзида мужассам этган. Қиёматдан умиди бор, ўша кунда Аллоҳ таолога хурсанд ҳолда рўбарў бўлишни орзу қилган одам холис Аллоҳ учун, Унга ҳеч кимни шерик келтирмай ибодат қилсин, деганда «риё қилмасин» деган маъно ётади.

89. Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким эшиттирса, Аллоҳ уни эшиттиради, ким кўрсатса, Аллоҳ уни кўрсатади», деганлар.

Икки Шайх ва Термизий ривоят ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифни Жундуб розияллоҳу анҳу ривоят қилмоқдалар. Аввал у киши билан танишиб олайлик:

Самура ибн Жундуб ибн Ҳилол ал-Фазорийнинг кунялари Абу Сулаймон. У киши Басрада таваллуд топдилар. Оталари вафот этгандан кейин оналари билан Мадинага келдилар ва оналари Мурааййи ибн Синон исмли саҳобага турмушга чиқдилар.

Мадинада катта бўлиб, улғайдилар ва яна Басрага кўчиб ўтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нечта ҳадислар ривоят қилдилар. Бу кишидан Шаъбий, Ибн Абу Лайло, Али ибн Робийъа, Абдуллоҳ ибн Робийъа, Абдуллоҳ ибн Бурайда, Ҳасан Басрий, Ибн Сийрийн, Ибн Шахир, Абу Аъло, Абу Ражо ва бошқалар ривоят қилганлар. Бу зот ривоят қилган ҳадислардан учта «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритганлар. Ибн Сийрийн «Самура ибн Жундуб илм бобида жуда ҳам ўткир эдилар», деб айтадилар.

Жундуб розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 60-санасида Басрада вафот топдилар.

Ушбу ҳадиси шарифда биров эшитиши ёки кўриши учун қилинган амал яхши эмаслиги баён қилинганлиги учун муаллиф раҳматуллоҳи алайҳи уни шу жойда келтирганлар.

Ҳадисдаги «Ким эшиттирса» дейилган жумла «Кимки амалини одамларга эшиттириб, гап-сўз учун қилса, бу амали ҳақида одамлар шов-шув билан уни мақташини хоҳлаган бўлса» деган маънони билдиради.

«Аллоҳ уни эшиттиради» деган жумладан эса «Қиёматда Аллоҳ таоло унинг бу қилмишини халойиққа эшиттириб, шарманда қилади» деган маъно келиб чиқади.

Шунингдек, «ким кўрсатса» дегани ҳам «Ким одамлар кўришлари учун амал қилган бўлса» деганидир. Бу одамни ҳам Аллоҳ таоло қиёмат куни халойиққа кўрсатиб, шарманда қилади.

Ушбу ҳадиси шарифда риёкорликнинг қанчалик ёмон нарса эканлиги қисқа иборалар билан баён этилмоқда.

Ундан оладиган фойдамиз ҳам очиқ-ойдин: одамлар эшитишлари ёки кўришлари учун эмас, балки Аллоҳ билиши учун амал қилмоқ зарурлиги!

Аммо бу ҳадисни бугунги ҳаётимиз воқелигига таққослаб кўрадиган бўлсак, тамоман тескари бир ҳолатни кўриб, афсусланамиз.

Қадимда ушбу ҳадисга ва шу маънодаги бошқа ҳадисларга амал қилган ота-боболаримиз ҳар бир ишларини Аллоҳнинг розилиги учунгина қилганлар. Улар солиҳ амалларини бошқа одамлардан иложи борича сир тутишга уринганлар.

Ҳозирда эса арзимаган нарсани ҳам ҳали амалга оширмай туриб, ҳар томонга жар солиш бошланади. Ҳар бир қилинмоқчи бўлган иш ҳақида худди бажарилгандек гапирилади. Мабодо ўша иш қилинадиган бўлиб қолса ҳам, хўжакўрсин учун бажарилади. У амалга ошганидан кейин эса йиллар давомида гапириб, мақтаниб юрилади.

Бундан ортиқ риёкорлик бўлиши мумкинми?

Ҳар бир мусулмон бундай риёкорликлардан ўзини сақлаши лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳайсам ибн Муовия бир шайхдан ривоят қилади .Каҳмас ибн Ҳасан бир кунда минг ракъат намоз ўқирди. Малолланиб қолса, ўзига ўзи .Тур, эй барча ёмонликнинг уяси бўлган давоми...

2677 08:00 / 25.02.2020
Ҳозир биз муборак зулҳижжа ойида турибмиз. Ушбу ойда қилинадиган энг катта ибодат, шубҳасиз, ҳаждир. Дунёнинг турли ўлкаларидан миллионлаб мусулмонлар Исломдаги давоми...

3150 11:00 / 29.05.2023
Қуръони Каримдаги Батаҳқиқ, мўминлар зафар топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардирrdquo деб бошланувчи Мўминун сурасини ўқир эканман, йигирма йилдан кўпроқ давоми...

2941 11:06 / 20.10.2020
Аллоҳ таоло борлиқни тартибинтизом билан яратган. Шундай экан, У зотнинг динини ўрганиш ҳам тартибли равишда бўлиши лозим. Шунда биз бажараётган амалий ва давоми...

50378 16:05 / 17.09.2019
Аудиолар

211122 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130381 14:35 / 11.08.2021