1445 йил 10 зулқаъда | 2024 йил 18 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аҳли китобнинг сўйгани ҳалолми?

09:20 / 07.08.2019 2577 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Аллоҳ таолонинг «Устида Аллоҳнинг исми зикр қилинган нарсадан енг!» ва «Устида Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар» деган қавллари ҳақида қуйидагилар ривоят қилинади:

«Иккиси насх қилиниб «Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир» қавли ила ундан аҳли китобнинг сўйгани истисно қилинди».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятдаги Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг «насх қилиниб» деган гапларидан бекор қилинди, амалдан қолди деган маъноларни тушуниш керак эмас. Чунки саҳобаи киромлар «насх» сўзини бир неча маъноларда, жумладан, истисно маъносида ҳам ишлатганлар.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Устида Аллоҳнинг исми зикр қилинган нарсадан енг!» ва «Устида Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар» деган оятларни нозил қилганидан кейин Аллоҳ таолонинг номини айтмай сўйилган ҳайвон гўштини ейиш мутлақо мумкин бўлмай қолган. Кейинроқ «Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир» ояти нозил бўлганидан кейин эса аҳли китоб – насоро ва яҳудийлар сўйган нарсалар юқоридаги умумий ҳукмдан истисно қилиниб, уларнинг сўйишлари Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган бўлса ҳам ҳалол ҳисобланадиган бўлган.

Аллоҳ таоло бу ҳукмни шариатга улкан ҳикматлар юзасидан киритгандир.

Бунинг учун аҳли китобнинг сўйгани ҳалол бўлишини батафсил баён этишга тўғри келади. Чунки бу борада кишилар орасида англашилмовчиликлар анчагина.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

«Бугунги кунда сизларга барча пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир» (Моида» сураси, 5‑оят).

Бу ояти кариманинг аввалида:

«Бугунги кунда сизларга барча пок нарсалар ҳалол қилинди», деб ҳалол-ҳаром масаласида ғайридин миллатлар билан ҳам ўзига хос муомалалар, кенгчиликлар борлиги эслатилиб, бу ҳақда баъзи ҳукмлар баён қилинмоқда:

«Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир».

Ислом мусулмонларга номусулмонлар билан бирга тинч-омон яшашга рухсат берган. Лекин шунинг ўзи етарли эмас. Модомики, мусулмонлар жамиятда бошқа дин вакиллари билан биргаликда яшар эканлар, табиийки, ўртада турли шаклда яқин алоқалар бўлиши, ўзаро борди-келди қилишлари мумкин. Шундан келиб чиқиб, мусулмонларга аҳли китобларнинг сўйган сўйишлари ҳалол қилинган.

Бу оятда «таом» сўзи қўлланган, аммо ундан аҳли китобларнинг барча таомлари, жумладан, чўчқа ёки бошқа ҳаром ҳайвонларнинг гўшти, ароққа ўхшаш ичимликлари ҳам ҳалол экан-да, деб тушунилмаслиги керак. Бу нарсаларнинг ҳаромлиги ўз-ўзидан ҳаммага маълум.

Асли ўзи ҳалол бўлган бошқа нарсалар ҳақида ҳам аввал айтиб ўтилди.

Демак, бу ерда гап гўшти асли ҳалол бўлган ҳайвонлар аҳли китобларнинг динлари асосида сўйилган бўлса, ҳалол бўлиши ҳақида кетмоқда.

Баъзи кишилар «Нима учун «Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир» дейилган экан? Улар Қуръон ҳукмига амал қилишмайди-ку? Ҳалол-ҳаромнинг фарқига ҳам боришмайди-ку», дейишлари мумкин.

Уламо аҳлларимиз бунга жавобан: «Мазкур хитоб мўминларга қаратилган. Бу «Сизлар ҳам уларга ўз таомингиздан берсангиз бўлаверади», деганидир», дейдилар.

Имом ат-Тобароний ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мажусийлар ҳақида гапириб туриб:

«Улар билан аҳли китобларга қилган муомалани қилинглар. Фақат аёлларини никоҳлаб олманглар ва сўйишларини еманглар», деганлар.

Бундан аҳли китоб, яъни насоро ва яҳудийларнинг аёлларига уйланиш ва сўйган ҳайвонларини ейиш жоизлиги келиб чиқади.

Уламоларимиз «Агар мусулмон киши насроний кишининг Ийсо алайҳиссаломнинг номларини айтиб сўяётганини эшитиб қолса, унинг учун ўша сўйилган ҳайвоннинг гўшти ҳаром бўлади», дейдилар.

Агар насроний шахс «Бисмиллаҳ» деса-ю, Ийсо алайҳиссаломни қасд қилса, гўшт ҳалол, чунки бундай ҳолатда зоҳирига қараб ҳукм қилинади.

 «Ҳадис ва ҳаёт» китобидан олинди

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони Каримда Ҳадид сураси бор. Бу сура Мадинада нозил бўлган. Сурада темирни нозил қилингани, унда катта кучқувват ва одамлар учун манфаатлар борлиги зикр давоми...

2223 15:26 / 14.10.2020
Савол Ҳаммамиз қиёматнинг ҳақлигига иймон келтирганмиз. Аммо қиёматдаги ва ундан кейинги нималарга иймон келтирилиши ҳақида кўп нарса билмаймиз. Қиёматнинг давоми...

4057 17:30 / 02.07.2020
Ҳусайн ибн Усмон ва бошқалардан ривоят қилинади Азидуддавла қози Абу Бакр Боқилонийни Рум императорининг олдига борадиган одамлар ичига қўшиб юборди. Император давоми...

3348 08:00 / 01.01.2019
СаволАбу Али ибн Сино ўзининг илмийфалсафий қарашлари сабабли дин арбоблари томонидан кучли танқид қилинган. ҲужжатулИслом имом Fаззолийнинг ҳам Ибн Сино давоми...

4940 18:30 / 05.08.2020
Аудиолар

121554 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43037 14:35 / 11.08.2021