1445 йил 6 зулқаъда | 2024 йил 14 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ислом дини икки дунёнинг ободлигига чақиради

19:00 / 11.08.2019 1534 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон илоҳий таълимотдан узоқлашганда турли номаъқулчиликларни қилади. Жумладан, ўзини мақташ, мутакаббирлик қилиш, ўзини бошқалардан устун қўйиш каби хислатлар уларнинг асосий сифатларига айланади. Жоҳилият даврида Қурайш қабиласи бошқа араблардан ўзларини юқори тутишар, улардан ажралиб турадиган баъзи имтиёзларни ўзларига раво кўришар эди. Ҳаж қилганда бошқаларга қўшилмас, Арафотда ҳам алоҳида туришар эди. Арафотдан қайтиб тушишда ҳам айрим бўлиб, одамлардан бошқа жойда имтиёзли бўлиб туришарди.

Ҳаж ибодатидаги кўпгина нотўғри нарсаларни тўғрилагани каби, Қуръони Карим бу ноўрин ишни ҳам тўғрилаб, шундай дейди:

ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ

Сўнгра одамлар қайтиб тушган жойдан тушинглар. Ва Аллоҳдан мағфират талаб қилинглар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир (Бақара сураси, 199-оят).

Ислом тенглик динидир. Бу нарса, айниқса, мусулмонларнинг йиллик умумий йиғилиши бўлмиш ҳажда яққол кўзга ташланади. Унда кишилар барча имтиёзлардан, белгилардан ва аломатлардан ажралиб чиқадилар. Ҳатто кийимларидаги имтиёзлар ҳам билинмаслиги учун тикилган кийимларни ечиб ташлаб, авратларини тўсадиган икки парча мато билан кифояланадилар. Бировдан бировнинг ҳеч қандай фарқи қолмайди. Подшоҳ ҳам, гадой ҳам, ёш ҳам, қари ҳам, кучли ҳам, кучсиз ҳам, бой ҳам, камбағал ҳам эҳромда, бош яланг, Аллоҳнинг ҳузурида ўзини хор тутади. Демак, шундай бўлса, Қурайш қабиласининг ёки бошқа кишининг ўзини юқори тутиши, Арафотда одамлардан имтиёзли бўлиб, алоҳида туришлари ҳеч тўғри келмайди. Улар ҳам барча билан баробар туришлари ва одамлар қайтиб тушган жойлардан тушишлари керак.

«Сўнгра одамлар қайтиб тушган жойдан тушинглар».

Шу билан бирга, аввал ўзларидан ўтган гуноҳлар, адашиб-улоқишлар учун Аллоҳга истиғфор айтиб, гуноҳларини кечиришини сўрашлари керак:

«Ва Аллоҳдан мағфират талаб қилинглар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир».

Аллоҳ таоло ҳажда юрган бандаларини истиғфор айтишга буюрмоқда. Ҳаж қилдим, гуноҳим ювилди, деб ғурурга кетмасин. Мана шундай улуғ мақомда ҳам ўзида камчилик сезсин. Истиғфор айтиш улкан бахту саодатга ҳам эриштиради. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом: «Ким истиғфор айтишни ўзига лозим тутса, Аллоҳ унинг мушкулини кушойиш қилади, оғирини енгил қилади ва ўзи ўйламаган томондан ризқ беради», – деганлар.

Имом Насафий ривоят қилишларича, жоҳилият даврида одамлар ҳаж амалларини бажариб бўлганларидан сўнг Мино билан тоғнинг орасига туриб олиб, ота-боболарининг фазилатларини санар эдилар ва машҳур кунлар ҳамда уларда бўлиб ўтган ишларни эслар эдилар.

Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

«Жоҳилият аҳли ҳаж мавсумида «Отам кишиларга таом берар эди, тўловини тўлар эди», – деб оталарининг ишларидан бошқа нарсани зикр қилмас эдилар. Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссолату вассаломга оят нозил қилди», – дейдилар. Қуйидаги оят ана шу оятдир:

ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ

Ибодатларингизни тугатганингизда Аллоҳни оталарингизни эслагандек, балки ундан ҳам кучлироқ зикр қилинг. Одамлардан баъзилари: «Роббимиз, бизга бу дунёда бергин», – дейдир ва охиратда унга насиба йўқдир (Бақара сураси, 200-оят).

Ота-боболарининг қилган ишлари билан фахрланиш, мақтаниш бекорчи, қўлидан бир иш келмайдиганларнинг ишидир. Ислом дини эса мусулмонлар елкасига бутун дунё бахти учун курашиш масъулиятини юклаган. Шунинг учун ҳам, ҳаж ибодатларини адо этиб бўлгандан сўнг ота-боболарни эмас, уларга бундай улкан масъулиятни юклаган Аллоҳ таолони эслаш ва Ундан ёрдам, яхшиликларни сўрашга амр бўлмоқда:

«Ибодатларингизни тугатганингизда Аллоҳни оталарингизни эслагандек, балки ундан ҳам кучлироқ зикр қилинг».

Аллоҳни эслаган одам албатта Ундан бирор нарса сўрайди. Лекин сўраш ҳар хил бўлади:

«Одамлардан баъзилари: «Роббимиз, бизга бу дунёда бергин», – дейдир».

Яъни фақат бу дунёнинг нарсаларини сўрайди. Жумладан, ҳажга келган қавмлардан баъзилари: «Аллоҳим, бу йилни ёмғирли қилгин, яхши болалар туғиладиган йил қилгин», – деб дуо қилар эканлар. Аллоҳ таоло ундай кишиларнинг ишлари нотўғри эканини баён қилиб:

«...ва охиратда унга насиба йўқдир», – дейди.

Кейинги оятда эса ҳажда Аллоҳни зикр этгандан кейин қилинадиган дуони ўргатади:

ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ

Ва улардан баъзилари: «Роббимиз, бизга дунёда ҳам яхшилик, охиратда ҳам яхшилик бергин ва бизни олов азобидан сақлагин», – дейдир (Бақара сураси, 201-оят).

Бу дуо мусулмонларнинг дуосидир. Улар Аллоҳ таолодан икки дунёнинг яхшилигини сўрайдилар. Чунки Ислом дини икки дунёнинг ободлигига чақиради. Динсизу худосизларга ўхшаб, фақат бу дунёнинг ҳой-ҳавасини сўрамайдилар. Ёки баъзи тоифаларга ўхшаб, фақат охиратни ўйлаб, бу дунёни эсдан чиқармайдилар.

Бу дуода юксак одоб ҳам ёрқин кўриниб турибди. Сўраладиган нарсани тайин қилиб, номини айтмасдан, умумий қилиб «яхшилик» деб айтилмоқда. «Яхшилик»нинг нималигини Аллоҳ таолонинг Ўзи яхши билади.

«Тафсири Ҳилол» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Бухорий улуғ саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расули Акрам соллаллоҳи алайҳи васаллам .Икки сўз тилга енгил, тарозида давоми...

2163 13:30 / 17.08.2019
Жаҳаннам дарвозаларининг номлари Аллоҳ барчамизни ундан асрасинБиринчи дарвоза Жаҳаннам.Иккинчи дарвоза Саъийр.Учинчи дарвоза Лазо.Тўртинчи дарвоза давоми...

7244 08:00 / 07.04.2019
Бир киши Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумога .Фалончи сизни ғийбат қилди,, деди. Ҳасан шундай деди .Сен мени яна бир машаққатга қўйдинг энди мен Аллоҳдан ўзим учун давоми...

1733 08:00 / 30.06.2020
Бишр Ҳофийнинг синглиси Имом Аҳмаднинг олдига бориб, шундай дедиndash Биз кечаси билан тўқувчилик қилиб, тирикчилик қиламиз. Баъзан Бағдод волийларининг Бану давоми...

2622 08:11 / 23.03.2021
Аудиолар

121330 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42839 14:35 / 11.08.2021